Мақолалар

ФИРЪАВН ОИЛАСИДАН ЧИҚҚАН МЎМИН

Чоп этилди Fevral 1, 2019 ФИРЪАВН ОИЛАСИДАН ЧИҚҚАН МЎМИНda fikr bildirishni o'chirish

Фиръавннинг нодонлиги

Сеҳргарлар Мусо (алайҳиссалом)нинг пайғамбар экани, Парвардигор бу зотга мўъжиза берганига тўлиқ ишонишгач: “Сажда қилган ҳолларида (ерга) ташландилар. (Сўнгра айтдилар): “Биз оламларнинг Раббига, (яъни) Мусо ва Ҳоруннинг Раббига имон келтирдик” (Аъроф сураси, 120–122-оятлар).

Мусо (алайҳиссалом)нинг ғалабасидан Фиръавн эсанкираб қолди. Уйқусида ҳам, еб-ичарида ҳам ҳаловат қолмади. Бу ҳам етмагандек, сарой аъёнлари: «“(Эй Фиръавн!) Мусо ва (унинг) қавмини Ер (юзи)да бузғунчилик қилишига ҳамда сени ва илоҳларингни (тан олмай) тарк этишига қўйиб берасанми?” дея тинимсиз босим ўтказишмоқда. Охири Фиръавннинг паймонаси тўлди. Ғазаби аланга олди. Сўнг: “Уларнинг ўғилларини (қатлиом қилиб) қириб ташлаб, хотинларини тирик қолдирамиз ва биз улар устидан ғолибдирмиз!” деди» (Аъроф сураси, 127-оят).

Фиръавн барча макр-ҳийлаларни қўллаб бўлса ҳам, Бани Исроил ва Миср аҳлини Мусодан тўсмоқчи бўлди. У қавмига жар солиб деди: “Эй қавмим! Миср подшоҳлиги ва мана бу остимдан оқиб турган дарёлар меники эмасми?! Ахир, кўряпсизларми?! Ёки мана бу ҳозир (мақсадини) очиқ баён қила олмайдиган (тили дудуқ) кимсадан (Мусодан) мен яхшироқ эмасманми?!” (Зуҳруф сураси, 51–52-оятлар).

Фиръавн босиқлик билан: “Эй одамлар! Мен сизлар учун ўзимдан бошқа (бирор) илоҳни билмасман”, деди (Қасас сураси, 38-оят). Сўнг кўп тафтиш қилиб, кўп фикрлаб, сўнг беақлларча: “Бас, эй Ҳомон! Лойни пишириб, (ғишт қуйиб) мен учун бир баланд бурж (минора) бино қил! Шоядки, мен (унинг устига чиқиб) Мусонинг илоҳини кўрсам. Мен уни ёлғончилардан деб ўйламоқдаман”, деди (Қасас сураси, 38-оят).

Ҳомон усталарни тўплаб, лойдан ғишт қуйди ва баланд бир минора барпо этди. Лекин ожиз инсониннг чираниши қаергача ҳам борарди. Ҳомон ҳам, қурувчилар ҳам чарчашди. Лой ҳам, ғишт ҳам тугади. Фиръавн унчалик узоққа етолмади. Ой у ёқда турсин, булутларга, юлдузлар у ёқда турсин, қуёшга ҳам етолмади.

Фиръавннинг умиди сўнди. Уятдан ер ёрилсаю, унинг ичига кириб кетгудек бўлди. Бечора Фиръавн! Наҳот у юксак осмонлар ва ерни Аллоҳ таоло яратганини билмаса?! “Осмонлардаги, Ердаги ва уларнинг орасидаги ҳамда замин остидаги бор нарса Уникидир” (Тоҳо сураси, 6-оят). “У (Аллоҳ) осмонда ҳам илоҳ, ерда ҳам илоҳдир. У Ҳикматли ва Илмли (зот)дир” (Зуҳруф сураси, 84-оят).

Фиръавн бошқа найранг тополмагач, Мусодан буткул қутулишни режалаштирди. “Мусо ер юзида бузғунчилик ва фасод тарқатяпти”, деган баҳона билан деди: “Менга қўйиб беринг, Мусони ўлдирай. (Қани) у Парвардигорига дуо қилсин-чи (унга нажот берармикан)! Мен (Мусо) сизларнинг динингизни ўзгартириб юборишидан ёки ер юзида бузғунчиликни авж олдиришидан қўрқмоқдаман”  (Ғофир сураси, 26-оят).

 

Фиръавн оиласидан чиққан  мўмин

Фиръавн Мусо (алайҳиссалом)ни ўлдиришни қасд қилганида, оиласидан имонини яшириб юрган бир мўмин туриб: «Бир кишини, “Менинг Раббим Аллоҳдир”, дегани учун ўлдирасизми?! Ҳолбуки, у сизларга Раббингиз томонидан ҳужжатларни келтиргандир», деди (Ғофир сураси, 28-оят).

Фиръавн хонадонидаги мўмин сўзида давом этиб: “Нима учун Мусога тўсқинлик қилмоқдасиз? Нима учун унга озор бермоқдасиз?  Имон келтирмас экансиз, уни ўз ҳолига қўйинг. “Агар у ёлғончи бўлса, ёлғони ўзига!” (Ғофир сураси, 28-оят). Унга озор бериб, ёмонлик қилсангиз ва у пайғамбар бўлиб чиқса, ҳолингизга вой бўлади. “Борди-ю, ростгўй бўлса, (у ҳолда) сизларга у ваъда қилаётган (азоблардан) айримлари етиб қолади-ку!!” (Ғофир сураси, 28-оят). Эй биродарлар, бойлигингиз, қувватингиз ва лашкарларингиз билан алданманг. “Эй қавмим, бугун-ку ҳукмронлик сизларники, (шу) ерда ғолибсизлар. Энди, агар бизларга Аллоҳнинг азоби келса, ким бизларга ёрдам берур?!” (Ғофир сураси, 29-оят).

Фиръавннинг жавоби бундай дейиш бўлди: “Мен сизларга фақат ўзим фикр қилаётган нарсани (Мусони ўлдиришни) кўрсатаяпман ва мен сизларни фақат тўғри йўлга етаклайман” (Ғофир сураси, 29-оят).

Мўмин қавмини ёмон оқибат ва золимларнинг хотимасидан огоҳлантириш мақсадида деди: “Эй қавмим! Мен сизларнинг устингизга ҳам худди (ўтган) фирқалар куни (тушиб қолиши)дан қўрқаман. (Улар) Нуҳ қавми, Од, Самуд (қабилалари) ва улардан кейинги (куфр йўлини тутган) кимсаларнинг иши кабидир. Ҳолбуки, Аллоҳ бандалари учун зулм қилишни истамас” (яъни Аллоҳ ўша фирқаларни ҳалок қилиш билан уларга зулм қилгани йўқ, балки улар ўзининг куфру туғёнлари сабабли ҳалокатга мустаҳиҳ бўлдилар)” (Ғофир сураси, 30–31-оятлар).

Кейин у Фиръавн ва қавмдошларини қиёмат куни билан қўрқитди. Қиёмат нима ўзи? У кунда одамлар даҳшатга тушишади, қичқиришади ва жаҳаннам даҳшатидан юз ўгириб қочишади. Аммо уларни Аллоҳнинг азобидан сақловчи бўлмас. “Ўша куни киши ўз биродаридан қочур. Яна онаси ва отасидан ҳам, хотини ва ўғилларидан ҳам (қочур)” (Абаса сураси, 34–36-оятлар). “Бас, қачонки, сур чалинганида (қиёмат бошланганида) ана ўша куни уларнинг ўрталарида (ҳеч қандай) насаблар қолмас ва улар ўзаро савол-жавоб ҳам қила олмаслар.” (Муъминун сураси, 101-оят). «Улар (қабрларидан) чиқадиган кунда (қиёматда) Аллоҳга улардан бирор нарса махфий бўлиб қолмас. “Бугун подшоҳлик кимникидир?” (деб сўраб Ўзи айтур:) “Воҳид (ягона) ва Қаҳҳор (ғолиб) Аллоҳникидир”, дейди» (Ғофир сураси, 16-оят).

Мўмин сўзида давом этиб: “Эй қавмим! Ҳақиқатан, мен сизларга нидолашув кунидан (қиёмат кунидан) қўрқаман. У кунда сизлар юз ўгириб қочурсиз, (аммо) сизлар учун Аллоҳ (азоби)дан сақловчи бўлмас. Кимни Аллоҳ йўлдан оздирса, бас, унинг учун бирор ҳидоятга йўлловчи бўлмас” (Ғофир сураси, 32–33-оятлар).

Яна у: “Аллоҳ сизга неъматлар ато этди. Лекин сиз унинг фазлини билмадингиз,  қадрига ҳам етмадингиз. Қўлдан бой бергач, ачиндингиз. Бу Юсуф пайғамбар (алайҳиссалом)дир. У вафот этгач эса афсусланиб дедингиз: “Субҳаналлоҳ, ҳеч бир пайғамбар Юсуф (алайҳиссалом) каби бўлмайди! Ҳеч бир подшоҳ Юсуф (алайҳиссалом) каби эмас! Ҳеч қачон у каби зот келмайди!”

«Дарвоқе, илгари Юсуф сизларга (аждодларингизга) ҳужжатларни келтирганида ҳам сизларга келтирган нарсаларга шак (ва шубҳа)да қаттиқ туриб олган эдингиз. Қачонки, у ҳалок бўлганида эса: “(Энди Юсуфдан) сўнг Аллоҳ сира пайғамбар юбормас”, дедингиз», (Ғофир сураси, 34-оят). Бу пайғамбардан сўнг ҳам худди шундай қиласиз! Надомат чекасиз!

 

Мўминнинг насиҳати

Мўмин қавмдошларига астойдил ва дўстона панд-насиҳат қилди: “Эй қавмим! Менга эргашингиз! Мен сизларни тўғри йўлга етаклайман” (Ғофир сураси, 38-оят).

Мўмин одамларни дунё ҳаёти билан маст-аласт юришганига амин бўлди. Фиръавн молу давлати ва куч-қуввати билан мағрур, алданган. Лекин бу ҳаёт ширин хаёллар олами ва бу дунё завол топиб, йўқ бўлувчи соя кабидир. Мана шу дунё мастлиги одамларни Мусо (алайҳиссалом)га эргашишдан тўсиб турганини у билди. Чунки улар дунё мастлиги билан маст-аласт эдилар. Зеро, маст кишининг ҳуши ўзида бўлмайди. Улар на эшитади ва на ҳис этади. Мана шу сабаб Мусонинг овозини эшитишмаяпти. Мўмин қавмини шу ғафлатдан уйғотишга қасд қилди: “Эй қавмим! Бу дунё ҳаёти фақат бир (арзимас) матоҳдир. Албатта, охиратгина (мангу) барқарорлик диёридир.”, деди (Ғофир сураси, 39-оят).

Жоҳил одамлар мўминни куфр, ширк ва ота-боболари динига қайтаришга уринишди.  Агар уларга: “Аллоҳга келингиз!” деса, улар: “Ота-боболаримиз динига қайт”, дейишарди.

Қавмдошлари ҳадеб залолатга чақиравергач, мўмин: “Эй қавмим! Нега мен сизларни нажотга (жаннатга) чорласам, сизлар мени дўзахга чорламоқдасиз?! Сизлар мени Аллоҳга кофир бўлишга ва ўзим билмайдиган нарсаларни Унга шерик қилишга чақирмоқдасиз. Мен эса сизларни Азиз (қудратли) ва Ғаффор (ўта мағфиратли зот)га (имон келтиришга) чорламоқдаман, деди (Ғофир сураси, 41–42-оятлар).

Мўмин даъватида давом этиб деди: “Олиҳаларингиз тарафидан бирон-бир пайғамбар келдими? Қайси китоб нозил бўлди? Ким унга даъват қилди? “Сизлар Уни қўйиб, ўзларингиз ва ота-боболарингиз атаб олган номлар (бут-санамлар)гагина сиғинаяпсиз. Уларга Аллоҳ бирор ҳужжат туширмаган бўлса?!” (Юсуф сураси, 40-оят).

Иброҳим ва Юсуфлар (алайҳимуссалом) ва мана бу эса Мусо (алайҳиссалом)… фақат Аллоҳга даъват этганлар. Зеро ҳар бир нарса Парвардигорнинг борлигига далолат қилади. Борлиқнинг барча томонидан ёлғиз Унга даъват келади: “Шубҳа йўқки, албатта, сизлар мени (ибодат қилишга) чақираётган нарсаларингиз на дунёда ва на охиратда (ҳеч кимни) даъват қила олмас. Албатта, (барчамизнинг) Аллоҳга қайтишимиз бордир. Дарҳақиқат, ҳаддан ошувчилар – ўшаларгина дўзах аҳлидирлар.” (Ғофир сураси, 43-оят).

Қавмининг ҳидоятга келишидан буткул ноумид бўлиб уларни беақлликларидан зериккан мўмин деди: “Ҳали бошингизга азоб тушганда сўзларимни эслайсиз. Ўзимни ва ишимни Парвардигорга топширдим. Зеро, Аллоҳ таоло бандаларини кўриб туради”.

Дарғазаб Фиръавн малайлари мўминни ўлдиришга қарор қилишди. “Бас, Аллоҳ у (имон келтирган киши)ни уларнинг ёмон макрларидан сақлади ва Фиръавн зодагонларини ёмон азоб ўраб олди” (Ғофир сураси, 45-оят).

 

Абул Ҳасан Надавийнинг “Пайғамбарлар қиссалари” асаридан

Юлдуз КОМИЛОВА таржимаси.