Мақолалар

Сўзлашиш одоби

Чоп этилди Dekabr 11, 2019 Сўзлашиш одобиda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ инсонларга сўзлаш неъматини ато этган. Улуғ зотлар бундай дейишган: “Инсон молу дунёси билан ях­шилик қилмоқчи бўлса, бойлиги бир кунда тугаб қо­лиши мумкин. Аммо инсонда бир хазина бор, қанча сарфлага­ни билан тугамайди. У ширин сўздир”.

Ҳадиси шарифда: “Ким агар бировнинг айбини айтиб, одамларга ошкор қилса, то ўзи ҳам шу айбни қил­масдан дунёдан кетмайди”, дейилган.

Биз ҳар бир айтган сўзимиз учун масъулмиз. Боязид Бистомий Аллоҳни зикр этишдан аввал “дунё сўзларини сўзлаган эдим”, дея оғизларини уч бора ювар эканлар.

Одамлар зоҳиран гурунг шаклидаги ғийбатлар­нинг ботиний оламда номаи аъмолига гуноҳ бўлиб битилаётганидан ғофилдирлар.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтганлар: “Жим турмоқдан суҳбатлашиш яхши, ёмон суҳбат­дошдан ёлғизлик яхши”.

Оилада ёки инсонлар орасидаги нохушликлар кўпин­ча қўпол сўз оқибатида содир бўлади. Бунинг аксича, кўпгина муваффақиятларнинг омили ширин сўздир. Шунинг учун ҳар бир инсон ширинсўз, му­ло­йим бўлишга интилмоғи лозим. Аллоҳ таоло: “Бан­даларимга айтинг, (ширк аҳлига) гўзал (сўзлардан) сўзласинлар. Зеро, шайтон уларнинг ўрталарида бузғунчилик қилур” (Исро, 53), деб огоҳлантирган.

Мана шу оятда Аллоҳ таоло мусулмонларни ўзаро муносабатларида, суҳбатларида ширин сўзли бўлишга буюради. Агар улар буйруққа итоат этмай, ёмон сўзларни ихтиёр қилсалар, албатта шайтон ораларини бузади.

Тил инсоннинг жисман энг кичик, аммо масъулият ва вазифаси жиҳатидан катта эътиборга лойиқ аъзо­сидир. Уни фақат хайрли, яхши муомалада ишлатиш ва ёмон, дилозор сўзларни айтишдан сақлаш лозим. Муҳаммад (алайҳиссалом) тилни ножўя сўзлардан асрашга, имкон қадар сукут сақлашга буюриб:

“Ким Аллоҳ таолога ва охират кунига имон келтирган бўлса, фақат яхши нарсаларни гапирсин ёки жим турсин”, дея мар­ҳамат қиладилар.

Ислом динида тилга бу қадар катта эътибор берилишининг боиси тилнинг қалбга яқинлигидир. Қайси бир инсоннинг қалби пок ва соф бўлса, унинг тилидан бол томиб, ширин гаплар чиқади. Бундай кишиларнинг дўсти ҳам кўп бўлади.

Тил ва қалб ўртасидаги узвий боғланиш ҳақида Расу­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай деганлар: “Банданинг имони тўғри бўлмайди, токи унинг қалби тўғ­ри бўлмагунча, шунингдек, қалби тўғри бўлмайди, токи унинг тили тўғри бўлмагунча”.

Маълумки, тил орқали содир қилиниши мумкин бўл­ган ғийбат, чақимчилик, туҳмат ва ёлғон гувоҳлик бериш кабилар билан инсонлар ўртасидаги меҳр-муҳаб­бат пойдевори дарз кетиши, емирилиши мумкин.

Инсон одоб-ахлоқини гўзал қиладиган омиллардан яна бири яхшилар билан ҳамсуҳбат бўлишдир. Бундай суҳ­батлар киши қалбини ибратли хулқ-атвор билан бо­йитади ва уни яхши ишларни амалга оширишга ундайди.

Яхши муомала барча инсонларнинг кўрки ва зий­на­тини оширади. Қаерда ҳусни муомала бўл­ма­са, ўша ерда, албатта, хато ва камчиликлар содир бў­лади. Шуни таъкидлашни истардик, инсон бошқаларга берадиган на­сиҳатига аввало ўзи амал этиши лозим. Қуйида маз­ҳаббошимиз Имоми Аъзам (раҳматуллоҳи алайҳ) билан бўлган воқеани ҳикоя қиламиз.

“Бир қул Имоми Аъзам ҳазратларига деди:

– Кейинги жумада қул озод қилишнинг фази­лат­ла­ридан гапирсангиз. Зора, хожамиз бизни озод қилиб юборса.

Имоми Аъзам рози бўлдилар. Аммо орадан икки жума ўтгач, учинчи жума ваъзида қул озод қилиш ҳақида сўз­ладилар. Шу куни ўша қулни хожаси озод қилганини айтди. Сўнгра қул келиб, Имоми Аъзам ҳазратларига деди:

– Ҳазрат, менинг хожам ваъзингизни тинглаб қайтгач, мени озод қилди. Аммо нега икки ҳафта кейин бу ҳақда гапирдингиз?

Имоми Аъзам айтдилар:

– Сен менга илтимос қилган вақтингда пулим йўқ эди. Шундан кейин икки ҳафта пул йиғиб қул сотиб олдим ва уни озод қилдим. Қул озод қилиш гаштини суриб, ўзим ҳис этганимдан кейин гапирдим. Агар ўзим қилмаган ишни сўзласам, унинг таъсири бўлмас эди. Хожангиз ҳам сизни озод қилмаган бўлур эди”.

Демак, инсоннинг сўзи билан амали бир бўлиши лозим экан.

Фарзандни комил инсон қилиб тарбиялашнинг муҳим жиҳати унда сўзлашиш одобини шаклланти­риш­дир. Тил хоҳлаган тарафга бурилаверади. Тил ту­фай­ли не бир қалблар орому ҳузур топиб қувончга тўл­са, аксинча, не бир кўнгилларни тил вайрон қи­лиши мумкин.

Тил соҳибининг қалб кечинмаларини юзага чиқа­ра­ди. Агар тил соҳиби фасоҳату нафосатли, гапи­р­ганида дур мисоли сўзларидан нуру зиё таралиб турадиган, эзгу қалбли инсон бўлса, унинг сўзлари ҳар қандай дарду мусибатга даво, яраланган қалбларга малҳам, ўксик дилларга юпанч бўлади. Борди-ю, сўз соҳиби бунинг тамоман акси бўлса, унинг сўзи масрур қалбни ғамли, тик бошни эгик, хуш кайфиятни тушкун этувчи оғуга айланади. Бу фикрлар исботи ўлароқ ушбу ҳикматли ҳикояга эътибор қаратайлик:

Бир подшоҳ туш кўрибди, тушида бор тишлари тўкилиб кетганмиш. Уйқудан уйғонгач, икки вазирини ҳузурига чорлабди. Кўрган тушини баён қилиб, “Бу тушнинг таъбири нима? Агар таъбирини топсангиз, фақат ростини сўйланг”, дея уларга мурожаат қилди. Вазирлардан би­ри сўз бошлади: “Подшоҳим, бу яхшилик аломати эмас, барча қариндош-уруғларингиз барвақт вафот этиб кетишади, сиз ўзингиз ёлғиз қоласиз”. Подшоҳ бу жавобдан ниҳоятда дарғазаб бўлиб, вазирни зиндонга ташлашни буюрди. Сўнгра иккинчи вазир: “Шоҳим, бу тушингиз кўп яхшилик ва қувонч аломатидир. Аллоҳ таолонинг инояти ила, сиз муҳтарам жаноби олийларига барча қавму қа­рин­дошларингиз ичра узоқ умр ато этилур. Бу қутлуғ неъмат муборак бўлсин!” дея эҳтиром билан қўлларини кўксига қўйди. Яхши таъбир ва қутловдан хурсанд бўлган подшоҳ бу вазирига мукофотлар инъом этишни буюрибди.

Бир хил маънодаги икки хил таъбирни берган вазир­лардан бири фаҳму фаросатдан узоқда, сўзлаш ва эҳти­ром одобидан бебаҳра бўлиб, таъбирни ўзининг сифатига мувофиқ шу даражада қўпол баён қилди, натижада ғазабга йўлиқди. Закий ва доно, теран ақл ва назокатли сўз соҳиби бўлган иккинчи вазир эса, туш таъбирини ўз фазилатига муносиб тарзда баён қилиб, ол­қиш ва мукофотга сазовор бўлди. Демак, азиз фарзанд­ларнинг ки­шилар билан сўзлашиши, ўзаро муомаласи, гапирган сўз­лари ҳикмат касб этиши учун мураббий ва муниса му­раббияларнинг қалблари ушбу олийсифат одоблар билан тўлиб тошган бўлиши керак. Шундагина, фарзандлари улғайиб, балоғат ёшига етганида, кўрган кўзлар қувонадиган, суҳбатлашган инсонлар яна бир бора дийдорлашсам дейдиган, комил ва шомил инсон бўладилар. Бундай ўғил-қизларни улғайтириш ҳар бир ота-онанинг энг олий орзусидир.

Шу боис, энди сўзлаш одобларини ўргатиш ва синг­ди­риш жараёнида нималарга эътибор қаратиш зарур­лигини бирма-бир баён қиламиз.

Соф адабий тилда сўзлашиш

Тилининг фасоҳати ва ширинсўзлик инсон зий­нати. Али ибн Ҳусайн (розияллоҳу анҳу) ривоят қи­лади. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳга (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) юзландилар. Ул зот­нинг устиларида иккита кийим бор эди. Ибн Аб­бос­нинг кифтида эса икки ўрам соч бўлиб, оппоқ эди. Ра­су­л­уллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) амакиларига қараб туриб, табассум қилдилар.

Шунда Ибн Аббос: “Ё Аллоҳнинг Расули, сизни кулдирган нарса нима?” деди. Пайғамбар (алайҳис­салом): “Пай­ғамбарнинг амакисининг жамоли мени ажаблантирди”, дедилар. “Жамоли нима?” деди Ибн Аббос. “Фасо­ҳатли тил”, дедилар (Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади, саҳо­балар: “Ё Аллоҳнинг Расули, нега бизнинг фик­римиз сиз­никидек фасоҳатли эмас?” дедилар. Набий (алайҳис­салом): “Аллоҳ таоло мени қўпол гапирувчи қилиб яратмади. Менга сўзларнинг яхшисини ихтиёр этди: у эса Ўзининг Қуръ­он китобидир”, дедилар (Ше­розий ва Дайламий ривояти).

Киши оғир-босиқлик билан шошмасдан, дона-дона қи­либ, эшитаётганларни зериктириб қўймасдан, имкон қадар чиройли сўзлар билан гаплашиши лозим. Фа­соҳат­ли сўзлаш Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) суннатларидир. Гўзал ва равон сўзлаган ҳазрат Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Пайғамбардан (алайҳиссалом) мақтов олган эканлар.

Ҳозирги замон мисолида атрофимизга назар сол­сак, ачинарли воқеаларга дуч келамиз. Хусусан, айрим ёшларимиз ўртасида “ота, она” каби улуғ сўзларни турли бачкана сўзларга алмаштириб айтиш, афсус, уч­раб турибди. Баъзи катталар  бунга бепарво. Замо­намиз олимларидан бири Фозил қори Собиров (Аллоҳ раҳ­мат қилсин)  мавъизаларида бундай деганлар: “Кў­ри­ниши туппа-тузук, ёши ўрта, масжидга жаноза хаба­рини айтиш учун келганлардан сўрадим: “Кимингиз қазо қилди?”

Улар бири:

– Кампирни бериб қўйдик, – деди.

– Қайси кампир? Ким бўлади сизга?

– Онам.

– Эй номард, мени дунёга келтирган, дуолари ижобат, пойи қадамлари остида жаннат бўлган, уйимнинг гавҳари, меҳрибоним, ойижоним ўтдилар, деб кўзёши қилгин, – дедим ва “Бир парча гўштдан вояга етказган, қип-қизил қонидан оппоқ сутини меҳр билан ажра­тиб берган, неча-неча тунларни бедор ўтказиб, минг бир машаққатларни чеккан онанг энди “кампир” бўлиб қол­дими, суф сендақа фарзандга”, деб койигим келди.

Баъзи ёшларимизнинг берган саломларига қандай жавоб беришни билмайсан киши. “Ассалому алайкум” сў­зининг маъносини бузиб, нима деяётганларини ўзлари ҳам билмайдилар. Наҳот, “Ассалому алайкум” дея тўлиқ, очиқ ва равшан қилиб салом беришнинг иложи бўлмаса?! Наҳотки, ота-оналар фарзандларининг бера­ётган саломларига эътибор қилмайдилар. Ҳар бир фарзанд эрталаб ота-она ҳузурига салом билан кириб келади-ку, ахир. “Бола бошидан” деганларидек, энди­гина тили чиқиб ке­лаётган фарзандларга тўғри, чиройли ва керакли сўз­ларни гапириш ўргатилса, бу ўрган­ганлари унга умрбод ҳурмат, бахт-омад келтиради.

Оҳиста сўзлаш

Чиройли одоблардан яна бири оҳиста сўзлашдир. То эшитувчилар уни яхши тушунишсин ва даврада ўтир­ганлар гапираётган кишининг мақсадини аниқ англаб, идрок этсинлар. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бу борада ҳам барча умматларига олий муаллим, тенгсиз  мураббий сифатида ибрат бўлганлар.

Ҳазрат Ойша (розияллоҳу анҳо) ривоят қила­ди­лар: “Ра­су­луллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзла­ган­ларида, агар сўзларини санамоқчи бўлсангиз, ал­батта, саноғига етардингиз” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

رَوَى أَبُو دَاوُدَ عَنْ عَائَشَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا قَالَتْ:“ كَانَ كَلاَمُهُ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ فَصْلاً يَفْهَمُهُ كُلُّ مَنْ سَمِعَهُ”

Абу Довуд ҳазрат Ойшадан (розияллоҳу анҳо) ривоят қилади: “Расулуллоҳнинг (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) сўзлари дона-дона бўлиб, эшитувчиларга тушу­нарли эди.”

Фасоҳатли сўзлашда такаллуфдан сақланиш

Бу ўринда “такаллуф” маъноси сўзлаётганида ҳад­дан зиёда, ортиқча сўзларни ишлатишга нисбатан айтил­моқ­да. Бошқаларнинг  сифатини баён қилаёт­гани­да, жой­нинг ёки нарсанинг тавсифини келтираётганида маро­ми­дан ошириш ҳам суҳбатни асл мақсаддан узоқ­лаш­тириб, тилёғламаликка айлантириб юборади. Шу боис ушбу мазмундаги ҳадиси мубораклар ворид бўлган:

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Аллоҳ тао­ло баъзи нотиқ кишиларга ғазаб қилади. Улар шундай нотиқларки, сўзларида қочирма гаплар билан тилини безаб гапиради, ҳудди сигир тили билан безанганидек”, дедилар (Абу Довуд ва Имом Термизий ривояти).

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пай­ғам­бар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сўзла­са­лар, сўз­ла­ри­ни уч бора қайтарар эдилар, дарҳол тушу­нардик. Агар бир қавмга келсалар, салом берардилар ва дона-дона сўз­лар­ди­лар. Сўзлари узун ҳам, қисқа ҳам бўлмасди ва сўз­ла­шишдаги бемаъниликни ва тантанавор (такал­луфли) гапиришни ёмон кўрардилар” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Инсонларнинг ақлига қараб сўзлаш

Муомала одобларидан бири шуки, сўзловчи киши ҳар бир жой ва вазиятга муносиб баҳо бериб, ўша даврадаги одамлар табиати, савияси ва урф-одат­ла­ри­ни эътиборга олиб муносабатда бўлиши талаб этилади. Бу эса нотиқнинг ақл-фаросати, нозик диди, сўз ма­ҳо­ра­ти, кишилар руҳиятини англай олиши ва ақлу ид­ро­ки билан боғлиқ. Шу ҳақдаги ҳадислар билан танишиб чиқамиз.

Ҳадисда: “Пайғамбарлар инсонларнинг ақлларига қа­раб гапиришга буюрилганлар”, деб марҳамат қилинган.

Ҳазрат Али (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Инсонларнинг билимига қараб сўзланглар”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу): “Сен бир қавм­нинг ақлига сиғмайдиган гапни гапирувчи бўлсанг, уларнинг баъзилари учун фитна бўлади”, деди (Имом Муслим ривояти).

Бу фикр қуйидаги ҳадисдан келиб чиққан. Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ум­матларим ақллари кўтаролмайдиган даражадаги баъзи ҳадисларимни айтиб берсалар, бу улар учун фитна бўлади” (Дайламий ривояти).

Ҳадислар ичра шундайлари ҳам бор, уларни бево­сита тушуниш қийин, маъноси мураккабдир. Бун­дай ҳадислар маълум бир  макондан, ҳолатдан келиб чиқ­қан бўлиб, айнан ўша вазиятга хос. “Жиҳод қи­лиш”, “ғазотда шаҳид бўлиш” ва “қул озод қилиш” ка­би мавзудаги ҳадислар бун­га мисол. Айни мавзу­лар­даги ҳа­дис­ларнинг асл ва соф маъноларини тушуниш учун муҳ­тарам уламолари­миз ва фақиҳларимиз кўмаги керак. Аммо ҳозирда ушбу ҳа­дисларни пеш қилиб, маз­мун-моҳиятини тушун­масдан, олимларимиз ўгит­ла­ри­ни назар-писанд қилмайдиган, динимиз амал­ла­рини  фаҳмлай билмайдиган, кимларгадир кўр-кўрона эргашадиган бузғунчи тоифа ва оқимлар пайдо бўлди.

Кенг маъноларни ўз ичига олган ҳадиси муборакда зикр этилган “жиҳод”, аввало, ҳар бир кишининг хавфли душмани бўлган “нафс”ига қарши кураш маъносини англатади. Ўз нафсига қул бўлган кимсалар ҳар қандай разилликдан, қабоҳатдан ва зулмдан қайтмаслигини, инсонийлик сифатларини ба­та­мом унутганларини ўша тоифалар ва оқимлар аъзолари мисолида кўрмоқдамиз. Улар бойлик ва мансаб йўлида не бир хунрезликларни амалга оширмаяптилар. Оламга жар солиб қилаётган даволари гўё “Исломни ўрнатиш ва халифалик қуриш”. Зеро, Сафийнадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Халифалик (мендан кейин) ўттиз йилдир, сўнгра мулк (яъни мулкчилик, подшоликлар) бўлади”, дея марҳамат қилганлар. Илмдан хабардор бўлган­лар ҳадисда баён этилган улуғ амални бундан ўн тўрт аср муқаддам забардаст чаҳорёр халифалар Абу Бакр, Умар, Усмон ва Али (розияллоҳу анҳум) амалга ошириб бўлганларини биладилар.

Мазкур тоифа ва оқимлар ҳақиқатан дин жонкуярлари бўлганида эди, истиқлолимиз туфайли ҳукуматимиз то­монидан динимиз ва Ислом динига эътиқод қилув­чи барча фуқароларга яратиб берилган шароитлар­дан оқи­ло­на фойдаланардилар. Бундай нопок йўлни тан­ламасдилар. Улар бу мақсадларини шўролар даврида, ди­нимиз қад­риятлари таҳқирланиб, масжидлар омбор­хонага айлантирилганида, мусулмонлар беникоҳ турмуш қуришга маж­бур қилиниб, азада жаноза ўқишга ҳам рухсат берилмаган вақтларда нега амалга оширмадилар? Шундан ҳам мақсадлари ғаламислик ва барча ғоялари пучлиги аён бўлиб қолмоқда. Инъом этилган неъматлар ичра улуғи бўлган азиз нуридийдаларимизни шу каби иллатлардан огоҳ этиб, ёмонликлардан асрашимиз зарур­дан зарурдир.

Малол ва халал бермайдиган сўзларни гапириш

Сўзлаш ва муомала маданиятининг ўзига хос, адо қи­линиши лозим бўлган ҳақлари бўлиб, улардан бири гапни ўта қисқа баён қилмасликдир. Бундай сўзлангани­да эшитувчининг тушуниши қийинлашиб, суҳбатдан қа­ноат ҳосил қилмайди. Ҳақлардан яна бири эса гапни жу­да узун қилиб, эшитувчини малоллантириб қўй­масликдир. Гап меъёридан ортиқ узун бўлганида ҳам, эшитувчи сиқилиб, уни тинглашга рағбати кескин пасаяди. Бундай сифатларни ҳам жаноб Сарвари оламдан ўрганамиз.

Имом Муслим Жобир ибн Сумратадан (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга намоз ўқир эдим. Ул зотнинг на­мозлари ва хутбалари ўртача бўларди.”

Имом Аҳмад ва Абу Довуд Ҳаким ибн Ҳизомдан (рози­яллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга жума намозида бўлдим. Ул зот ҳассага ёки найзага суяниб, Аллоҳга ҳамд ва са­но айтиб, енгил, ширин ва муборак сўзлар айт­дилар.”

Имом Бухорий ва Имом Муслим “Саҳиҳ” китоб­ларида келтиришади. Ибн Масъуд ҳар пайшанба куни бизга сўзлаб берарди. Бир киши туриб: “Эй Абу Аб­дураҳмон, бизга ҳар куни сўзлашингизни хоҳлайман”, деди. Шунда Ибн Масъуд: “Сизларга малол келиб қо­лишини ёмон кўришим мени бундан қайтарди”, де­ди.

Шу мавзуда ҳазрат Алининг (каррамаллоҳу важ­ҳаҳу) қуйидаги бир шеърини келтирамиз:

Қалбу аъзолар малолланар албат,

Қалб учун истанг илму маърифат.

Сўзловчига эътиборли бўлиш

Бу одобдан мақсад сўзловчи бутун вужуди билан тинг­ловчиларга юзланишидир. Чунки гапираётган ки­ши диққату эътиборини қаратгани­да, эшитув­чи­лар­га мақ­сад ва мазмун янада яхшироқ тушунарли бў­лади.

Амр ибн Ос (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: “Ра­сулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қавмга юзланиб, қавмнинг хатоларини айтар эдилар. Қавм эса у кишига бу юзланишлари туфайли ошно бўларди” (Имом Табароний ривояти).

“Сиз учун энг суюкли киши ким?” деб сўрадим. У зот “Ойша”, деб жавоб бердилар.

“Йўқ, эркаклардан ким?” деб сўрадим яна.

Унинг отаси.

Кейин-чи?

Умар.

Ундан кейин-чи?

Усмон.

Сўнгра?

Али.

Мен тинмай сўрар, у зот тўхтамай жавоб берардилар. Мени айтавермаганларидан кейин охирги ўринга тушиб қолишдан қўрқиб, сўрашдан тийилдим.

Эркин муомалада бўлиш

Сўзлаш одобларидан бири сўзловчи гапираётган пайтда ва кейин ҳам тингловчи билан самимий муо­малада бўлишидир. Ўтирганлар зерикмасинлар ва сўзлаш асносида ўзларини асло ноқулай сезмасинлар.

عَنْ سِمَاكِ بْنِ حَرْبٍ قَالَ: قُلْتُ لِجَابِرِ بْنِ سَمُرَةَ رَضِىَ اللَّهُ عَنْهُ: أَكُنْتَ تُجَالِسُ رَسُولَ اللَّهِ صلى الله عليه وسلم؟ قَالَ: نَعَمْ كَثِيرًا كَانَ لاَ يَقُومُ مِنْ مُصَلاَّهُ الَّذِى يُصَلِّى فِيهِ الصبح أو الغداة حَتَّى تَطْلُعَ الشَّمْسُ فَإِذَا طَلَعَت الشَّمْسُ قَامَ وَكَانُوا يَتَحَدَّثُونَ فَيَأْخُذُونَ فِى أَمْرِ الْجَاهِلِيَّةِ فَيَضْحَكُونَ وَيَتَبَسَّمُ.

Симок ибн Ҳарб ривоят қилади. Жобир ибн Сам­ура­га (розияллоҳу анҳу): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга ўтирганмисан?” дедим. Шунда Жобир (розияллоҳу анҳу): “Ҳа, кўп маротаба ўтир­ганман. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва сал­лам) бомдод номозини ўқиган жойларидан қуёш чиқ­қун­ча турмас эдилар. Қуёш чиқса, турардилар. Расу­луллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам) ўтирганларида одамлар билан суҳбатлашарди­лар. Улар суҳбатларида жоҳи­лият давридаги ишларни айтиб кулишарди ва Пай­ғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) табассум қилиб қўярдилар” (Имом Муслим ривояти).

