Мақолалар

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатимиз далили

Чоп этилди Dekabr 11, 2019 Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга муҳаббатимиз далилиda fikr bildirishni o'chirish

Тарихдан маълумки, Макка мушриклари элчиси Урва ибн Масъуд Сақафий Ҳудайбия сулҳи куни саҳобаларнинг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муносабатларини, У зотни қандай ҳурмат-эҳтиром қилишларини диққат билан кузатгач ва қавмига қайтиб боргач бундай деди: “(Эй қавмим), қасамки, мен кўп подшоҳлар, жумладан, Қайсар, Кисро ва Нажоший ҳузурида бўлганман. Аллоҳга қасамки, бирон-бир подшоҳнинг аъёнлари Муҳаммаднинг асҳоби Уни улуғлаганидек улуғлаганини кўрмаганман… Агар бир ишга буюрса, уни адо этишга шошилишади. У гапирса, овозларини чиқармай, жим қулоқ солишади. Уни ҳурмат қилганларидан юзига тик боқишмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Оламларга раҳмат қилиб юборилган саййидимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва салламни яхши кўриш ва У зотнинг муҳаббатларини бошқа барча инсонлар муҳаббатидан устун қўйиш динимиз талабидир. Бу ҳақдаги ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Бирортангиз, токи Мен унга отаси, боласи ва жамики инсонлардан маҳбуброқ бўлмагунимча (комил) мўмин бўлолмайди” (Имом Бухорий ривояти).

Сийрат китобларида саҳобаи киромларнинг Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саламга нисбатан ақл бовар қилмас муҳаббатларига далолат қилувчи фидокорона ишлари баён қилинган. Жумладан, Уҳуд жангида бир аёлнинг эри, укаси ва отаси вафот этади. Учовининг вафотини эшитган аёл “Расулуллоҳга нима бўлди?”, деди. Шунда: “Расулуллоҳ тирик!”, дейилди. Аёл: “Менга Расулуллоҳни кўрсатинглар, У зотни бир кўрай”, деди. У зотни кўрганидан кейин бундай деди: “Эй Аллоҳнинг расули, сиз соғ-саломат экансиз, қолган мусибатлар менга ҳеч нарса эмас!” (“Ас-Сийратун Набавия” китобидан).

Бир киши Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ҳузурларига келиб: “Қиёмат қачон бўлади?” деб сўради. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам унга: “Қиёмат учун нима тайёрлагансиз ўзи?” дедилар. У: “Ҳеч нарса!”, “Лекин, мен Аллоҳ ва Унинг расулини яхши кўраман”, деди. Набий саллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сиз ўзингиз яхши кўрганлар билан бирга бўласиз!”, дедилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ходимларидан бўлмиш Савбон розияллоҳу анҳу бир куни Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг ҳузурларига ранги ўзгарган, хафа ҳолида келди. Расулуллоҳ унга: “Сизга нима бўлди?” дедилар. Савбон розияллоҳу анҳу: “Ё Расулуллоҳ, менда ҳеч қандай беморлик ва оғриқ йўқ, лекин, бироз сизни кўрмасам соғиниб, оғир аҳволга тушаман. Эй Расулуллоҳ! Сизни жаннатдаги мақомингизни ўйладим. Сиз пайғамбарлар билан энг олий мартабада турасиз. Мен жаннатга кирган тақдиримда ҳам паст мартабада бўламан. Мабодо жаннатга кира олмасам, Сизни абадул-абад кўра олмайман. Шундан ғамгинман, эй Расулуллоҳ!” – деди. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бирор нарса демай, жим қолдилар. Бироздан сўнг бу ояти карима нозил бўлди: “Кимда-ким Аллоҳ ва Пайғамбарга итоат этса, айнан ўшалар Аллоҳнинг инъомига эришган зотлар, яъни пайғамбарлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳ кишилар билан биргадирлар. Улар ҳамроҳ сифатида нақадар гўзалдир! Бу Аллоҳдан (бўлган) фазлдир. Аллоҳ етарли (даражада) билимдондир” (Нисо сураси, 69 – 70-оятлар).

Демак, қайси бир мусулмон Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламни чин дилдан яхши кўрса, албатта, жаннатда У зот билан ҳамроҳ бўлиш бахтига муяссар бўлади.

Уламоларимиз кишининг Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга бўлган муҳаббати қанчалик чин эканлигига бир нечта амаллар далолат қилади, дейдилар. Улардан энг зарурларини келтирамиз:

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламга кўп салавот ва саломлар йўллаш.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламга салавот айтиш фазилати ҳақида ҳадиси шарифда бундай дейилган: “Ким менга бир марта салавот айтса, Аллоҳ унга ўн марта раҳмат йўллайди. Унинг ўнта гуноҳи ўчирилади. Ўн даража мартабаси кўтарилади” (Имом Аҳмад ва Имом Насоий ривояти). Яна бир ҳадиси шарифда бундай марҳамат қилинади: “Ким менга эрталаб ўн марта, кечқурун ўн марта салавот айтса, Қиёмат куни мен уни шафоат қиламан” (Имом Табароний ривояти).

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суннатларига амал қилиш.

Ҳар биримиз Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг сийратлари ва ҳаётларини ўрганиб, барча иш ва амалимизда У зотга эргашиш, суннатларига мувофиқ ҳаёт кечиришни бир-биримизга тарғиб қилишимиз керак. Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг сийратларини қанча кўп ўргансак, У зотга бўлган муҳаббатимиз янада ортади. Шу билан бирга шариатимизнинг баъзи ҳукмлари ва мақсадларини яхшироқ англаймиз.

Аллоҳ таоло барчамизни Расулимиз алайҳиссаломга муносиб уммат бўлиш бахтига муяссар айласин!

Манбалар асосида Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ғуломиддин ХОЛБОЕВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 22-сонидан