Аёллар

Хадижатул Кубро ибрати

Чоп этилди Dekabr 4, 2019 Хадижатул Кубро ибратиda fikr bildirishni o'chirish

Юксак мартаба соҳибаси, аёлларнинг энг ҳурматлиси бўлган Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳо саодат асрининг энг оқила, ибратланарли аёли бўлибгина қолмай, балки қиёматга қадар аёллар учун ўрнак бўлувчи муаллимадирлар.
Бу ва бу оналаримизга ўхшаш бошқа саҳобия оналаримиз умматнинг тарбияси учун Ислом динини етказишда катта хизматлари ила динга улкан хисса қўшганлар ва биз уммати Муҳаммадияга юксак намуна ўлароқ танилганлар.
Айнан шу пок зотлар ҳозирги ва келаси авлод аёл-қизларимиз, хонимларимиз учун шахсий ўрнакнинг энг олий намунаси бўла оладилар.
Биз Хадийжа онамиз розияллоҳу анҳо билан уламоларимиз битган сийратга доир китоблари орқали, аҳли байт ҳақларида ёзилган китоблар ва рисолалар орқали яхши танишмиз. Бу ҳақда тўхталиб ўтмайликда, келинг, биз энди Хадийжа розияллоҳу анҳонинг бир муслима аёл сифатида турмуш ўртоғи олдида қила оладиган ва қилган хизматларини санаб ўтсак.
Бу онамизни яна қатор гўзал ахлоқ ва сифатларини санаб ўтишга ижозат этгайсиз…
Хадийжа розияллоҳу анҳо турмуш ўртоқларини, Сарвари коинотни жуда ҳам севар ва ҳурмат қилардилар. Бу севги ва ҳурмат тўйларидан сўнг кун сайин, ортиб мустаҳкамланиб борар эди. У киши турмуш ўртоқларининг ҳотиржамлиги учун зарур бўлган барча нарсаларни муҳайё қилишга тинимсиз ҳаракат қилар эдилар.
Ваҳий тушиши хабарини Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламдан эшитгач, уларга тасалли ўлароқ шундай дедилар:
“Аллоҳга қасамки, Аллоҳ сизни ҳеч қачон шарманда қилмайди. Албатта сиз, силаи раҳм қилурсиз. Заифга ёрдам берурсиз. Одамлар қилмаган яхшиликларни қиласиз. Меҳмонга зиёфат берасиз. Фалокатга учраганга ёрдам берасиз.”, деди.
Мана шу тасаллилари сабаб ҳам Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам анча таскин топадилар.
Инсоният тарихида энг нозик пайт бўлган ўша кезда у зотнинг жонларига оро кирган бирдан-бир инсон у зотнинг умр йўлдошлари Хадийжа розияллоҳу анҳо бўлдилар…
Бу фаросатли ва заковатли аёл келажакда улуғ ишлар қилиши кутилаётган эри учун ҳар нарсага тайёр эди. У эрининг хурсандчилиги йўлида ўзининг роҳат-фароғатидан, имтиёзларидан, молу мулки ва бор бисотидан кечишга, уларни эри учун сарфлашга ҳар лаҳзада шай эдилар…
Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламга келган рисолатни қабул қилиб олишлари учун ҳам етарли шароит яратиб берган киши ҳам Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо бўлдилар…
Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо биринчилардан бўлиб Исломга кирдилар. У киши Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламнинг жуфт ҳалоллари бўлишлари билан бирга, Аллоҳ таъолога ва Унинг росулига биринчи иймон келтириш шарафига муяссар бўлдилар…
Шу билан бирга, Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо Ислом йўлида улкан хизматлар қилдилар. У киши аввало ўз уйларини куфр ва ширк олами ўртасидаги иймон воҳасига айланиши учун қўлларидан келган барча нарсаларни қилдилар…
Мусулмонлар очлик йилида жонлари азият чекаётган, очликдан вафот этаётган пайтда бор будини Ислом, мусулмонлар учун сарфлаган ҳам Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо эдилар…
Мана шундай улкан жасоратларни кўрсатган эдилар Хадийжа розияллоҳу анҳо…
Ҳа, улар шу қадар оиласини, Сарвари коинотни севиб ва ҳурмат қилардиларки, шу сабабдан Росулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васаллам ҳам уларни севиб ҳурмат қилар эдилар, шу сабабдан улар ҳамма оилаларда топилмайдиган, ноёб ва ажиб ҳисобланган неъматни, сакийнат неъматини туйдилар…
Ҳа, улар Исломга шунчалик фидокорлик қилдиларки, ҳозирги Исломимиз шунчалик юксалишида мана шу “ожиза” аёлнинг қилган хизматларининг ўрни беқиёс…
Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо шу қадар оқила аёл эдиларки, улардан шундай оқила фарзандлар туғилди…
Аллоҳ таоло Хадийжа бинти Хувайлидга кўпгина яхши сифатларни инъом қилган эди. У киши олиҳимматли, ҳассос табиатли, кенг уфуқли, диндор ва покиза аёл эдилар. Хадийжа бинти Хувайлид қурайш аѐллари ичида “Тоҳира” лақабини олган.
Ибн Саъд раҳматуллоҳи алайҳи “Табақот” номли китобида Нафиса бинти Мунайядан ривоят қиладилар: “Хадийжа бинти Хувайлид азму қарорли, кучқувватли, шарафли аѐл эди. Аллоҳ таоло унга карам ва хайр-баракани ҳам ато қилган эди. У ўша пайтда Қурайшнинг энг насаби яхши ва шарафи улуғ аёли эди.”
Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Дунё аёлларининг энг яхшиси Марям бинти Имрондир. Дунё аёлларининг энг яхшиси Хадийжа бинти Хувайлиддир”, деганларини эшитдим”.
Учаласини Икки шайх ва Термизий ривоят қилишган
Бу ҳадиси шарифдан Марям бинти Имрон ўз замонларида аёлларнинг энг афзали бўлганлари ва шунга ўхшаб Хадийжа бинти Хувайлид ҳам ўзлари яшаган замоннинг энг афзал аёли бўлганларини билиб оламиз.
Хадийжа бинти Хувайлид розияллоҳу анҳо жамиятда ҳам ўзларининг мавқеъларига эга эдилар, ўша пайтда ўз қавмининг сайидаси, оқила аёли эдилар.
Шу ва яна биз билмаган қатор юксак хулқ-атвор соҳибаси бўлган Хадийжа розияллоҳу анҳо шундай хулқлар ила сифатланган ва хулқланган, икки дунё саодатига етишган эканлар, биз, яъни муслима опа-сингилларимиз ҳам ана шу мақомга чиқишимиз мумкин, керак бўлса шарт ҳамдир! Чунки ҳозирги бизнинг ҳолимиз шуни тақозо этади.
Жамиятимиз Хадийжалар, Оишалар, Фотималарга муҳтож. Ўрнак олиниш керак бўлса, мана шу оналаримиздан ўрнак олинг! Бўлмасам муслима опа-сингилларимиз кимлардан ўрнак, экземпляр оладилар ва олмоқдалар?! Агар уларни етарлича таниганимизда ҳозирги ҳолатимиз бунданда гўзал бўлаар эди. Ишонч билан айта оламанки, ҳар бир муслима аёл-қизлар чин юракдан ул зотга ўхшашликка ҳаракат қилсалар, икки дунё саодатини қўлга киритган бўладилар иншаАллоҳ!

 

 Хадижаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси талабаси Мадина Рамазонова  тайёрлади.