Мақолалар

Бағрикенглик – жамиятнинг ривожи

Чоп этилди Dekabr 4, 2019 Бағрикенглик – жамиятнинг ривожиda fikr bildirishni o'chirish

Бағрикенглик тушунчасини адолат ва сабр тушунчалари билан чамбарчас боғлиқ. Бағрикенглик фақат бардош, яъни бошқа дин вакиллари амалга оширадиган ҳар қандай ишга сабр қилиш эмас. Бағрикенгликнинг асоси – адолат. Жамиятдаги қонун-қоидалар ва ҳуқуқий нормаларни жамият аъзолари орасидаги турли дин, миллат ҳамда ирқ вакиллари орасида бирдек адолат билан қўллаш, бошқаларнинг диний ёки маълум ўзларига хос, қонунга хилоф бўлмаган ҳаракат ва тадбирларига, тутумларига чиройли муносабатда бўлиш, ғазаб ёки нафратни “изҳор” қилмаслик деганидир.

Адолат тушунчасини ривожлантириш ва жамият орасида уни татбиқ қилиш борасида Қуръони Каримда кўп оятлар нозил қилинган. Аллоҳ Таоло: “Дарҳақиқат, Аллоҳ омонатни ўз эгаларига топширишингиз ва одамлар ўртасида ҳукм қилганингизда адолат билан ҳукм қилишингизга буюрар. Албатта, Аллоҳ сизларга яхшигина насиҳат қилур. Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир”, дейди (Нисо сураси, 58-оят).

Бағрикенглик орқали турли миллат ва дин вакиллари орасида муҳаббат уйғонади. Бу эса мамлакат тараққиёти, тинч-тотув ҳаётнинг муҳим асосидир. Ҳадиси шарифда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Имоннинг афзали сабр ва бағрикенгликдир”, деб марҳамат қилганлар.

Бугунги диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар турли миллат ва конфессиялар ўртасида ҳамкорлик, ўзаро ҳурмат ва бирдамлик муҳитини мустаҳкамлаш, конфессиялар, миллатлар ва маданиятлараро мулоқотни қўллаб-қувватлаш ва асраш, юртимизда тинчлик ва тотувликни таъминлашга қаратилган.

Республикамизда турли динларга мансуб қадриятларни асраб-авайлашга, барча фуқароларга ўз эътиқодини амалга ошириш учун зарур шароитларни яратиб беришга, динлар ва миллатлараро ҳамжиҳатликни янада мустаҳкамлашга, улар ўртасида қадимий муштарак анъаналарни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу эса, ўз навбатида, Юрт тинчлиги ва тараққиётига, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади.

Ҳозир мамлакатимизда мусулмонлар билан бирга турли диний конфессиялар вакиллари баҳамжиҳат, ўзаро аҳилликда тинч-тотув ҳаёт кечирмоқда. Бобомиз Алишер Навоий ёзади:

Олам аҳли билингизким, иш эмас душманлиғ,

Ёр ўлунг бир-бирингизгаким, эрур ёрлиғ иш…

Байтда бутун инсоният миллату ирқ, дину мазҳаб каби тафовутлардан қатъи назар тинчликка, тотувликка, ўзаро ҳамжиҳатликка чорлаган. Бу пурҳикмат сўзларга биз авлодлар ҳам амал қилмоғимиз керак.

Илҳомжон ТЎХТАЕВ

“Хожа Бухорий” ўрта махсус ислом билим юрти талабаси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 21-сонидан