Мақолалар

Шайх Субҳининг насиҳати

Чоп этилди Dekabr 6, 2019 Шайх Субҳининг насиҳатиda fikr bildirishni o'chirish

Абдулла бир куни кечаси яна менинг уйимга келди. У ажойиб кўринишда эди. Негадир бу гал тамакисини тутатмади. Туннинг охирида мен шу ҳақда сўрадим. Шунда у менга қуйидаги қиссани сўзлаб берди…

“Ал-Азҳар” олими шайх Субҳи ўзининг ҳаётини мусулмонларни чекишдан қайтариш учун бағишлаган. Мен у ҳақида яхши билганим учун ундан худди вабодан қочгандай қочар эдим. Ҳаётимнинг аксар қисми ашаддий кашандалик билан ўтган ва бу одатини ташлаш хаёлимга ҳам келмасди. Шайх Субҳига кўчада дучлашиб қолсам, йўлни бошқа томонга солиб кетардим.

Аммо бир гал мен ғафлатда қолдим. Мен Маадидаги дўстимникига меҳмонга келгандим. У ерда фаластинлик ёш олим, мусулмон-немис ва Вахатадан келган мисрлик бор эди. Мезбон билан фаластинлик олимни ҳисобга олмаганда, йиғилганларнинг ҳаммаси чекишарди. Шу чоқ эшик тақиллаб қолди.

– Шайх Субҳи! Хуш келибсиз!

Мен бу гапни эшитишим биланоқ, сигаретни ўчириб, қутисини яширдим-да, қўлимни букиб, ўзимни ҳеч нарса билмагандай ўтиравердим. Қолган икки кашанда эса шайхни танимагани учун сигарет тутунини ютиб-чиқаришда давом этаверди.

Шайх ҳам худди ҳеч нарсани сезмагандай, ҳар бир киши билан саломлашишди-да, ўтирди. Таниқли олимнинг фаолиятидан яхши хабардор бўлган фаластинлик ўспирин шу пайт ўша мавзуни кўтарди:

– Шайх, орамизда чекувчилар бор. Сиз уларга насиҳат қилиб қўймайсизми?

Шайх Субҳи илмий фаолият олиб боришдан ташқари, яна парфюмерия савдоси билан ҳам шуғулланарди. У бу ерда меҳмонлиги ва у томондан танбеҳ бериш одобсизлик бўлишини айтди. Шу билан ҳаммаси тугаган бўларди, бироқ, Вахатадан келган мисрлик суҳбатга қўшилди.

– Шайх, ҳар бир одам чекишнинг – ҳаром эмас, балки макруҳ эканлигини, яхши билади…

Мана энди шайх Субҳида жавоб қайтариши учун тўлиқ имкон туғилди. У аста-секин мисрлик билан араб тилида суҳбатлаша бошлади. Йигит аввалига асабийлашиб, ўзини ҳимоя қилди, бироқ, шайх сўзни давом эттиргани сари у секин-аста тинчлана бошлади. Сўнг қаддини букиб, янада диққат билан суҳбатдошига эътибор қаратди. Кейин эса қутидаги сигаретини олиб, гўё муқаддас ваъда бергандек, уни шайх Субҳига узатди. Шайх қутини очиб, ундаги сигаретларни бирма-бир синдиргач, қутини йигитга қайтариб берди. Қолганлар эса бу манзарани таажжуб ва сукунат ичра кузатишмоқда эди.

Биринчи бўлиб немис сўз бошлади:

– Мен йиллар давомида чекишни ташлашга уриниб келаман, лекин ҳеч буни эплай олмаяпман. Сизлар шайхдан ҳозиргина дўстимизга айтган гапларини қайтадан инглиз тилида гапириб беришини илтимос қилмайсизларми?

Шундай қилиб, шайх сўзини қайтадан бошлади. Лекин энди таржимаси билан сўзларди. У чекишга қарши диний ва тиббий далиллардан кўпини таржима қилгач, шундай гап айтдики, бундан мен ниҳоятда ҳайратга тушдим:

– Илгари замонларда, агар одамлар ғам-ғуссага ботадиган бўлсалар, ёнларидан тасбеҳларини олишиб: “Аллоҳ, Аллоҳ” дейишар ва уларнинг қалбига сакинат инар эди, худди Қуръони каримда марҳамат қилинганидек:

Аё, Аллоҳнинг зикри ила қалблар ором олмасми?

Улар Аллоҳнинг номи билан тин олишар ва улардаги руҳий тушкунлик  барҳам топарди. Ҳозирчи, одамлар нима қилишяпти? Улар сигаретни олишади-да, уни тутатишади. Агар зикр қиладиган одамнинг оғзида Аллоҳнинг исми бўлса, сигарет чекувчининг оғзида нима бўлади? Тутун ва олов.

Буни эшитиб, яшириб қўйган сигарет қутисини олдим-да, шайхга узатдим. Ёнимдаги немис ўртоғим ҳам шундай қилди…

 

Майкл Сугичанинг “Hearts Turn” китобидан

 Азизбек ХОЛНАЗАРОВ таржима қилди