Мақолалар

Яхшилик ҳамда ёмонлик калитлари бўлган инсонлар ҳақида

Чоп этилди Dekabr 7, 2019 Яхшилик ҳамда ёмонлик калитлари бўлган инсонлар ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Анас ибн Молик (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи васаллам) шундай дедилар: “Инсонлар орасида шундайлар борки, улар яхшилик учун калит, ёмонлик учун қулф­дирлар. Яна шундай инсонлар борки, улар ёмонлик учун калит, яхшилик учун қулфдирлар. Қўлини яхшилик калити қилган инсонларга “тубо” (яхшилик) бўлсин! Қўлини ёмонлик калити қилганларга “вайл” (азоб) бўлсин!».

Яхшилик Аллоҳнинг розилигига сабаб бўлса, ёмонлик эса Унинг ғазабига сабабдир. Аллоҳ таоло агар бир бандадан рози бўлган бўлса, Унинг розилик аломати шуки, уни яхшиликлар учун калит қилиб қўяди. Уни кўришингиз билан яхшилик эсланади. Агар бир жойга келса, у билан бирга зикр ҳам кириб келади. Уни эсланса, албатта яхшилик ҳам зикр қилинади. Сўзласа яхшиликдан сўзлайди ва Аллоҳ унга зоҳирий сифатларни ҳам бериб қўяди. Унга йўлиққан киши уни яхшилик билан зикр қилади, чунки у яхши амал билан яхшиликда яшайди. Сўзласа яхшиликдан сўзлайди, тафаккур қилса ҳам фақат яхшилик бўлади. Ичида ҳам яхшилик бўлади. Хуллас, қаерга борса яхшилик калити бўлиб, у билан бирга бўлган, яқин бўлган, суҳбатлашганлар учун яхшилик сабабига айланади. Яна бир тоифа эса ёмон амалларни қилиб, фақат ёмонликни сўзлайди. Тафаккур қилса ҳам фақат ёмонликни ўйлаган бўлади. Ичида ҳам ёмонлик сақлайди. Хуллас, қаерга борса ёмонлик калити бўлиб, у билан бирга бўлган, яқин бўлган, суҳбатлашганлар учун ёмонлик сабабига айланади. Аввалги тоифа инсонлар билан суҳбат қуриш даво бўлса, иккинчиси билан эса дарддир. Ундан фақатгина маънавий нуқсон ҳосил бўлади. Аввалгилар билан суҳбатлашганда эса маъна­вий зиёдалик ҳосил бўлади.

Кимнинг қалбида дунё бўлса, сенга йўлиққан вақтда дунёси ҳақида гап очади. Кимнинг қалбида охират бўлса, сенга йўлиққан вақтда охират ҳақида гап очади. Ким ўз Холиқига яқин бўлса, сенга йўлиққан вақтда У ҳақида сўзлайди. Ҳар бир инсон сенга ўз қалбидаги ҳақида сўзлайди. Дунё ҳақида сўзлайдиган шахс сени унга рағбатингни оширади, уни зийнатлаб кўрсатади. Унга қулоқ тутиш ҳалокатга сабаб бўлувчи, чуқурликка тортувчи иллатдир. Охират ҳақида сўзловчи эса сени охират учун рағбатингни зиёда қилади, уни зийнатлайди. Дунё сенинг наздингда ҳақир бўлиб қолади. Сени тақвога бошлайди. Дунёнинг фитналари, унинг алдовлари, ёлғон орзулари, унинг аҳли қиёматда қаттиқ сўроққа тути­лишлари ҳақида гапириб сени ундан тўхтатади.

Аллоҳ ҳақида сўзловчи инсон сени Унинг тадбири, ибодатда мустақим туриш ҳақида хабардор қилади. У сени нафс ва икки дунёни ўйлашдан кўра Аллоҳнинг берган неъматлари, Унинг фазли ҳақида ўйлашга чорлайди ҳамда оддий халқ билишдан маҳрум бўлган Аллоҳнинг яширин пардалар ортидаги неъматлари ҳақида мукошафа қилади. Ҳатто сени тавҳидга олиб боради. Бундай инсонлар “Кубаролар” (катталар) бўлиб, улар ҳақида ҳадисда шундай дейилган: “Эй Абу Жуҳайфа, кубаролар билан бирга ўтир, ҳакимлар билан бирга дўст бўл, уламолардан эса сўрагин”.

Уламолар Аллоҳнинг амрлари илми билан гапирадилар. Ҳакимлар Аллоҳнинг тадбир илми билан гапирадилар. Улуғлар эса далил илми билан гапирадилар. Улар Аллоҳнинг кибриёси ва азамати борасида улуғланадилар. Аллоҳнинг ёлғизлиги борасида ягона бўладилар ва У билан азиз бўладилар. Уларни кўриш даво, сўзлари эса шифодир. Улар билан бирга ўтирилади.

Ҳакимлар дўст тутилади. Ҳаким кишини дўст тутсанг, омонда бўласан. Натижада унинг ҳикматидан баҳраманд бўласан.

Уламолардан эса савол сўралади. Улардан Аллоҳнинг ҳалол ва ҳаромлари ва ҳукмлари ҳақида сўрайсан.

Аллоҳ таоло яхшиликка шундай барака ато этганки, у ёмонлик қаерда бўлса ҳам унинг устидан ғалаба қилади. Чунки яхшилик билан доимо Аллоҳнинг қўллаб-қувватлаши бирга бўлади. Яхшилик эгаси мантиқининг гўзаллиги билан нотиқларни жим қилиб қўяди, амалининг гўзаллиги билан амал қилувчиларнинг амалларини ортда қолдиради. Хулқининг гўзаллиги билан эса ёмонларнинг ёмонлигини енгади ва қаерда бўлса ҳам ёмонликни ўлдиради. Аллоҳ таоло уларни қандай васфлаганига бир эътибор қилинг:

«(Улар) жоҳил кимсалар (бемаъни) сўз қотганда “Саломатлик бўлсин!” деб жавоб қиладиган кишилардир» (Фурқон, 63). Яъни, соғлом ва тўғри сўз билан жавоб қиладилар. Улар жоҳилларни яксон қиладилар ва уларнинг жоҳилликларини ўзларининг тўғрилик­лари билан қайтарадилар. Натижада сўзлашув жараёнида айтилган сўзлардан унинг қўлида жоҳил киши таслим бўлади.

Агар бир жоҳил билимсиз киши бошқа жоҳил кишига хитоб қилса, иккиси ҳам оғир аҳволга тушадилар. Чунки олов олов билан ўчирилмайди. Балки янада унинг ҳарорати ортиб, янада кўпроқ куйдиради. Албатта, олов сув билан ўчирилади. Худди шундай жоҳил кишининг жоҳиллиги тўғри сўз билан қайтарилади. Натижада гапирувчи ҳам, эшитувчи ҳам таслим бўлади. Чунки жоҳиллик зулматдир, тўғрилик эса нурдир. Нур доимо зулматнинг устидан ғалаба қилади. Ушбу ҳадисни Исҳоқ ибн Муҳаммад Фарвий Салама ибн Вардондан ривоят қилган. Абу Нуъайм ва Жаъфар ибн Авнлар ҳам Салама ибн Вардондан қуйидаги ҳадисни ривоят қилганлар: “Ким ботил бўлган ёлғонни тарк қилса жаннатда у учун бир уй қурилади”. Қоънабий ҳам Салама ибн Вардондан ривоят қилган: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) учун бирор нарса келтирилса ва уни ҳадя дейилсагина қўлларини узатардилар, агар садақа дейилса, тийилардилар”.

Жоруд ибн Язид Баҳздан у отасидан, у бобосидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Фожир кишини зикр қилишдан тийилинглар”».

Абу Бакр Ҳузалий Баҳздан, у отасидан, у отасидан ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай дедилар: “Ғазаб имонни худди Сабур (алое ўсимлиги) асални бузгандек бузади. Ким яхшиликка сабаб бўлса, унинг ҳурмати бордир”».

Бизга Назр ибн Тоҳир ривоят қилади: «Бизга Сувайд ибн Аби Ҳотим Қатодадан у Анасдан ривоят қилади: “Бир киши бургани лаънатлади. Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) унга: “Тўхта, уни лаънатлама, албатта у пайғамбарлардан бир пайғамбарни огоҳлантирган” дедилар».

Бизга Муҳаммад ибн Масна Абу Мусо ривоят қилади, у: бизга Сафвон ибн Исо ривоят қилади: «Бизга бунга ўхшашини Сувайд ривоят қилган ва ҳадисга: “Бомдод намозига (уйғотган)лафзини зиёда қилган».

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм