Мақолалар

Ҳасад – иллат, ҳавас – фазилат

Чоп этилди Fevral 1, 2019 Ҳасад – иллат, ҳавас – фазилатda fikr bildirishni o'chirish

Тасаввур қилинг, ҳовлингиздаги дарахтларни парваришлаётиб бехос қўлингиз териси шилиниб кетди ёки пиёзми, сабзими тўғраётиб бармоғингизни кесиб олдингиз. Бу кичик жароҳат тезда тузалиб кетса-да, бироқ дастлаб ёмон ачишади, ҳатто оғриқ ҳам бериб, безовта қилади. Агар вақтида муолажа қилмасангиз, газак отиб кетиши ҳеч гапмас.

Юрагингизни шилиб олсангиз-чи?

“Юрак ҳам шилинадими”, демоқчимисиз? Ҳа, юрак шилинади, ҳасад билан. «Ҳасад» сўзи луғатда «арчиш» ва «шилиш» маъноларини англатишини билармидингиз?!

Уломоларимиз ҳасад билан ҳавасни ажратиб: “Ҳасад – бировга берилган неъмат (мол-дунё,мансаб-мартаба ва ҳокозо)га ёмон ният билан қараш ва ўша неъмат ундан кетиб, ўзига берилишини ҳоҳлаш”, деганлар.

Ҳавас эса, бировга берилган неъматдан хурсанд бўлиб, ўша неъматни эгасида барқарор бўлишини ҳоҳлагани ҳолда ўзига ҳам шундай неъмат берилишини ҳоҳлашдир.

Ҳавас қилиш ҳақида Абдуллоҳ ибн Масъуд (розияллоҳу анҳу) ривоят қилинган ҳадисда Росулуллоҳ с.а.в.шундай марҳамат қилдилар: “Фақат икки кишига “ҳасад” қилса бўлади: Аллоҳ таоло берган молини ҳақ йўлда сарфлаган кишига ва Аллоҳ таоло берган илму ҳикмат билан ҳукм қилган ва уни ўргатган кишига”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Ушбу ҳадисдаги “ҳасад” калимаси молини яхши ишларга сарфлаётган кишига ёки илмига амал қилган олимга ҳавас қилиш маъносидадир. Чин мўмин ҳавас қилишга арзирли кишидир.

Одамларга, жамиятга, миллатга, Ватанга зарар келтирадиган ҳар қандай иллатни, шу жумладан, ҳасадни ҳам муқаддас динимиз қаттиқ қоралайди. Шайтон Одам Атога ҳасад қилгани туфайли Аллоҳнинг ғазабига учради ва лаънатланди. Одам (алайҳиссалом)нинг ўғли Қобил иниси Ҳобилни ҳасад туфайли ўлдириб, Ер юзида илк қон тўкилишига, қотилликка сабабчи бўлди.

Бугун, афсуски, орамизда ҳасад жуда урчиб кетди. Шу иллат илдиз отиши оқибатида ака ука билан, опа сингил ила юзкўришмас бўлиб кетаётир. Халқ орасида юриб, аҳоли билан мулоқот қилиб, шуни билдимки, ҳасад туфайли оилалар пароканда бўлмоқда. Кўролмаслик оқибатида одамлар бир-бирини тузоғига илинтираётир.

Аллоҳ таоло: «Ёки (улар) Аллоҳ Ўз фазлидан берган неъматлари учун одамларга ҳасад қилишадими?» дея марҳамат қилади (Нисо сураси, 54-оят), деб марҳамат қилади.

Анас (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади. «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнида ўтирганимизда: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – дедилар. Шу пайт ансорийлардан бир киши таҳорат сабабли соқолларидан сув томиб турган, ковушини чап қўлида кўтариб олган ҳолда кириб келди. Эртаси куни ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – дедилар. Шунда яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Учинчи куни ҳам Пайғамбаримиз: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – дедилар. Яна ўша киши аввалги ҳолатида кириб келди. Расулуллоҳ туриб кетдилар. Абдуллоҳ ибн Амр ибн Ос айтади: “Ҳалиги кишининг изидан бориб: “Отам билан аразлашиб қолиб, уч кун уйга бормасликка қасам ичдим, агар имкони бўлса, қасамим ечилгунича сизникида тунасам, нима дейсиз”, – дедим. Ансорий саҳоба рози бўлди. Абдуллоҳ ибн Амр уч кеча у билан тунади. Уни тунда (тунги намоз учун) турганини кўрмади. Лекин кечалари уёқ-буёққа ағдарилганда, Аллоҳни зикр қилар ва такбир айтиб қўярди. Шу билан бомдод намозига туриб, таҳорат қиларди (Абдуллоҳ: “У кишидан фақат яхши гапларни эшитдим”, – дейди). Уч кеча ўтгач, мен унинг амаллари кам эканига иқрор бўлди. Унга: “Эй, Аллоҳнинг бандаси! Аслида отам билан ўртамизда ҳеч қандай аразлашиш бўлмаган, лекин Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) уч марта: “Ҳозир ҳузурингизга жаннат аҳлидан бўлган киши келади”, – дедилар. Уч марта ҳам сиз кириб келдингиз. Сизникида тунаб, амалларингизни кўрмоқчи бўлдим. Улуғ ажрга эга амал қилганингизни кўрмадим. Сиз Расулуллоҳ айтган даражага қандай етдингиз?”, – дедим. У: “Амалларим – шу. Лекин бир амалим бор,балким шу амалимдир,бирор кишига ҳасад қилмайман”, – деди. Абдуллоҳ ибн Амр р.а: “Ана шу сизни (улуғ) даражага етказган ва биз тоқат қила олмайдиган нарсадир”, – деди» (Имом Аҳмад ривояти).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ҳам ҳасаднинг ёмон экани ҳақида бир неча ҳадиси шарифлар ривоят қилинган: «Кимўзарга уриниб, ўзаро ҳасад қилманглар»; «Ҳасаддан четланинглар, чунки олов ўтин ёки ўт-хашакларни еганидек, ҳасад ҳам ҳасанотлар (яхши амаллар)ни еб битиради»; «Мўмин банданинг ичида имон билан ҳасад жам бўлмайди»; «Ҳасад эгаси мендан (менинг умматим) эмас», деганлар.

Ёнғин чиққан ерда олов ҳамма нарсани куйдириб кулга айлантирганидек, ҳасад ҳам, аввало, ҳасадчининг ичини куйдиради. Кейин аста аланга олиб, эгасининг барча яхшиликларни йўқ қилиб юборади.

Уломоларимиз инсонда ҳасад пайдо бўлишига айрим сабабларни айтганлар:

  1. Душманлик ва ёмон кўриш. Бу ҳасаднинг энг кучли сабаларидан бири ҳисобланади. Икки киши урушиб қолса, келишмовчиик сабабидан бир бирини ёмон кўриб қолади. Ҳасад туфайли бир-бирига зарар етса хурсанд бўлади.
  2. Кўра олмаслик. Бошқаларни ўзидан устун бўлишини кўра олмаслик сабабидан ҳасад қилади.
  3. Кибр туфайли ҳасад қилади. Мутакаббир инсон ўзини бошқалардан устун қўйиб мақтаниб юрган бўлади.бошқаларни эса ўзидан паст санаб,камситиб юради.қачон ўша ўзидан паст санаб юрган инсонларга бирор бир неъмат етса чидай олмасдан унга ҳасад қилади.
  4. Мансаб ва шуҳратпарстлик сабабидан ҳам ҳасад қилади. Бир инсонни эришган ютуқлари туфайли бир мансаб ёки лавозимга ўтирган бўлса,ўша мансаб ёки лавозимни ундан тортиб олиш учун унга ҳасад қилади ва мақсадига эришиш учун нима иш қилиш керак бўлса ҳеч нарсадан тап тортмай душманлик қилади.

Бу ҳасад иллати инсонни дунёсига ҳам охиратига ҳам катта зарар келтиради.

