Мақолалар

Қалб билан сир, сир билан руҳ орасидаги фарқ

Чоп этилди Dekabr 13, 2019 Қалб билан сир, сир билан руҳ орасидаги фарқda fikr bildirishni o'chirish

Эҳсон билан яшашнинг икки даражаси бор. Биринчиси, “Аллоҳни кўриб тургандек ибодат қилиш” бўлиб, бу олий мартабадир. Иккинчиси, “сен Уни кўрмасанг ҳам У сени кўриб турибди” мартабаси бўлиб, пастроқ мақомдир. Бироқ эҳсоннинг ҳар қанча паст даражаси бўлса-да, имон билан яшашга қараганда барибир устун мартабадир. Чунки эҳсон Ҳақни мушоҳада қилувчи мақомининг хизматкори ва рубубият оламини мушоҳада қилишга йўналишдир. Ҳақ илмининг шакли билан жам бўлмоқ, Ҳақни кўришдан қўрқиб, ўзликдан ва халқдан халос бўлмоқдир. Тариқат аҳли тилида бу мақомга муроқаба дейилади.

Мурид бу мақомга эришгач, хавф ва қўрқувга тўлади. Ҳаромга қарамайди, ҳалолга ҳам ўта эҳтиёткорлик билан муомала қилади. Хилват ҳолида ёлғиз ўзи ёстиққа суянмайди, оёғини узатмайди. Ўйин-кулги, ҳазил-мазах қилмайди, дунёвий сўзлардан тийилади, одатий ишларни қилмайди. Гўёки дунё подшоҳининг ҳурмат-эътиборига тушганини билиб, сукунат ва ҳузурга эришган бир хизматчига ўхшаб қолади. Адаб ва эҳтиромга тўлиб-тошади. “У сени кўриб турибди” мақомига қадам қўйган муриднинг ҳоли ҳам шундайдир. Парвардигорига нисбатан ҳурмати ва адаби янада ортиб боради. Ҳақ таолодан бошқа ҳамма нарсадан узоқлашади, ўзлигидан кечади, “У сени кўриб турибди” оламининг ҳайбати билан тўлиб тошади.

Исломий парвариш ва тобланиш жойи тан, имоний парвариш ва тобланиш жойи дил бўлганидек, эҳсоннинг парвариш ва тобланиш жойи сир ва жон (руҳ)дир. Руҳ “худди сен Уни кўриб тургандек” ифодасининг маконидир. Сир эса “Билгинки, У сени кўриб туради” ифодасининг маконидир. Тан билан қалб орасидаги фарқ юқорида айтиб ўтилган эди. Энди қалб билан сир ҳамда сир билан руҳ орасидаги фарқни изоҳлаймиз.

Қалб билан сир орасидаги фарқ шундай: қалб ўзгарувчан бўлиб, турли оламларда кезиб юради. Баъзан сир ва руҳ пардасида Азиз бўлган Ҳақ таолонинг иззатини кўрувчидир, баъзан сир ва жон пардасида фаришталарнинг пок­лигини томоша қилувчидир. Баъзан сир ва жон парда­сида пайғамбарларнинг изларини му­шо­ҳада қи­лувчидир. Гоҳо сир ва руҳ пардасида қиёматдан кейинги қайта тирилиш кунини кўз олдига кел­тиради, гоҳо эса сир ва руҳ парда­сида қазою қадарга назар солади. Сир эса ҳол­дан ҳолга ўтмайди. Балки “У сени кўриб туриб­ди” жумла­сининг қўрқув ва ҳайбатида қарор топади. Кечасию кундузи, муқимлик ё сафарда ун­дан хабар­дорлиги йўқ, у ҳам булардан бохабар эмас. Подшоҳи Зулжалолнинг назари остида эка­нини, нима деса, нима қилса ва нима ўйла­са бар­часини (Аллоҳ таоло) кўриб турганини била-
ди ва истиғроқ ҳолига тушади.

Сир ва руҳ орасидаги фарқ эса бундай: руҳ подшоҳи Зулжалолнинг назари остида эканини билади. Унинг назари билан бутун борлиги адаб ва ҳурматга тўлади. Ҳақ таолодан бошқасига илтифот қилмайди, бошқа нарсалар билан ором топмайди, бутун кўзини Азиз бўлган Аллоҳ таолонинг иззатли дийдорига қаратади.

Бу мақомлар ва маънавий даражалар бодом ёки ёнғоққа ўхшашдирлар. Уларнинг пўстлоғи, мағзи ва ёғи бор. Ёғ мағизда, мағиз пўстлоқ остида пинҳондир. Дунёдаги энг кўзи ўткир одамлар йиғилиб, пўстлоқ ва мағиздаги ёғни кўрмоқчи бўлсалар, асло кўролмайдилар. Мағизни пўстлоқда кўришга уринсалар ҳам кўролмайдилар. Чунки мағизни кўриш учун пўстлоқни чақиш керак. Мағизни оғир нарса билан эзиб янчмагунча ёғни кўролмайдилар. Дин оламида эса пўстлоқ баданнинг сўз ва ишларидир. Мағиз қалбнинг тафаккуридир. Ёғ сирнинг ҳузури илоҳийга эришувидир. Жон бу муборак ёғ билан тўла чироғдон нуридандир. Ҳақ таоло фармон қилади:

(Эй Муҳаммад) сиздан руҳ-жон ҳақида сўрайдилар. Айтинг: “Руҳ ёлғиз Парвардигорим биладиган ишлардандир”. Сизларга жуда оз илм берилгандир” (Исро сураси, 85-оят).

 

 

 

Юсуф ҲАМАДОНИЙнинг

“Ҳаёт мезони” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 12000 сўм