Мақолалар

Маййитни таҳорат ва ғусл қилдириш

Чоп этилди Dekabr 6, 2019 Маййитни таҳорат ва ғусл қилдиришda fikr bildirishni o'chirish

Маййитнинг сарири қибла тарафига узунасига қўйилади. Бир ривоятда кўндалангига қўйилади, дейилган. Энг ишончли ривоятга кўра, Имом Сарахсий раҳ­матуллоҳи алайҳи бундай дейдилар: «Ювиш тахтаси ўликни ювиш қай ҳолатда ўнг бўлса, шундай жойлаштирилади». Унинг кафани ва тахтасидан ёқимсиз ҳидларни кетказиш учун уларнинг атрофида тоқ саноқда (уч, беш, етти) хушбўйлик тутатилади. Бундан зиёда қилинмайди. Бунга далил

عَنْ جَابِرٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا أَجْمَرْتُمُ الْمَيِّتَ، فَأَجْمِرُوهُ وِتْرًا. وَفِي رِوَايَةٍ: فَأَجْمِرُوهُ ثَلاَثًا. رَوَاهُ أَحْمَدُ

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Агар маййитларингизга хушбўйлик тутатмоқчи бўлсангизлар, тоқ саноқда тутатинглар», бошқа ривоятда «уч маротаба тутатинглар», деганлар Имом Аҳмад ривояти.

Таҳорат қилдириш

Мурдани таҳорат ва ғусл қилдириш учун икки мусулмон кифоя қилади. Ғассолнинг икки кишидан иборат бўлишлиги мустаҳаб[1] ҳисобланади. Маййитни ғусл қилдиришдан аввал у таҳорат қилдирилади. Мурданинг кийимлари ечиб олинади, аврати авратпўш мато билан ёпилади ва тахта устига ётқизилади. Мурданинг авратига қараш ҳудди тирикларникидек ҳаром ҳисобланади. Маййит авратини беркитишлик шариатимизда вожиб амал ҳисобланади. Ҳаётлик пайтидагидек таҳорат қилди­рилади. Лекин икки қўли ювилмайди. Биратўла юзини ювишдан бошланади. Қўллар тирик инсон учун покловчи вазифасини бажаради, аммо ўликни бошқа киши таҳорат қилдиргани сабабли бунга ҳожат йўқ.

Авратга қараш мумкин бўлмаганидек, ушлаш ҳам мумкин эмас. Шу боисдан авратларни ювувчи киши қўлига латта ўраб олади. Бизнинг диёрларда қўлқоп тикилади ва шундан фойдаланилади.

Имом Абу Ҳанифа ва Муҳаммад (раҳматуллоҳи алай­ҳимо) икковлари: «Ўликнинг истинжо (олд ва орқа) ўринлари нажосатдан холий бўлмайди. Шу боис, тирик­лигида ювиб ташлангани каби, ювиб ташланади, та­насининг бошқа қисмида нажосат бўлса ҳам, шундай қилинади», дейишган.

Таҳорат қилдирилганда оғзи ва бурни чайилмайди. Чунки сув кириб кетса, уни чиқариб олишда қийинчилик юзага келади[2].

Ғассол чап қўлига сурпдан бўлган қўлқоп кийиб, маййитни таҳорат қилдиришга киришади. Авваламбор, маййит истинжо қилдирилади. Сувни қуйишда аврат­пўшнинг бир чети бироз кўтарилиб, сув қуйилади. Истинжо тугагач, қўлдаги қўлқоп – сурп латта ечилиб, тоза қўлқоп кийиб олинади. Дастлаб мурданинг юз қисми уч маротаба ювилади, кейин лаблари ва бурун тешиклари истиншоқсиз (яъни, бурун чайишсиз) ва ғарғарасиз уч маротаба намланиб, суртиб олинади. Қулоқ, бурун тешик­лари кўрсаткич бармоқ билан тозаланади. Сўнгра маййитнинг боши ва соқоли ювилади, икки билаги биргаликда қўшиб ювилади, таҳо­ратнинг охирида икки оёғи ошиқлари билан биргаликда юқорида зикр қилингандай ювилиб, таҳорати адо этилади.

Маййитни ғусл қилдириш

«Салоти Масъудий» китобида айтилишича: «Ҳар киши ўликни ювса, (ювган киши) гуноҳдин пок бўлур». «Кофий» китобида айтилишича: «Ўликни ювмоқ Ҳазрати Одам (у кишига Аллоҳнинг саломи ва салавоти бўлсин) дан қолди. Вақтики Ҳазрати Одам дунёдан ўтганларида, Жаброил алайҳиссалом кўп фаришталар бирла келиб, у зотни ювдилар. Бу амал барча мўмин­ларга намуна бўлди, унга амал қилмоқ вожибдур».

Маййитни ювиш сабаби борасида уламолар ўртасида турли фикрлар мавжуд: баъзилари, маййитнинг бў­ғинлари бўшашгани боис унга етган таҳорат­сизлик сабаб ғусл қилдирилади, дейишади. Зотан, одам фарзанди ўлим туфайли нажосат бўлмайди. Бунга далил:

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنِ النَّبِيّ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: سُبْحَانَ اللهِ، إِنَّ الْمُؤْمِنَ لاَ يَنْجُسُ حَيًّا وَلاَ مَيِّتًا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар: «Мўмин киши тириклик чо­ғида ҳам, вафот этганда ҳам нажосат бўлмайди».

Уни ювинтириш тирикларга фарзи кифоядир, ҳатто мурда сувдан топилган бўлса ҳам. Агар шишиб кетган бўлса, устидан сув қуйилади[3]. Маййитни ювиш чоғида аврати тўсиб қўйилади. Чунки тириклар каби унинг авартига қараш ҳам ҳаром. Эркак кишининг аврати киндигидан тиззасигача бўлган аъзоларидир. Бунга Расу­луллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам Али розияллоҳу анҳуга айтганлари далил.

عَنْ عَلِيٍّ رَضِي الله عَنْه، قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم: لا تَكْشِفْ فَخِذَكَ وَلا تَنْظُرْ إِلَى فَخِذِ حَيٍّ وَلا مَيِّتٍ

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Сонингни очма, тирикнинг ҳам, ўликнинг ҳам тиззасига қарама», дедилар[4].

Шунинг учун эркак киши вафот этган аёл кишини ювиши ёки акси мумкин эмас[5]. Аёл кишини ювишда устига ёпиладиган мато бўйнигача бўлади.

Маййитни ғусл қилдириш учун тўла бадани, кўпроғи ёки боши бўлган ярим бадани бўлиши керак бўлади. Кофир ва бошсиз ярим бадан ювилмайди. Борди-ю, сув топилмаса ёки ювиш узрли бўлса (мисол учун ювилганда бадани титилиб ёки узилиб кетиш хавфи бўлса), ғусл қилдирмасдан, таяммум қилдирилади.

Мабодо, маййит бўлак-бўлак бўлиб кетган бўлса, ўша бўлаклар жой-жойига қўйиб, ювилади. Ғусл қил­дириш жаноза намози учун бўлгани боис бирор аъзога жаноза намози ўқилмайди, у ювилмайди ҳам. Чунки Ибн Масъуд ва Ибн Аббос розияллоҳу анҳумлар: «Аъзога жаноза намози ўқилмайди», дейишган. Бу эса, ювилмаслигига далолат қилади. Суякларнинг ҳукми ҳам ҳудди шундай[6].

Мурда икки хил бўлади: ювиладиган ва ювилмайдиган.

  1. Ювиладиган мурда ҳам икки хилдир:

А) жаноза намози ўқиш учун ювиладигани. Бу мусулмон ҳолида вафот этган кишидир. Бунда унга жаноза намози ўқилиши учун ювилади.

Б) ўлик туғилган бола, у ювилади-ю, жаноза намози ўқилмайди.

  1. Ювилмайдиган мурда. Бунинг ҳам таснифи икки хил:

А) хорлаш ва жазо учун ювилмайдиган мурда. Булар аҳли боғий (подшоҳга қарши чиққан киши) ва йўлтўсар қароқчи кабилар.

Б) ҳурмат ва фазилат юзасидан ювилмайдиган маййит: бу шаҳидлик топган маййитдир.

عَنِ ابْنِ عَبَّاسٍ رَضِي الله عَنْهما قَالَ أَمَرَ رَسُولُ اللَّهِ صَلَّى اللَّهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَوْمَ أُحُدٍ بِالشُّهَدَاءِ أَنْ يُنْزَعَ عَنْهُمْ الْحَدِيدُ وَالْجُلُودُ وَقَالَ ادْفِنُوهُمْ بِدِمَائِهِمْ وَثِيَابِهِمْ. رَوَاهُ أحْمَدُ

Ибн Аббос розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам Уҳуд кунида шаҳидлардан темир асбоблар ва териларни ечиб олишни буюрдилар ва “Уларни қонлари ва кийимлари билан дафн қилинг”, дедилар Имом Аҳмад ривоят қилганлар[7].

Мазкур ҳадисдан шаҳид киши ювилмасдан ва кафанланмасдан, ўша ҳолатида дафн қилиниши олинади.

Маййитнинг мусулмон ёки кофирлиги номаълум бўлиб, унда мусулмонлик белгилари топилса, ювилади. Акс ҳолда, ювилмайди.

Маййитни ғусл қилдирувчи ғассолда қуйидаги шартлар мавжуд бўлиши лозим:

  1. Ислом.
  2. Ният. Мазҳабимиз уламолари: «Ният фарз кифояни соқит қилиш учун шартдир», деганлар.
  3. Ақл.

Шунингдек, ғассол таҳоратли бўлиши лозим. Ғассол маййитнинг яқинларидан бўлиши мустаҳабдир. Яқин­ларидан маййитни ювадиган киши топилмаса, ишонч­ли, тақводор киши тайинланади.

Агар маййитда яхшилик белгилари намоён бўлса, масалан: юзида хурсандчилик аломатлари, хушбўй ҳид таратиши ва шунга ўхшашлар, маййит эгаларига изҳор қилинса, нур устига нур бўлади, чунки бу Исломга хос одоблардандир[8]. Борди-ю, ғассол маййитнинг нуқсон-камчиликларини, маййитнинг юзи қорайиб, бадбўй ҳид тарқатганини, аъзолари ўзгар­ганини кўрса, пинҳон сақлаши лозим. Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам марҳамат қилиб айтганларки:

عَنْ عائِشَةَ رَضِي الله عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ النَّبِيُّ صَلَّى الله عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: لاَ تَسُبُّوا الأمْوَاتَ، فَإنَّهُمْ قَدْ أَفْضَوْا إلَى ما قَدَّمُوا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай дедилар: «Ўз марҳумларингизни таҳқирламанглар. Улар нима бўлса ҳам ўзларидан олдин озиқларини юборган эдилар» Имом Бухорий ривояти.

Умуман, маййитдан айб қидирмоқ, нафратланиш, уни таҳқирлаш, мусулмон киши шаънига тўғри келмайди.

وَعَنْ ابْنِ عُمَرَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُمَا قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: “اذْكُرُوا مَحَاسِنَ مَوْتَاكُمْ وَكَفُّوا عَنْ مَسَاوِيهِمْ”. رواه أبو داود والترمذي

Ибн Умар розияллоҳу анҳумодан ривоят қилинади:

“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ўлик­ларингизнинг яхшиликларини зикр қилинглар, ёмонликларидан тийилинглар», деб айтдилар” Имом Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган[9].

عَنْ أَبِي رَافِعٍ أَسْلَمَ مَوْلَي رَسُولِ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: مَنْ غَسَّلَ مَيْتًا فَكَتَمَ عَلَيْهِ، غَفَرَ اللهُ لَهُ أَرْبَعِينَ مَرَّةً. رَوَاهُ الْحَاكِمُ.

Абу Рофеъ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: «Ким бир маййитни ювиб, унинг айбларини беркитса, Аллоҳ таоло уни қирқ марта мағфират қилади», дедилар» Имом Хоким ривояти[10].

Маййитнинг таҳорати тугагандан кейин, уни сидр[11] ёки ҳизр[12] қўшилган иссиқ сув билан ғусл қилдириш, яъни ювишга киришилади. Зеро, Расулуллоҳ соллал­лоҳу алайҳи ва саллам қизлари Зайнаб розияллоҳу ан­ҳони ва ҳажда вафот этган муҳримни сидр қўшилган сув билан ювишга буюрганлар. Бизнинг диёрларда эса, ҳозирги вақтда сидр топилмаса, унинг ўрнини босадиган бирон хушбўйлик ишлатилади. Баъзи вилоятларда маййит ювиладиган сувга Ёсин сурасини ўқиб, кейин ювилиши урф бўлган. Бу шарт эмас. Чунки бу борада бирор оят, ҳадис ёки манбада кўрсатма кел­маган.

Маййитни ювиш инсонлар кўзи тушадиган жойдан йироқ ўринда ёки бирор хонада бажарилиши зарур. Авваламбор, ғусл маййитнинг ўнг тарафидан бошланади. Бунга қуйидаги ҳадис далил бўлади:

عَنْ حَفْصَةَ بِنْتِ سِيرِينَ عَنْ أُمِّ عَطِيَّةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فِي غَسْلِ ابْنَتِهِ: ابْدَأْنَ بِمَيَامِنِهَا وَبِمَوَاضِعِ الْوُضُوءِ مِنْهَا. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Ҳафсадан ривоят қилади, у киши Умму Атия рози­яллоҳу анҳодан:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам қиз­ларини ювиш борасида бундай дедилар: «Ювишни ўнг тарафдан, таҳорат ўринларидан бошланглар» Имом Бухорий ривояти[13].

Ювишни ўнг тарафидан бошлаш учун мурда чап ён тарафи билан ётқизилади, шунда ўнг қўл тарафи баландда бўлади:

Ювиш бош қисмидан бошланиб, ўнг кафти билан сув қуйилиб, то оёқлари панжасигача давом эттирилади. Сув қуйилган аъзолари яхшилаб ишқаланади. Бирон – бир аъзога сув тегмасдан ва ишқаланмасдан қолмаслиги керак. Қултиқ остига ҳам сув етказиб, иш­қаланади. Шу тариқа уч маротаба такрорланади. Сўнгра мурда оҳиста ўнг ёнбоши билан ёткизилади. Ўнг тарафни ювишдаги амаллар чап тарафни ювишда ҳам уч маротаба такрорланади. Биринчи марта ювилганда илиқ сув билан, иккинчи мартасида сидр қўшилган сув билан, учинчи мартасида эса, кофур[14] (бундай ўсимликларни топишнинг имкони бўлмаса, бундан бошқа хушбўйлик ишлатиш жоиз) қўшилган сув билан ғусл қилдириш мандубдир[15]. Ибн Масъуд розияллоҳу анҳу­дан ривоят қилинишича, маййитни аввал ҳеч нарса қўшилмаган илиқ сув билан, кейин сидр қўшилган сув билан, ундан сўнгра кофур қўшилган сув билан ювилади, деганлар. Аммо топишнинг иложи бўлмаса, энг яхшиси, тоза илиқ сув ишлатилади. Ўнг ва чап тарфларни ювганимизда сув миқдори маййит ётган тахтагача етиб бориши лозим.

Кейин маййит оҳиста ўтқазилган ҳолда, йиқилмас­лиги учун суяб, ушлаб турилади. Ғассол маййитнинг қорни устидан қўли билан оҳиста сийпалайди.

