Мақолалар

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳу алайҳ) айтадилар:

Чоп этилди Fevral 2, 2019 Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳу алайҳ) айтадилар:da fikr bildirishni o'chirish

  • Хоҳлаганча илм ўрганаверинглар. Лекин унга амал қилмагунингизча Аллоҳ сизлар учун ажр бермайди. Нодонлар ҳиммати ривоят қилиш, уламолар ҳиммати риоя этишдир.
  • Олимларга бериладиган жазо – уларнинг қалбларининг ўлганидир. Қалбнинг ўлиши эса илми ва ухровий амаллари бўлатуриб, дунёвий ниятлар кетида юрганидир.
  • Илм талаб қилинглар, фақат илмни ҳилм (мулойимлик) ва виқор билан яширинглар.
  • Олимларнинг илмини, файласуфлар назариясини тўплаб, амалда нодонлар даражасида иш кўрувчилардан бўлма!
  • Олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қони билан ўлчанади. Шунда олимлар қаламларининг сиёҳи шаҳидлар қонидан оғир келади.
  • Олимлар юлдузларга ўхшайди. Агар кўриниб турса, одамлар улар билан йўл топишади. Агар кўздан йўқолиб, зулматда қолсалар, қаёққа юришни билмай ҳайрон қолишади.
  • Яхши гап – амри маъруф, наҳий мункар, илму авф, кечирим ва ширин сўзлардан иборатдир.
  • Сўз амал билан дуруст бўлади. Амал ва сўз ният билан дуруст бўлади. Сўз, амал ва ният суннат билан дуруст бўлади.
  • Агар мунофиқларнинг гуноҳлари ер юзидаги ўсимликлар сингари бўлсайди, оёқ босишга жой тополмасдик.
  • Гуноҳ қилмаслик тавба қилишдан осонроқ.
  • Мўмин ўз нафсининг ҳокими бўлмоғи керак.
  • Фикр – яхшилик ва ёмонликларни кўрсатадиган оина.
  • Кимнинг каломи ҳикмат бўлмаса, у лағвдир, кимнинг сукути тафаккур бўлмаса, у саҳвдир, кимнинг назари ибрат бўлмаса, у лаҳвдир (ўйиндир).
  • Бир соатлик тафаккур кечаси билан қоим туришдан яхшироқ.
  • Оқиллар зикрдан тафаккурга, тафаккурдан зикрга ўтадилар. Қалбларининг гапиришини талаб қиладилар. Ва ниҳоят қалблари ҳикматли сўзларни айта бошлайди.
  • Дунёни қидириб охиратини топганни кўрмадик, лекин охиратини қидириб, дунёсини топганларни кўрдик.
  • Аллоҳ бандаси учун бирон яхшиликни ният қилганда, унга бойлик беради, у тугагач, яна беради. Агар бандасининг назарида бу дунёлик ҳақир кўринса, унга аҳамият бермаса, Аллоҳ янада мўлроқ беради.
  • Одамзод уч нарсага афсусланиб бу дунёдан ўтади: тўплаган моли ва бойлиги билан тўймайди, орзуларига эришолмайди, охират ҳаёти учун ҳозирлигини қилолмайди.
  • Пулни ўйлаб сарф қилмоқ ярим фойдадир.
  • Зиқналик қилманглар, акс ҳолда сизларга торлик қилинади.
  • Яхши қўшни сенга зиён ва ташвиш етказмайдиган қўшни эмас (аслида бундай қўшни ҳам яхши), балки сенинг ёмонлигингга чидаб яшаётган қўшнидир.
  • Тўртта нарса кишининг мурувватидан: тилининг ростгўйлиги, биродарларининг хато-камчиликларини кечириши, аҳли замонининг таниқли кишисига саховат қилиши, таниш ва қўшниларга озор беришдан тийилиши.
  • Ҳаммомга икки изор билан кириш дуруст. Биринчи изор аврат учун, иккинчиси – кўз учун, яъни кўзини одамларнинг авратидан тўсиш учун.
  • Биродарларимиз биз учун аҳли оиламиздан ҳам қимматлироқдир. Чунки аҳлимиз бизга нуқул дунёни эслатади, биродарларимиз эса – охиратни!
  • Хотинининг нафсоний орзуларига бўйсунган ҳар бир эркакни Аллоҳ жаҳаннам оташига отмай қўймайди.
  • Киши аҳли аёлига ишлатиш учун қарз сўраб, кейин уни узишга ҳаракат қилса-ю шу қарз билан вафот этиб қолса, Аллоҳ таоло унинг даъвогарларини рози қилади.

 

Н. МИРЗАЕВА