Мақолалар

Ота-она ҳақи

Чоп этилди Fevral 4, 2019 Ота-она ҳақиda fikr bildirishni o'chirish

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди. (Эй, инсон!) Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт! Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар)гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!»” (Исро, 23-24).

“Уларга ёқимли сўз” айт деганда ота-онани номи билан чақирмаслик, балки “отажон, онажон” каби сўзлар билан ёш гўдакларга хос муомала қилиш, уларни ранжитадиган гапларни гапирмаслик, улар олдида ўзини қул ёки чўрилардек тутиш кабиларни тушуниш керак (Шайх Абдулазиз Мансур).

“Раббингиз, Унинг Ўзигагина ибодат қилишингизни ҳамда ота-онага яхшилик қилишни амр этди”

Аллоҳ таоло ушбу оятда ўзидан бошқага итоат қилмасликка буюрмоқда. Яъни, гуноҳ ва маъсият ишларда ҳеч кимга итоат йўқ, тоат-ибодатда ёлғиз Аллоҳ таолога бўйсунилади. Бу оятда оламлар Раббисига итоат қилиш билан бир қаторда, ота-онага яхшилик қилиш ва меҳр кўрсатиш каби буюк бир ибодатга ҳам ундов бор. Ота-онага меҳр кўрсатиш ва Аллоҳ таолога ибодат қилишни бир оятда жам бўлишида, ота-онанинг ҳақи нақадар улуғ эканига ишора бор.

“Агар уларнинг бири ёки ҳар иккиси ҳузурингда кексалик ёшига етсалар, уларга «уф!..» дема ва уларни жеркима! Уларга (доимо) ёқимли сўз айт!”

Ота-онанинг ҳаётлиги фарзандга берилган буюк неъмат. Фарзандга уларнинг xизматларини қилиб, меҳр кўрсатиб ва яхши сўзларни айтиб, розиликларини олиши лозимдир. Фарзанд Аллоҳ таолога гуноҳ бўлмайдиган барча ишларда ота-онага итоат қилади ҳамда буйруқларини бажаради. Уларнинг xизматларини қилиш жараёнида бирор иш айтса жеркиб, уф деб озор бермайди. Бу борада Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ таоло фарзандни ота-онага оқ бўлиши учун “уф” дейишдан ҳам кўра пастроқ нарса бўлса, уни ҳам ҳаром қилган бўларди. Оқ бўлган фарзанд қанча яхши амал қилмасин, жаннатга кирмайди”, дедилар (Самарқандий тафсири).

Бугунги кунда фарзандлар ота-онасига Аллоҳ таоло буюрганидек xизмат қилиб розиликларини оляптиларми? Беш бармоқ бир хил бўлмаганидек, гоҳида фарзандлар ота-оналарини жеркиётгани, ҳафта-ойлаб гапирмаётгани, гоҳ-гоҳ бадбаxт фарзанд отасини калтаклаётганию турли-туман озорларига гувоҳ бўламиз. Мазкур ишлар фарзандни икки дунё саодатидан бебаҳра қилиб, охиратда дўзах азобига дучор қилади. Ким дунёда баxту саодат ва омаду қувончга эришмоқчи бўлса, ота-онасига яхшилик қилиб, уларни рози қилсин. Халқимизда “Ота рози Xудо рози”, “Жаннат оналар оёғи остида” каби кўплаб мақоллар бор. Келинг, биз ҳам отамизни рози қилиб Ҳудони рози қилайлик! Онамизни рози қилиб жаннатга кирайлик!

“Уларга, меҳрибонлик билан, хорлик қанотини паст тут ва (дуода) айт: «Эй, Раббим! Мени (улар) гўдаклик чоғимда тарбиялаганларидек, Сен ҳам уларга раҳм қилгин!»”

Фарзанд ота-онасининг ҳузурида доимо ҳокисор бўлиши, ўзини паст олиши, овозини юқори кўтармаслиги, уларга меҳрибон ва раҳмдил бўлиши лозим. Шу билан бирга уларнинг ҳақига кўп дуо қилиши ҳам зарур. Ушбу ояти каримада Аллоҳ таоло бизларга қандай дуо қилишни таълим бермоқда. Ҳар қандай ота-она фарзандини баxту соадатга эришиши, илм-маърифат чўққиларини забт этиши, камолoти юксак бўлишини орзу қилади. Ўзида мужассам меҳр-мурувватнинг барчасини фарзандига бахшида қилади. Шунингдек, фарзанд ҳам Аллоҳ таолодан дунё ва охират яхшиликларини барчасини ота-онасига беришини сўраб, дуо қилиши лозимдир. Фарзанд ҳам гўдаклик, болалик ва ўсмирлик, қисқа қилиб айтганда бутун ҳаёт давомида онасидан кўрганидан афзал меҳр кўрсатиши керак.

Аллоҳ таоло бизларни ота-онасини рози қилиб, ўзларига жаннатни вожиб қилиб оладиган фарзандлардан қилсин. Ота-онаси вафот қилганларни, уларга муносиб фарзандлардан қилсин.

 

манба:muslim.uz