Сийпалаш жараёнида маййитдан чиққан нажосат ювиб, тозаланади. Қайтадан таҳорат ва ғусл қилдирил­майди. Нажосат чиққан аъзонинг фақат ўзигина нажосатдан пок этилади. Сўнгра кафан нам бўлмаслиги учун тоза, қуруқ сочиқ билан маййит аъзолари артилади.

Маййитнинг сочлари, соқол – мўйлаблари, тирноқ­лари, қўлтиқ ости ва аврат туклари олинмайди. Сажда ўринларига кофур, ҳанут[16] кабилардан ёки шунга ўхшаш хушбўйлик суртилади. Имом Сарахсий раҳ­матуллоҳи алайҳи айтадилар: «Сажда ўринлари деганда, пешона, икки қўл, икки тизза, иккита қадам (оёқ­нинг тўпиқдан пастки қисми), тушунилади. Хушбўй­ланиш – суннат ва азизликдир. Бош ва сажда ўринлари улар билан сажда қилингани боис ҳурматлаш ва эъзозлашга энг ҳақли аъзо­лардир. Бу борада Убай ибн Каъб розияллоҳу анҳу ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бундай марҳамат қиладилар:

عَنْ أُبَيْ ابْنِ كَعْبٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: كَانَ آدَمُ النَّبِيُّ عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ رَجُلاً أَشْعَرُ طُوَالاً كَأَنَّهُ نَخْلَةُ سَحُوقٍ، فَلَمَّا حَضَرَهُ الْمَوْتُ، نَزَلَتِ الْمَلآئِكَةُ بِحَنُوطٍ وَكَفَنٍ مِنَ الْجَنَّةِ. فَلَمَّا مَاتَ – عَلَيْهِ الصَّلاَةُ وَالسَّلاَمُ – غَسَلُوهُ بِالْمَاءِ وَالسِّدْرِ ثَلاَثًا، وَجَعَلُوهُ فِي الثَّالِثَةِ كَافُورًا، وَكَفَّنُوهُ فِي وِتْرٍ مِنَ الثِّيَابِ، وَحَفَرُوا لَهُ لَحَدًا، وَصَلُّوا عَلَيْهِ، وَقَالُوا: هَذِهِ سُنَّةُ وَلَدُ آدَمَ مِنْ بَعْدِهِ.

وَفِي رِوَايَةٍ قَالُوا: يَا بَنِي آدَمَ هَذِهِ سُنَّتُكُمْ مِنْ بَعْدِهِ، فَكَذَلِكُمْ فَافْعَلُوا. رَوَاهُ الْحَاكِمُ وصَحَّحَهُ.

«Одам (у кишига Аллоҳнинг саломи ва салавоти бўлсин)нинг баданлари узун тукларга тўла эди. Гўёки баланд хурмо дарахтига ўхшардилар. Ўлим онлари яқинлашганда фаришталар жаннатдан ҳанут ва кафан олиб келишди. Жонлари узилгач, сидр[17] қўшилган сув билан уч маротаба ювиб, уч маротаба кофур суртиб, тоқ саноқдаги кафанга ўраб, лаҳад (бизнинг диёрлардагидек – айвонли қабр)га дафн қилишди. Сўнгра жаноза намозини ўқишди. Мана шу тарзда дафн қилиш Одам алайҳиссалом фарзандларига суннат бўлиб қолди»[18].

Яна бошқа бир ривоятда бундай дейилган: «Ўшанда фаришталар: «Эй Одам алайҳиссалом болалари, мана бу кўрганларингиз ундан кейин сизларга суннат бўлсин. Ҳудди шундай йўл тутинглар», деб айтганлар». Бу ҳадисни Имом Ҳоким роҳматуллоҳи алайҳи саҳиҳ, деганлар.

عَنْ مُحَمَّدٍ ابْنِ سِيرِينَ، عَنْ أُمِّ عَطِيَّةَ الأَنْصَارِيَّةِ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ: دَخَلَ عَلَيْنَا رَسُولُ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ حِينَ تُوُفِّيَتِ ابْنَتُهُ فَقَالَ: اغْسِلْنَهَا ثَلاَثًا أَوْ خَمْسًا أَوْ أَكْثَرَ مِنْ ذَلِكَ إِنْ رَأَيْتُنَّ ذَلِكَ، بِمَاءٍ وَسِدْرٍ، وَاجْعَلْنَ فِي الْآخِرَةِ كَافُورًا أَوْ شَيْئًا مِنْ كَفُورٍ، فَإِذَا فَرَغْتُنَّ فَآذِنَّنِي. فَلَمَّا فَرَغْنَا آذَنَّاهُ فَأَعْطَانَا حِقْوَهُ فَقَالَ: أَشْعِرْنَهَا إِيَّاهَا. تَعْنِي إِزَارَهُ. رَوَاهُ الْبُخَرِيُّ

Умму Атийя розияллоҳу анҳонинг ҳам бу борада ривоятлари бор: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бизнинг ҳузуримизга кириб келганларида, вафот этган қизларини (яъни, қизлари Зайнаб рози­яллоҳу анҳони) ғусл қилдираётган эдик. Бизга: «Уни уч ёки беш марта ёки ундан-да кўпроқ ювинтиринглар. Албатта, бу ишни сидр қўшилган сув билан амалга оширинг. Охирида кофур ёки кофурга тегишли бирор нарса билан хушбўйлантиринглар. Тугатгач, менга хабар берасиз», дедилар. Биз иш­ни якунлаб ул зот соллаллоҳу алайҳи ва салламга хабар бердик. Бизга изорларини бериб, буни унга кўйлак қилинглар, дедилар».

وَفِي حَدِيثِ حَفْصَةَ: اغْسِلْنَهَا وِتْرًا ثَلاَثًا أَوْ خَمْسًا أَوْ سَبْعًا. ابْدَأْنَ بِمَيَامِنِهَا وَبِمَوَاضِعِ الْوُضُوءِ مِنْهَا.

Бошқа бир ҳадисда: «Уни тоқ саноқда ғусл қилди­ринг­лар: уч ёки беш, ёки етти маротаба. Ювишни ўнг тарафдан таҳорат ўринларидан бошланглар», деганлар. Имом Бухорий ривояти.[19]

Маййитнинг тирноқлари кесадиган даражада ўсган бўлса, тирноқларини олиб ташлашнинг зарари йўқ. Агар ундай бўлмаса, олинмайди. Ҳудди шундай мўй­лови ҳам қисқартирилмайди, қўлтиқ ости туклари олинмайди, бошқа жойлари ҳам шундай. Сочлари таралмайди. Чунки Оиша розияллоҳу анҳо вафот этган бир аёлнинг сочини тароқ билан тарашаётганини кўриб, норозилик билдирганлар. Шунингдек, бу ишларнинг барчаси зийнатланиш учундир. Маййит эса, бундай ишлардан бе­ҳожат[20]. Лекин аёл кишининг сочи ўрим қилинади.

Агар вафот топган гўдак ўғил бола ва гўдак қиз шаҳ­ват ёшига етмаган бўлсалар, ҳудди балоғатга етганлар каби ювинтирилади. Лекин таҳорат қилдирилмайди. Хушсиз, беақл гудаклар вафот топса, болалардек ғусл қилдирилиб, таҳорат қилдирилмайди ва жаноза намози ўқилиб, дафн этилади.

Агар гўдак туғилгандан кейин йиғлаган бўлса, исм қўйилиб, ювилиб, унга жаноза намози ўқилади, у мерос олади, агар мол-мулки бўлса, моли меросхўрларга бў­либ берилади. Агар овоз чиқариб йиғламаган бўлса, юқо­ридаги ишлар унга қилинмайди. Чунки гўдакнинг йиғиси тириклигининг аломатидир. Лекин ювилади, кафанланади, ҳанут суртилади. Аммо жаноза намози ўқилмайди[21].

عَنْ عَلِيٍّ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ قَالَ: سَمِعْتُ رَسُولَ اللهِ صَلَّي اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ يَقُولُ فِي السِّقْطِ: لاَ يُصَلَّي عَلَيْهِ حَتَّي يَسْتَهِلَّ، فَإِذَا اسْتَهَلَّ صُلِّيَ عَلَيْهِ، وَعَقَلَ، وَوَرِثَ. رَوَاهُ التِّرْمِذِيُّ والْحَاكِمُ وَصَحَّحَ بَعْضَ طُرُقِهِ.

Али розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам чала тушган бола ҳақида бундай деганларини эшитганман: «Овоз чиқариб йиғламас экан, унга (жаноза) намоз ўқилмайди. Агар овоз чиқариб йиғласа, намоз ўқилади, мерос олади» Имомлар Термизий, Ибн Можа, Насоий, Ҳоким ривоят қилишган[22].

Тушиб қолган боланинг аъзолари кўринган бўлса, ювилади, кафанланади, ҳанут суртилади. Аммо жаноза намози ўқилмайди.

Эҳромдаги киши эҳром киймаган киши каби таҳорат ва ғусл қилдирилади. Чунки эҳром ҳукми ўлим билан ўз ниҳоясига етади.

Аёл ўз эрини ювинтириши мумкин, эҳромда бўлса ҳам, рўзадор бўлса ҳам. Шарти – эр-хотин ўрталаридаги никоҳ батамом тугамаган бўлиши керак. Аммо эр ўз аёлини ювинтира олмайди.

«Салоти Масъудий» китобида айтилган: «Агар эри ўлса, хотуни ювинтириши мумкин, зероки, Абу Бакр Сид­диқни хотунлари Асмо бинти Ўмайс ювди. Ҳазрати Оиша розияллоқу анҳо муни кўриб, бундай дедилар: «Буни илгари билсам эди, Расули Худони ўзум ювар эрдим».

Агар эркак хотинини ражъий талоқ қилган бўлса, у хотин эрини ювса бўлади. Агар боин талоқ қилган бўлса, юва олмайди. Агар хожаси ўлса, чўриси юволмайди, зероки, хожадан қолса, бировга мерос бўлади. Агар хотин эрининг ўғлини шаҳват бирла ушласа, бизнинг уламолар наздида, эрини юволмайди.

Агар эркак эҳром боғлаган ё эътикофда бўлса, хотини юва олмайди, зероки, бу вақтда ушламоқ ҳаромдур.

Маййит аёл киши бўлиб, уни ювинтирадиган аёл топилмаса, уни маҳрами таяммум қилдиради. Борди-ю, маҳрами топилмаса, бегона эркак киши қўлига бирор латта ўраб олиб, таяммум қилдиради. Аёллар орасида вафот этган эркак кишининг ҳам ҳукми шундай.

Маййитнинг боши ва соқоли хитмий билан ювилади. Чунки у кирни яхши кетказади. Хитмий топилмаса, ўрнига совун ишлатса ҳам бўлаверади[23].

Агар маййитни ювиш учун сув топилмаса, унга таяммум қилинади. Жаноза намозини ўқиб бўлгандан кейин, мабодо сув топилиб қолса, ювиб, қайтадан жаноза намози ўқилади[24].

Маййитни ювиш жараёнида жаҳран дуо қилинмайди ва Қуръон тиловат қилишдан ҳам қайтарилган.

Марҳумнинг қўл ва оёқ тирноқларида бўёқ (лак) бўлса, барча бўёқлар кетказилгандан кейингина ғусл қилдирса бўлади. Агар бирор тирноғида озгина бўёқ (лак) қолган ҳолда ғусл қилдирилиб, жаноза ўқиладиган бўлса, ғусли ҳам, жанозаси ҳам жоиз эмас. Ғассолларнинг зиммасидан ғусл, намозхонларнинг зиммасидан эса жаноза соқит бўлмайди («Аҳсанул фатово»).

Ҳозирда баъзи жойларда маййитни ювган ғассол юзини беркитиб, ҳеч кимга кўринмасдан, чиқиб кетиши керак, деган гаплар юради ва шунга амал ҳам қилиб келинади. Бу бирор далил ва ҳужжатсиз қилинаётган бидъат амаллардан ҳисобланади. Зотан, бу борада диний манбаларимизнинг бирортасида кўрсатма келмаган.

 

[1] Мустаҳаб – қилса, савоб, қилмаса, гуноҳ бўлмайдиган амал.

[2] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз, 430-бет.

[3] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз. 428-бет.

[4] Аҳмад ибнул Ҳусайн Байҳақий. “Ас Сунанул Кубро”. Ҳиндистон. Ҳайдаробод. “Маорифун-низомия”. 1-босма 1344ҳ. й. 2-жуз, 228-бет.

[5] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. Ўша манба, 430-бет.

[6] Алоуддин Косоний. «Бадоиус-саноий фи тартибиш-шароиъ». Байрут: «Дорул-кутубил-илмийя». 2003, 2-жуз, 314-бет.

[7] Имом Аҳмад ибн Ҳанбал. “Муснади Аҳмад”. “Муассасатул рисола” матбааси. 2-босма, 1999, 1-жуз, 499-бет.

[8] «Фатовои оламгирийя». Байрут: «Дорул-кутубил-илмийя». 2000, 1-жуз, 175-бет.

[9] Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ал-Хотиб ат-Табризий. “Мишкатул масобеҳ”. Маййитни ювиш ва кафанлашбоби. Байрут: Мактабатул исломий. 3-босма. 1985, 1-жуз, 378-бет.

[10] Абу Закариё Яҳё ибн Шараф Нававий. «Риёзус-солиҳийн». Тошкент: «Шарқ» нашриёт-матбаа акциядорлик компанияси Бош таҳририяти. 2015, 429–бет.

[11] Сидр – Африкада ўсадиган хушбўй ўсимлик

[12] Ҳизр – араблардаги хушбўй ўсимлик.

[13] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. «Саҳиҳул-Бухорий». Риёз: «Дорус-салом». 1999, 201-бет.

[14] Кофур – тиббиёт ва техникада қўлланиладиган ҳиди ўткир модда ва ундан тайёрланган препарат. У сувга қўшилиб маййитни ювишга ишлатилади. Бунда жасад тез қотади ва тезда айнимайди, хушбўйлигида эса инсон ва фаришталарнинг икроми бор.

[15] Зафар Аҳмад Усмон Таҳонавий. «Эълонус-сунан». Байрут: «Дорул-фикр». 2001, 6-жуз, 2515-бет.

[16] Ҳанут – тиббиётда қўлланиладиган, мушкдан бўлган хушбўй модда.

[17] Сидр – Африкада ўсадиган хушбўй ўсимлик.

[18] Зафар Аҳмад Усмон Таҳонавий. «Эълонус-сунан». Байрут: «Дорул-фикр». 2001, 6-жуз, 2511-бет.

[19] Муҳаммад ибн Исмоил ал-Бухорий. «Саҳиҳул-бухорий». Риёз: «Дорус-салом». 1999, 201-бет.

[20] Бурҳониддин Марғиноний. «Ал-ҳидоя». Покистон: «Идоратул-қуръон вал-улумул-исломия». 2-жуз. 140-бет.

[21] «Фатовои Оламгирийя». Байрут: «Дорул-кутубил-илмийя». 2000, 1-жуз, 174-бет.

[22] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз, 439-бет.

[23] Али ибн Султон Муҳаммад ал-Қори. «Фатҳу бобил-иноя». Байрут: «Дорул-арқам». 1998, 1-жуз, 431-432-433-бетлар.

[24] «Фатовойи Оламгирийя, (Ҳиндийя)». Байрут: «Дорул-кутубил-илмийя». 2000, 1-жуз, 176-бет.

 

 

 

 

 

 

Пўлатхон КАТТАЕВнинг

“Исломда жаноза” китобидан