Мақолалар

Сабр мусулмоннинг қуролидир

Чоп этилди Dekabr 4, 2019 Сабр мусулмоннинг қуролидирda fikr bildirishni o'chirish

Қуръони каримда: “Албат­та, сабр қилувчиларга (охиратда) мукофотлари беҳисоб берилур”, деб мар­ҳамат қили­на­ди (Зу­мар сураси, 10-оят). Расулуллоҳ сол­лаллоҳу алай­­ҳи ва саллам: “Мў­миннинг ишига ажаблана­ман. Ҳар бир иши ўзи учун яхшилик­дир. Бу фақат мў­минга хос. Се­винтирувчи иш бўлса, шукр қилади, бу унга яхшилик бў­лади. Балога учраса, сабр қилади, бу ҳам унинг учун хайрлидир”, деганлар (Имом Муслим, Имом Доримий, Имом Аҳмад ривояти).

Сабр мусулмоннинг қуро­лидир. Лекин уни ўз ўрнида қўл­лаш зарур. Меҳнат қилма­сак, қашшоқликка рози бўл­сак, Аллоҳ пешонамизга шуни ёз­ган экан, деб муҳтожлик олдида бош эгсак, сабрли са­налмаймиз. .

Ҳақ ва ҳақсизлик олдида сўз­ламай туриш сабрлилик бўлмайди. Китобларда бундай ҳикмат бор: “Ҳақиқатга қарши киши тил­сиз шайтондир”.

Сабр уч турлидир. Агар Аллоҳ­дан бандасининг мо­лига, жонига, фарзандига фа­локат етса ва одамнинг бу бахтсиз­ликларни қайтариш­га куч ва билими кифоя қил­маса, у вақт­­­да рози бўлиб сабр этади. Зил­зила, сув тош­қинлари, уруш­лар вақтида турли қийин­чи­­ликлар­га чи­даш сабр ҳисобланади. Сабр­нинг савобига ишонмаганлар қийинчиликлар олдида умидсизликка тушиб, яшашдан безадилар, улар учун ҳаётнинг лаззати қолмайди.

Қуръони каримда: «Сизлар­ни бироз хавф-хатар, очлик (азоби) билан, молу жон ва мевалар (ҳосили)ни камайтириш йўли билан синагай­миз. (Шундай ҳолатларда) сабр қилувчиларга хушхабар беринг (эй Муҳаммад)! Уларга мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳнинг ихтиёридамиз ва албатта, биз Унинг ҳу­зурига қайтувчилармиз”, – дейдилар», деб амр қили­нади (Бақара сураси, 155–156-оятлар). Демак, одамлар бу оламда ҳа­миша имтиҳон қилинади.

Сабрнинг иккинчи тури фарз, вожиб, суннат ибодат­ларни холис адо этишга чи­дашдир. Иссиқ кунларда оч­лик ва чанқоқликка чидаб рўза тутиш, қисқа тунларда бомдод намозини вақтида ўқиш, ҳаж қилиш, закот бериш, ибодатларни тўла-тўкис адо этишнинг ўзига хос қи­йинчиликлари бор. Уларга чидамай туриб Аллоҳ розилиги­га эришиш мумкин эмас.

Сабрнинг учинчи тури нафснинг ножўя тилаклари ва шайтоннинг ҳийлаларига қарши туришдир. Бу ҳолда одам шайтонга алданиб, Аллоҳ йўлидан адашса, ғоят катта гуноҳга қолади. Ҳар қайси инсон ичида уни но­жўя ишларга ундовчи бир куч бор. Бу нафси аммора дейилади. Бу ҳақда Пайғам­баримиз сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам бундай деганлар: “Ҳақиқий паҳлавон курашда енгган киши эмас. Асл паҳлавон ғазаби келганида ўзини боса олган одамдир” (Имом Бухорий ривояти).

Абдуқаҳҳор ДАДАБОЕВ

Тошкент шаҳридаги “Маъруф ота” жоме масжиди имом ноиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан