Мақолалар

Пайғамбар алайҳиссаломнинг меҳнатга даъватлари

Чоп этилди Dekabr 8, 2019 Пайғамбар алайҳиссаломнинг меҳнатга даъватлариda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам асҳоблари билан бирга ўтирган эдилар. Нарироқда кучга тўлган бир ёш йигит терга ботиб ер чопаётган эди.

Асҳобдан баъзилари:

“Ё Расулуллоҳ! Шу йигит бизнинг ёнимизда ўтириб, қимматли вақтини Аллоҳ йўлида сарфласа яхши бўлмасмиди?”  деб қолдилар.

Пайғамбар алайҳиссалом:

Ундай деманглар, модомики, шу йигит инсонларга фойда етказмоқ, бола-бақрасининг нафақаси учун меҳнат қилаётган бўлса – Аллоҳ йўлидадир; кексайиб, қолган ота-онасига ёрдам бермоқ, уларнинг корига ярамоқ учун ишлаётган бўлса – Аллоҳ йўлидадир”, дедилар (Имом Байҳақий. Сунан. VII, 479).

Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам инсонларни охиратга тайргарлик кўриш билан бирга дунё неъматларига пешона тери билан ҳалол меҳнат қилиб эришишга ташвиқ қилганлар.

Аёнки, луқмаи ҳалол динимизда энг кўп эътибор қаратилган масалалардан биридир. Инсоннинг луқмаси ҳалол бўлмаса ибодатлари қабул бўлмайди. Ҳалол луқма учун эса инсон кучи-қуввати етганича меҳнат қилмоғи даркор. Пайғамбар алайҳиссалом:
«Ҳеч кимса қўл меҳнатидан келган неъматдан ширин неъмат емаган. Аллоҳ таолонинг пайғамбари Довуд алайҳиссалом ҳам қўл меҳнати билан кун  кечирган”,  деб марҳамат қилганлар” (Имом Бухорий ривояти).

Расули акрамимизнинг Довуд алайҳиссаломни мисол қилиб келтирганларининг боиси шуки, Қуръони каримда Довуд алайҳиссаломнинг ҳукмдор пайғамбарлардан бўлганининг баёни келган.

Биламизки, ҳукмдорлар ҳунармандлик қилмайдилар, уларнинг ҳунари – қўл остидагиларга амру фармон беришдан иборатдир. Фақат Довуд алайҳиссаломгина темирдан қалқон ясаб, шу ҳунарининг орқасидан тирикчилигини ўтказганлар.

Бошқа пайғамбарлар ҳам қўл меҳнатини қилганлар. Одам алайҳиссалом деҳқончилик қилган, Нуҳ алайҳиссалом кемасозлик қилган, Идрис алайҳиссалом тикувчилик қилган, Мусо алайҳиссалом чўпонлик қилган (Имом Табороний).

Динимиз бошқаларга оғирлиги тушмаслик учун ишлашга буюради. Шундай экан, инсоннинг дунё ва охиратда юзи ёруғ бўлмоғи учун кучи етганича меҳнатга ғайратли бўлмоғи зарурдир. Раббимиз бир ояти каримада:

وَأَن لَّيْسَ لِلْإِنسَانِ إِلَّا مَا سَعَى

Ҳар бир инсонга ўз қилганидан бошқа нарса йўқ” (Нажм, 39), деб бандаларини ҳалол меҳнат қилишга амр қилган.

Музаффархон АЪЗАМ,

“Пул емас ота” жоме масжиди имом-хатиби