Ўзбекистон янгиликлари

Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайди

Чоп этилди Dekabr 12, 2019 Ҳеч ким меҳр ва эътибордан четда қолмайдиda fikr bildirishni o'chirish

Ўзбекистон мусулмонлари идораси раиси, муфтий Усмонхон Алимов ҳазратлари ва Дин ишлари бўйича қўмита раиси Абдуғофур Аҳмедов Самарқанд вилоятига сафарлари мобайнида ҳудуддаги ёрдамга, меҳр ва мурувватга муҳтож, жисмоний имконияти чекланган кишилар билан ҳам учрашиб, улар билан дилдан суҳбат қурдилар.
Уларнинг дард ва муаммоларига қулоқ тутиб, эҳтиёжларини қондириш учун чоралар қўлламоқда. Ана шундай хайрия тадбири доирасида Самарқанд вилоятидаги 50 нафар кам таъминланган, 30 нафар эшитиш ва гапиришида нуқсони бор шахслар, 20 нафар чин етим болалар, 10 нафар ногиронлиги бўлган шахслар, “Меҳр” инсонпарварлик операцияси билан она-Ватанига қайтарилган 2 нафар бола ҳамда авф этилган 10 нафар фуқароларга инсонпарварлик ёрдамлари кўрсатилиб, уларга “Вақф” хайрия жамоат фонди томонидан озиқ-овқат маҳсулотлари, ногиронлик аравачалари, кийим-кечак, диний-маърифий мазмундаги адабиёт ва бошқа совғалар улашилди.
Тадбир давомида кўнгли ўксик инсонларга кўрсатилган меҳр ва эътибор, уларнинг қалбига шодлик олиб кирди. Буни уларнинг кулиб турган юзлари ва завққа тўлган кўзларидан сезиб олиш қийин эмас эди.
Зеро, меҳр-мурувват, ҳамжиҳатлик, сахийлик динимиз улуғлаган, халқимиз ардоқлаган, асрлар оша амал қилиб келаётган гўзал фазилатдир. Хайр-саховат, сахийлик инсонлар ўртасида меҳр-оқибат ришталарининг мустаҳкамланишига, ўзаро ҳурмат ва тотувликнинг ортишига хизмат қилади.

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Самарқанд вилояти вакиллиги матбуот хизмати