Буюк бобомиз Абу Лайс Самарқандий: «Ҳасаддан зарарлироқ нарса йўқ. Ҳасад балоси ҳасад қилувчи кишига бешта азобни келтиради. Бу азоблар ҳасад қилинган кишига эмас, балки ҳасадчи адойи тамом қилади: ғам-ташвиш; мусибат, Аллоҳнинг ғазабига гирифтор бўлади; тавфиқ эшиклари ёпилади, эзгу ишлари куйиб кетади», деган.

Аллоҳ таоло бир бандасини бой-бадавлат, бошқасини ўртаҳол, яна бирини эса фақир, ночор қилиб яратган. Дунёнинг ҳамма ерида одамлар шу мезон асосида яшашади. Бундан фожиа ясамаслик, қўшниси ёки қариндошининг бойиб кетганига ҳасад, хусумат қилмаслик керак.

Ҳасан Басрий (раҳматуллоҳи алайҳ) бундай дедилар: «Эй одам фарзанди! Нима учун биродарингга ҳасад қиласан. Агар уни ҳурматлаш учун Аллоҳ таоло ўз фазлидан берган бўлса, нима учун Аллоҳ ҳурмат қилган кишига ҳасад қиласан? Бундан бошқа нарсада бўлса, унинг боражак жойи дўзах бўлганидан ҳасад қилмоғинг ҳам яхши эмасдир».

Мўмин киши яхшилик ва ёмонлик ҳам, бойлигу камбағаллик ҳам, маъмурлигу танглик ҳам, амалу мартаба ҳам – барчаси Аллоҳнинг синови эканини англаши лозим. Имони заиф кимсалар амалга ўтирса ёки пули кўпайса дарров оёғи остини кўрмай қолишади. Қўл остидагиларга зулм қилади, дўсту ёронларининг пулларини тортиб олади. Зинога, ароқ ичишга ружу қўяди.

Бу нокас ўзини ақллиман, ишбилармонман, тадбиркорман, қўлим ҳамма ёққа етади, деб ўйлайди. Ваҳоланки, Аллоҳ таоло бирор кишига ғазаб қилса, унинг ҳаромдан топаётганига барака киритиб қўйиши мумкин.

Уломоларимиз ҳасадга мубтало бўлган инсонларга бу иллатни даволаш йўлларини ўргатганлар.

Ҳасад қалб хасталиги бўлгани учун у илм ва амал билан даволанади.

Илм билан даволаш усули:

а) Ҳар бир инсон ҳасад ўзининг дини ва дунёсига зарар эканлигини билиши лозим. Кимга ҳасад қилганда ҳам  ҳасад қилинган инсонни  на динига ва на дунёсига зарар етказа олмаслигини тушуниши керак.

б) Инсон ҳасад қилгани билан бошқага берилган неъматни заволга учрата олмайди ёки шу неъмат тугаб қолмайди. Чунки унга шу неъматни Аллоҳни ўзи берган ва Аллоҳ белгилаган муддатгача  тураверади. Бировнинг ҳасади унга зарар етказа олмаслигини билиши лозимдир.

Амал билан даволаш усули: Инсонга ҳасади қайси амални  буюрадиган бўлса ўша амални аксини қилиши лозим. Масалан, ҳасади унга душманини ёмонлашни амр  қилса , у  мақташга ўтиши керак. Ҳасади унга мутакаббирлик қилишга буюрса, у инсонлар олдида тавозуълик билан юриши керак. Ана шу даво услублари  билан бу қалб хасталигидан қутилиши мумкин.

Бугун жаннатмонанд юртимизда яшаётган ҳар бир киши ҳасад билан эмас, ҳавас билан яшаши керак. Зеро, муқаддас динимизда фақат икки нарсага “ҳасад” қилишга рухсат этилган.

Мухтасар айтганда, юрагимиз фақат яхшилик учун ачишсин. Ҳадисда қайд этилганидек, сахий ва ахий кишиларга, олим ва фозилларга “ҳасад” қилайлик.

 

Салоҳиддин ТОШАНОВ,

Яккасарой тумани “Яккасарой” жоме масжиди имом-хатиби