Мақолалар

Мажлис одоби

Чоп этилди Dekabr 7, 2019 Мажлис одобиda fikr bildirishni o'chirish

Бу ерда мажлис сўзи кенг маънода ишлатилади. Икки кишининг ўзаро суҳбати ҳам, кўп кишиларнинг машварати ҳам мажлис сўзи билан ифодаланган. Унинг  одоб­ларини қисмларга бўлиб баён қиламиз.

Учрашганида қўл бериб кўришиш

رَوَى ابْنُ السُّنِّي وَأَبُو دَاوُدَ أَنَّ النَّبِيَّ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:” إِذَا الْتَقَى الْمُسْلِمَانِ فَتَصَافَحَا وَحَمِدَا اللهَ تَعَالَى واسْتَغْفَرَا غَفَرَ اللهُ لَهُمَا”

Ибн Сунний ва Абу Довуд ривоят қилади, Набий  (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам):

“Икки мусулмон киши учрашиб, қўл бериб кў­ришса ва Аллоҳга ҳамд, истиғфор айтса, уларни Аллоҳ таоло мағфират қилади”, дедилар.

فِي الْمُوَطَّأِ لِلْإمَامِ مَالكٍ عَنْ عَطَاءٍ الْخُرَسَانِي قَالَ: قَالَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ: تَصَافَحُوا يَذْهَبِ الْغِلُّ (الْحِقْدُ)، وَتَهَادَوْا تَحَابُّوا وَتَذْهَبِ الشَّحْنَاءُ

Имом Молик “Муватто” асарида Ато Хуросонийдан ривоят қилади, Расулуллоҳ  (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ўзаро қўл бериб кўришинглар – нафратланиш йўқолади, ўзаро ҳадя беринглар – муҳаббатли бўласизлар ва гина-кудурат кетади”, дедилар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу ҳадис орқали икки киши учрашганида, аввало қандай кўришиш лозимлиги ҳақида таълим бердилар. Ҳадисга мувофиқ бир-бирига қўл бериб кўришиш тавсия қи­линган. Асрлардан буён маънавияти Ислом таълимоти билан йўғрилган халқимиз кўришиш одобини юксак даражада адо этиб келди. Афсус, бугунги айрим ёшлар, баъ­зан катталар ўртасида ҳам ажабтовур бош тў­қиш­тириш ва шу каби ғайриоддий кўришишлар пайдо бўл­ди. Фарзандлар одоблар сардори бўлган саломлашишда ўзликларини унутиши – бу жуда аянчли ҳол. Ёшларимизга бундай кўришиш миллий ва диний урф-одатга тўғри келмаслигини тушунтириб, уни буткул тарк этишларига эришмоғимиз зарур.

Уй эгаси кўрсатган жойга ўтириш

Хонадон соҳиби меҳмонни қаерга ўтқазишни ре­жа­лаштирган бўлади, шунинг учун бу иш мезбон ихтиёрига ҳавола этилади. Бир ҳадисда: “Уй соҳиби уйдаги нар­саларни билувчидир”, дейилган.

Аллоҳ таборака ва таолонинг қуйидаги оятини яна эслашга тўғри келади:

«Бас, агар у (уй)ларда ҳеч кимни топмасан­гиз­, унда то сизларга изн берилмагунча уларга кир­мангиз! …» (Нур, 28).

Ояти мубийндан маълум бўлмоқда, меҳмон ҳар нар­сада мезбоннинг ишорасига тобе, яъни у нафақат ўти­риш жойида, балки барча ҳолатда ҳам уй соҳибига бўй­суниши лозим. Сўнгра дастурхонга қўйилган овқатни яхши кайфият билан тановул қилиш ва ўз ўрнида овқатни мақташ ҳам лозим. Бу борада яна бир ҳа­дисда: “Ким бир қавмнинг уйига кирса, бас, кўр­сатилган жойга ўтирсин, чунки қавм ўз ҳовлисининг айбини билувчироқ”, дейилган.

Ҳатто меҳмондорчиликдан қайтиш вақтини ҳам уй эгасининг ҳолати ва кайфиятига қараб белгилаш керак.

Ўртада эмас, кишилар қаторида ўтириш

Бу ҳам муҳим одоб саналади. Бир даврага қў­шилган киши, агар ўртада ўтирса, баъзиларга орқа ўгириб қолади. Уларга ноқулайлик туғилиши ёки озор бериш эҳтимоли борлиги учун бундан қай­тарилган. Қуйидаги ҳадиси шариф шу ҳақида:

رَوَى التِّرْمِذِيُّ عَنْ أَبِي مِجْلَزٍ: “ أَنَّ رَجُلًا قَعَدَ وَسَطَ حَلْقَةٍ، فَقَالَ حُذَيْفَةُ: مَلْعُونٌ عَلَى لِسَانِ مُحَمَّدٍ أو لعن الله علَى لسان محمّد صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ مَنْ قَعَدََ وَسَطَ الْحَلْقَةِ”

Имом Термизий Аби Мижлаздан ривоят қилади:

«Бир киши ҳалқанинг ўртасига ўтирди. Шунда Ҳузайфа: “Ҳалқа ўртасига ўтирган кишини Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) лаънатлаганлар”, деди».

Ушбу мажлисда кенг жой бўлгани назарда тутилган. Аммо тор жойдаги мажлисда одамлар ўртага ўтиришга мажбур бўлса, бундай вазиятда ҳеч бир зарар йўқ. Имконият ўта чегараланган ҳолатларда тақиқ­ланган ўринда ўтиришга ҳам баъзи масалаларда рухсат этилган. Чун­ки динимиз енгиллик ва қулайликка бую­риб, мусулмонларга оғирликни раво кўрмайди. Аллоҳ таоло марҳамат қилади:

 «…Сизларни (шу дин учун) У танлади ва динда сизларга бирор ҳараж (қийинчилик) қилмади…» (Ҳаж, 78).

Зарурат бўлса, икки киши орасига изн сўраб ўтириш мумкин. Амр ибн Шуайбдан ривоят қилинган ҳа­диси шарифда: “Икки киши орасини изнсиз ажратиш ҳалол эмас”, дейилган. 

Кейин келган охирига ўтиради

Жобир ибн Самурадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­линади: “Биз суҳбат пайтида Пайғамбар (соллал­ло­ҳу алай­ҳи ва саллам) ҳузурларига келганимизда охир­ги жой­га ўтирардик” (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Бу жойда оддий одам келганлигига ишора қилин­ган. Аммо мажлис давомида аҳли илм ёки мартабаси улуғ ки­шилар келадиган бўлса, бундай пайтда ҳозир бўлганлар ёки уй соҳиби уларни муносиб ўринга ўтқизишида зарар йўқ. Чунки бу одат Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Инсонларни ўз ўр­ни­га ўтқизинглар”, деган ҳадисларига мувофиқ бўлади.

Юқорида Абдул Қайс элчилари Пайғамбаримиз (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига келганида қан­дай олқишлаганлари ва бағрикенглик қилганлари, улар­нинг бошлиғи Мунзир ибн Оизга илтифот қилиб ўнг томон­ларига ўтқизганлари ҳақида ҳам айтиб ўтилди.

Бошқалар ҳузурида сирлашмаслик

Абдуллоҳ ибн Масъуддан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинади:

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар уч киши бўлсангиз, икки киши учинчи одам олдида шивир­лашмасин, уни хафа қилади” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Чунки учинчи киши суҳбат мавзуи­дан гумон қилиши ёки унга бефарқ бўлганларидан хафа бўлиши мумкин. Оқибатда сирлашган, шивир­лаш­ганлар бир кишининг қалбига озор етишига сабаб­чи бўлади. Аммо икки киши­ни ёки ундан кўпини суҳ­батдан четда қолдириб, икки ки­ши сирлашса бўлади.

Ким ташқарига чиқиб қайтса, ўз ўрнига ўтириши мумкин

رَوَى مُسْلِمٌ عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:“ إذَا قَامَ أَحَدُكُمْ مِنْ مَجْلِسِهِ ثُمَّ رَجَعَ إلَيْهِ فَهُوَ أَحَقُّ بِهِ”

Имом Муслим Абу Ҳурайрадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Сиз­лардан бирингиз ўрнидан туриб (кетиб), сўнг ўрнига қайтса, бас, у бунга ҳақлидир”, дедилар.

Мажлисдан чиқишга изн сўраш

رَوَى الشَّيْخَانُ أَنَّ رَسُولَ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ:“ إِنَّمَا جُعِلَ الْإِسْتِئْذَانُ مِنْ أَجْلِ الْبَصَرِ”

Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Албатта, кўз сабабли изн сўраш жорий этилди”, деганлар.

