Мақолалар

Кўзгудаги биз

Чоп этилди Fevral 1, 2019 Кўзгудаги бизda fikr bildirishni o'chirish

Гоҳида болаларимнинг ўйинларини кузатаман, гап- сўзларига қулоқ тутаман… Менинг, отасининг хатти-ҳаракат ва сўзларини такрорлаётганидан ҳайратда қоламан:

– Ярамас, ҳозир калтак ейсан, – дейди қизим укасига энг оғир танбеҳимни такрорлаб.

– Сизнинг болангиз эмасман, менга гапирманг, – дейди кенжатойим чорасиз қолганимда энг охири қўллайдиган усулни ўзимга нисбатан ишлатиб.

Дастурхонга ўтирган катта фарзандим басмалани айтгач, қўлларини букиб-ёзиб 11 марта “Ё Раззоқ” калимасини айтади…

Ҳа, шундай! Яхши нарсани ҳам, ёмон нарсани ҳам болалар биздан ўрганишади. Солиҳ ва солиҳа фарзанд тарбиялашни олдимизга мақсад қилиб қўйган эканмиз, эътиқод, ибодат, гўзал ахлоқ, самимият, шукр, эҳсон кабиларни аввало ўзимизда шакллантиришимиз шарт. Гўдакларимизга, Яратганга бандалик қилишни, покиза қалбларига жо айлашимиз керак. Динимиз буюрган амалларни бажариш, қайтарганларидан тийилишни ҳам улар биздан ўрганадилар. Бир мисол:

Ота кичкина қизининг олдида эшигини тақиллатиб келган мажолсиз, касалманд қари тиланчига қаттиқ-қаттиқ гапира бошлади. Шунда маъсум қизалоқнинг унга раҳми келди, отасини тўхтатиб:

– Дадажон, нега бу бечора одамни хафа қиляпсиз? – деди.

Қалби тош қотган ота эса қилаётган амали, айтаётган сўзи бу мурғак вужудни қандай “заҳарлаши”ни ўйлаб ҳам ўтирмай, жавоб берди:

– Қизим, сен бундай одамларнинг кўринишларига алданма! Улар бошқаларга оғирликларини солиб, кун кўришади. Бу қилмишларидан уялишмайди ҳам. Берилган нарсани йиғиб, яна тиланаверишади. Аслида, бизлардан кўра бойроқ, яхшироқ яшашади, деди.

Эшик олдида турган тиланчи ҳақиқатан эҳтиёжманд бўлгани сабаб: “Аллоҳ йўлида хайр қилинг…” дея сўрашда давом этгач, баттар жаҳлланиб, кекса одамни ҳайдаб чиқарди:

– Йўқол бу ердан, уятсиз! Бошқа қорангни кўрмай!

Бу қизалоқ дастлаб ҳиссиётлар оғушида кекса, касалманд одамга ачинган бўлса, ота-онасининг бу каби хатти-ҳаракатларининг таъсирида ҳеч бир муҳтожни эшитмайдиган, ачиниш ҳиссидан йироқ, ҳатто уларнинг изтиробларидан жирканадиган шахс бўлиб етишмайдими?!

Солиҳ зотлар эҳсонни кўпинча ёш болалар қўли билан берганлар. Ана шу йўл билан ёш авлодни инфоқ-эҳсон қилишга ўргатганлар.

Таниқли ислом олими Усмон Нурий бундай ёзади: “Бир гал ниҳоятда муҳим бир ишни амалга ошириш учун эҳсон йиғилаётганди. Марҳум падари бузрукворим Мусо (қуддусаллоҳу сирраҳу) ёнгинасида турган етти-саккиз ёшлардаги болани кузатиб турарди.

Бола бундан хабарсиз ҳолда эҳсон қилаётган мусулмонлар ҳаяжонидан таъсирланибми, қўлидаги бор майда чақаларни қутига ташлади. Буни кўриб, отам уни ёнига чақирди. Бошини силаб, эркалатди. Кейин эса деди:

– Баракалла, болажоним! Боядан бери сени кузатиб тургандим, агар бирор нарса бермаганингда, мени қаттиқ ранжитган бўлардинг! – деди”.

Хулоса ўрнида айтмоқчиманки, болангизни гўзал ахлоққа, хайрсеварликка ўзингиз ибрат кўрсатиб одатлантиринг.

 

Моҳигул АЛИМАТОВА,

Андижон вилояти Марҳамат тумани