Сарвари коинот кишилар билан суҳбатлашиш жараё­нида чеҳралари очилиб, хуш кайфият билан табассум қи­либ ўтирганлар. Бу ҳол даврага тароват бахш этиб, ўз ўрнида бошқалар ҳам ўзларини эмин-эркин ҳис этиш­ларини таъминлайди. Бу хислат бар­ча­миз­га сабоқ бўл­моғи керак ва муомала жараёнида ҳаё­тимизга татбиқ этиб, фарзандларимизни ҳам шундай одобга одатлан­тир­моғимиз олдимизда турган улкан вазифалардандир.

Мулойимлик

Қайси хонадонда таълим-тарбия юксак бўлса, шу жойда хотиржамлик бор. Ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Аллоҳ ҳар бир ишда мулойимликни яхши кўради”. Қуръони каримнинг аввалидан охирига қадар инсонларга тарбия ва одоб ўргатилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мулойимлик сифати билан саҳобалар­ни ўзларига жалб қилдилар.

Демак, Расули акрамнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўмин-мусулмонларга мулойим бўлишлари ўзлари учун ҳам, умматлари учун ҳам Аллоҳнинг раҳмати экан. Мулойим, ширинсўз бўлиш катта бахт ҳисобланади. Ки­ши яхши сўз эшитган жойига, мулойим муомала кўр­ган шахсига меҳр қўяди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) сифатлари бу жиҳатдан энг олий ма­қом эди. У зотнинг (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) энг жозибадор кучлари ҳам шунда бўлган.

Фарзанд мулойимлик фазилати билан ахлоқини бе­заб, ёмон ахлоқлардан йирок бўлсин. Одамлар орасида шу фазилати тўлин ойдек кўриниб турсин.

Мулойимлик хулқий ва нафсий фазилатларнинг энг буюгидир. У инсонни баркамоллик чўққисига олиб чи­қади. Мулойимлик соҳиби билан суҳбатлашган ки­ши ун­га муҳаббатли бўлади. Биз учун намуна бўлган Ра­су­лул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳам тар­бия­лаётган са­ҳобаи киромларни мулойимлик сифатлари билан жалб этдилар, муҳаббатли қилдилар.

Табассум фазилати

Юзлаб одамлар ўтиб-қайтаётган гавжум кўчадан бор­япсиз. Демак, манзилга етгунча танишу нотаниш чеҳра­ларга кўзингиз тушади. Ана шунда сиз уларга очиқ юз билан жилмайиб боқинг. Кўрасизки, шу беозор табассуми­нгиз туфайли юзлаб одамларнинг руҳияти кўтарилади. Кайфиятингиз чоғ, юзларингиз кулгудан чарақлаб турган кезларда уззукун омад сизга ёр бўлганини эсланг. Ахир ўша кунда ён-верингиздаги кишилар ҳам меҳр билан боқишгани рост-ку.

Донишмандлардан бири: “Ҳаётимиз қандай бўли­ши сизу биз унга қандай маъно бахш этишимизга боғлиқ”, дейди. Ўйлаб қарасак, эндиликда бизнинг табассумларимиз нақадар қиммат туради! Аммо кўпинча уни ҳамма-ҳаммадан, ҳатто ўзимиздан-да қизғанамиз. Машҳур рассом шу каби ҳолатни бир неча расмларда усталик билан тасвирлайди: нимадандир ғазабланган бошлиқ ёрдамчисига заҳрини сочади. Шунда ёрдамчи ҳам хизматчилардан бирини қаттиқ койийди. Хизматчи ишлаб ўтирган матн терувчини уришиб беради, у эса эшикда ўтирган қо­ровулдан аламини олади. Бекордан-бекорга гап эшитган қоровул оёғи остида ётган кучукни тепиб юборади. Кучук ўз эгасини қопишга ботинолмай, хонасидан чиқиб кела­ётган бошлиқнинг оёғини тишлаб олади. Шундай қи­либ, бу ғавғонинг бош сабабчиси жазосиз қолмайди.

Табассум бир лаҳзада пайдо бўлади. Инсон юзидаги илиқ табассум билан ҳар қандай давранинг азиз меҳ­монига айланади.

Сиз қандай даврада бўлманг, ёнингиздагилардан табассумингизни дариғ тутманг. Уларга жилмайиб нигоҳ ташланг. Токи, табассумингиз чеҳраларда қот­ган музлар­ни эритиб юборсин. У меҳрдан тузилган гулшодалар янглиғ кўнгилларга сочилиб кетсин.

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Оилада фарзанд тарбияси” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм