Мақолалар

Вақт – тиғи ўткир қиличдир

Чоп этилди Dekabr 13, 2019 Вақт – тиғи ўткир қиличдирda fikr bildirishni o'chirish

Муҳтарам ота-она, фарзанд тарбиясида сиздан доимо огоҳ ва сергак бўлиш талаб этилишини унутманг! Ота-онанинг юксак вазифаларини ёдга солиб, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларини келтиришни лозим кўрдик:

قَالَ رَسُول اللهصلى الله عليه وسلموالرَّجُلُ رَاعٍ في أهْلِهِ وَمَسْؤُولٌ عَنْ رَعِيَّتِهِ ، وَالمَرْأةُ رَاعِيَةٌ في بيْتِ زَوْجِهَا وَمَسْؤُولَةٌ عَنْ رَعِيَّتِهَا. (متفق عليه)

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: Эркак ўз аҳлига бошлиқ ва у қўл остидагига масъулдир. Аёл эрининг уйида бошлиқ ва у ўз қўл остидагига масъулдир…”, дедилар» (Муттафақун алайҳ).

ما نحل والد ولدا من نحل أفضل من أدب حسن (رواه الترمذي)

Ота фарзандига гўзал одобдан яхшироқ нарса беролмайди” (Имом Термизий ривояти).

Аллоҳ таоло оила раҳбарларини инсон тасаввурига сиғдира олмайдиган даражадаги улкан азобдан огоҳ этиб, шунинг баробарида уларнинг зиммаларига улкан масъулият юклади. Тарбияга масъул ҳар бир кишининг қалбида ва кўз ўнгида мудом ушбу оят жаранглаб туриши лозим:

“Эй имон келтирганлар! Ўзларингизни ва оила аъзоларингизни ёқилғиси одамлар ва тошлар бўл­миш дўзахдан сақлангизки, унда дағал ва қаттиққўл, Аллоҳ буюрган нарсага итоатсизлик қилмайдиган, фақат буюрилган ишни қиладиган фаришталар (хизмат қилурлар)(Таҳрим сураси, 6-оят).

Дарҳақиқат, дунёда аёвсиз бир “қилич” бор, бу –  вақтдир. У тиғи шундай ўткирки, Аллоҳнинг маҳбуб бандалари бўлмиш пайғамбарларни ҳам аямади. У шундай аёвсизки, ҳатто ҳайбату важоҳатлари дунёни ларзага солган жаҳонгир, саркардаларга ҳам шафқат қилмади.

Аммо уларнинг устунлиги бор: Парвардигор инъом этган вақтнинг бир бўлаги ҳисобланмиш умрдан оқилона фойдаланиб, “қилич”нинг домига тушмасдан бурун уни кесишга улгурганларидир. Шу боис уларнинг умрлари поёнига етганида ҳам бу “қилич” аёвсиз тарзда эмас, балки мулойим ва оҳисталик билан ишини бажарган. Тилсимотларга тўла бу умрнинг заволи қанчалар аянчли бўлишига қарамасдан, вақтни ҳам ўз домига ютгувчи ажалдир. Ҳар бир инсонга пойма-пой, нафасма-нафас таъқиб қилаётган, ризқ тугашини интизорлик билан кутаётган бу ажал тўсатдан келади. Шунинг учун ҳар бир ота-она зиммасидаги вожиб амалларни пайсалга солмасдан, вақтида адо этиши шарт. Хуллас, қиладиган ишларимиз, ечимини кутаётган муаммоларимиз талайгина. Зеро, дунёдаги шармандаликдан ва охиратдаги азобдан қутулишнинг бирдан-бир чораси ҳам шундан иборатдир.

Инчунун, Аллоҳ таоло бандаларини огоҳ этиб, бундай дейди:

“Сизларга азоб келиб, сўнгра ёрдам берилмай қолишидан илгари Раббингизга қайтингиз ва унга бўйинсунингиз! Сизларга, ўзларингиз сезмаган ҳолингизда тўсатдан азоб келиб қолишидан илгари, Раббингиз (томони)дан сизларга нозил қилинган гўзал нарса (Қуръон)га эргашингиз!” (Зумар сураси, 54–55-оятлар).

 

 

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Ёшлар келажагимиз” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 24000 сўм