Мақолалар

Қуёш электр станцияси йилига 6 минг қушни ёндиради

Чоп этилди Dekabr 7, 2019 Қуёш электр станцияси йилига 6 минг қушни ёндирадиda fikr bildirishni o'chirish

Айванпа – қуёш энергиясини тўпловчи дунёдаги энг йирик минорали станциясидир. Унинг ҳудудида 350 минг гелиостат-кўзгулар жойлаштирилган бўлиб, қуввати қарийб 392 МВт ни ташкил этади. Мазкур электр станцияси Калифорниядаги Мохаве чўлида жойлашган.

 Ҳодисалар «Айванпа»нинг тузилиши ва жойлашуви билан боғлиқ. Қуёш нурини тутиш учун завод 12,9 квадрат километрлик умумий майдонга эга улкан кўзгулардан фойдаланади. Бир жойга тўпланган қуёш нури 40 қаватли бино баланлигига тенг учта ресивер-минора тепасидаги қозонларга йўналтирилади. Қозонларда ҳосил бўлган буғ миноралар ичида турбиналарни ҳаракатга келтиради ва электр энергияси ишлаб чиқарилади.

Минора атрофидаги кўзгудан қайтган кўзни қамаштирувчи ёруғлик ҳашаротларни ўзига тортади. Ҳашаротлар эса қушларни жалб қилади. Улар эса бир жойга жамланган қуёш нурига тўқнаш келиб, саноқли сонияларда ёниб кетадилар, дея хабар беради nat-geo.ru.

Станция Тинч океани бўйлаб жойлашган – кўплаб қуш турларининг, жумладан, ҳимоя остига олинганлари ва қарчиғайларнинг ҳам, машҳур кўчиши йўналиши шу ердан ўтади.
Федерал биологларнинг айтишича, ҳар йили қуёш электр станциясида 6 мингдан ортиқ қуш нобуд бўлади. Расмийлар эса бу ҳолатга ечим изланаётганини айтишдан нарига ўтмайди, аммо 2014 йилда корхона ишга туширилганидан буён жуда оз нарса ўзгарган.

Қушларнинг оммавий нобуд бўлиши муаммоси барча қуёш электр станцияларида ҳам кузатилавермайди. Бу фақатгина технология қуёш нуридан эмас, балки унинг ҳароратидан фойдаланишга асосланган гелиотермал энергия тамойиллари қўлланиладиган жойларда юзага келмоқда.