Мазкур жойда зикр этилган изн сўраш маъносида ташриф буюрган киши кетишга чоғланганида хонадон соҳибидан изн сўраши ҳам назарда тутилган. Чунки меҳ­мон чиқиб кетишида ҳам кўзи ножоиз жойларга тушиб, уй соҳибалари бўлмиш аёлларни хижолат қилмас­лиги учун ушбу ҳадиси муборак ворид бўлган.

Шу тариқа Исломнинг улкан одоб ва маданият­ла­ри билан қалблари, турмушлари зийнатланган аждод­ла­римиз ўз ҳаётлари давомида бирор-бир ҳолатда бировнинг ҳақига хиёнат қилишни тасаввурларига ҳам сиғдиролмаганлар. Надоматлар билан тилга олишга маж­бурмиз, кейинги пайтларда одобсиз, нопок кимса­лар­нинг ножоиз хатти-ҳаракатлари сабаб покиза аёллар ёмонотлиқ бўлиб, яхши оилалар ажрашиб, бегуноҳ фарзандлар етимликка маҳкум бўлмоқдалар. Бу каби воқеалар, афсус, ён атрофимизда, қўни-қўшни­лари­миз­да, қариндошу таниш-билишларимиз оилаларида содир бўлмоқда. Барча қабиҳликлар улуғ одобу ахлоқларни менсимасликдан, амал қилмасликдан келиб чиқади. Энг ачинарлиси, “Қуш инида кўрганини қилади” деган­ла­ри­дек, фарзандлари ҳам ота-оналаридан бу иллатлар борасида андоза олмоқдалар.

Шунинг учун муҳтарам мураббийлар бор кучлари ила келажак авлодларнинг одобларини юксак ва ахлоқ­ла­ри­ни гўзал, қалбларини мунаввар этиб тарбия қи­лиш­лари ҳамиша долзарб вазифадир. Чунки юртимиз келажаги  янада буюк, ҳаётимиз бундан-да фаровон бўлиши илму маърифатли, маънавияти юксак ёшла­римизга боғлиқ.

Мажлиснинг каффорат дуосини ўқиш

Абу Бараза (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади.

كَانَ رَسُولُ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ إذَا أَرَادَ أَنْ يَقُومَ مِنَ الْمَجْلِسِ قَالَ: سُبْحَانَكَ اللَّهُمَّ وَبِحَمْدِكَ أَشْهَدُ أَنْ لاَ إِلَهَ إِلاَّ أَنْتَ اَسْتَغْفِرُكَ وَأَتُوبُ إلَيْكَ” ، فَقَالَ رَجُلٌ: يَا رَسُولَ اللهِ إِنَّكَ لَتَقُولُ قَوْلًا مَا كُنْتَ تَقُولُهُ فِيمَا مَضَى؟ قَالَ: ذَلِكَ كَفَّارَةٌ لِمَا يَكُونُ فِي الْمَجْلِسِ”

«Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) маж­лис­дан туришни хоҳлаганларида: “Субҳанака Алло­ҳумма ва биҳамдика ашҳаду анла илаҳа илла анта ас­тағфирука ва атубу илайка”, дедилар».

(Маъноси: “Парвардигорим, сенга тасбеҳ ва ҳамд ай­таман, сендан бошқа илоҳ йўқ, сенга истиғфор айтаман ва сенга тавба қиламан”.)

 Бир киши: “Ё Аллоҳнинг Расули, сиз бу сўзни ҳеч айтмаган эдингиз, нега айтдингиз?” деди.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Бу мажлисда бўлган нарсага каффорат бўлади”, дедилар.

Киши бир жойга борганида инсонийлик боис бирор ножўя сўз гапириб қўйиши, билмаган ҳолда ўтирган­лардан бирининг дилига озор бериб қўйиши ёки меҳмон­дорчилик одобларидан четга чиқиши мумкин. Бундан ташқари, шайтони лаъин турли гу­мону хаёл­ларни қалбга келтириб, васваса қилиб, ўтир­ганлар ёки уй эгаси ҳақи­да бўлар-бўлмас гумонларга бориш эҳтимолдан холи эмас. Баъзилар бор, хонадонга кириши билан ҳар томонга аланглаб, не бир ўйларга бормай­ди­лар: “Бунча нарсани қаердан топди экан?”, “Дастурхонини тузукроқ қилса бўлмасмиди?”, “Таомининг мазаси йўқ” қабилидаги ўй-гумонларда бўлади. Бу жу­да ёмон одат саналади. Ана шундай ха­толарни ювиш мақсадида, жойидан қўзғалаётганида ушбу каффорат дуоси ўқилади.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм