Мақолалар

Сулаймон Боқирғоний

Чоп этилди Dekabr 10, 2019 Сулаймон Боқирғонийda fikr bildirishni o'chirish

Қорақалпоғистон Республикасининг Қўнғирот шаҳридан ўттиз чақирим нарида одмигина мақбара бор. Қадимда бу ерлардан Аму оқиб ўтган. Мақбара сув тошқинлари остида қолган бўлса-да, йўқолиб кетмаган. Ўз даврида султонлар томонидан қабр устига мақбара тикланган. Ҳозирги мақбара эса 1978 йилда бино қилинган.

1911 йилда ёзилган Жўйборзода қаламига мансуб “Маноқиб”да айтилишича, Ҳаким ота (Ҳазрат Сулаймон) Қуръони каримга ўзгача ҳурмат кўрсатиб, дарсга бораётиб Мусҳафни боши узра кўтариб олар экан. Буни кўрган Аҳмад Яссавий ҳазратлари уни шогирдликка таклиф этади. Ҳаким ота у зотнинг қўлида таълим олиб, ўн беш ёшида муридликни қабул қилади.

“Ламаҳот мин нафаҳотил қудс” тазкирасида Ҳаким отанинг шариатга оид ўттиз минг, тариқатга оид ўттиз минг ва ҳақиқат бора­сида ҳам ўттиз минг ҳикмат айтганлари баён қилинган.

 

Маърифат дарёсинда ғаввос бўлуб,

Муҳаббат гавҳарларин олғим келур.

Тариқат майдонинда парвоз қилиб,

Ул тубо дарахтиға қўнғим келур.

 

Ошиқ бўлуб, дарёсиға чўмсам, ботсам,

Мосиваллоҳ пардасини кечиб ўтсам.

Ўздин кечиб муҳаббатда сизиб оқсам,

Софий бўлуб, ҳазрат тубо борғим келур.

 

2002 йили Қорақалпоғистонда Сулаймон Боқир­ғоний – Ҳаким ота таваллудининг 880 йиллиги муносабати билан анжуман ўтказилди. Бироқ Ҳаким ота­нинг шахси ва илмий меросини ўрганиш борасида кенг кўламли тадқиқот-изланишлар қилингани йўқ. Бу зот Аҳмад Яссавий ва Занги отага доир изланишларда бир парча бўлиб келаётир, холос. Хос ёндашувларнинг бори ҳам маҳаллий ўлкашуносларга мансуб дейилса, хато бўлмайди.

Юртимизда олиб борилаётган хайрли ишлар на­тижасида Ҳаким отанинг бой мероси яқиндан ўр­ганилишига ишонамиз.

Суюндиқ Мустафо НУРОТОИЙ

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан