Мақолалар

Мўл ризқ ва узун умр сири

Чоп этилди Dekabr 14, 2019 Мўл ризқ ва узун умр сириda fikr bildirishni o'chirish

Қариндошларга яхши муомала қилиш, улар билан ўзаро борди-келди алоқаларни мустаҳкамлаш динимиз буюрган амаллардандир. Силаи раҳм қиладиган инсон бу дуёда меҳр қозонса, охиратда улуғ ажру мукофотларга ноил бўлади.

Аллоҳ таоло марҳамат қилади: “Қариндошга, мискин ва йўловчига (хайр-эҳсон қилиш билан) ҳақларини адо этинг…” (Исро сураси, 26-оят). Маҳрам бўлган муҳтож қариндошга нафақа бериш билан уларнинг ҳақи адо этилади.

Киши қариндошларига сарфлаган харжлари учун савоб олиш билан бирга уларнинг муҳаббатига сазовор бўлади. Шариатимизда ўзига тўқ инсон ночор қолган яқин қариндошига ёрдам кўрсатиши вожибдир. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:Мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг бундай деганларини эшитганман: “Ким ризқи мўл-кўл қилинишини ва умри узайтирилишини истаса, силаи раҳм (қариндошлар билан алоқа) қилсин!”, дедилар” (Имом Бухорий ривояти).

Аҳолиси ўзаро меҳр-оқибатли, қариндошликни қадрлайдиган юрт бой ва обод бўлади. Ибн Аббос розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, Аллоҳ бир мамлакатни обод этади ва одамларини бой қилади. Уларни яратганидан бошлаб уларга ғазаб билан боқмайди”, дедилар. Шунда: “Эй Аллоҳнинг расули, бунинг сабаби нима?” деб сўралди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Шу мамлакатда яшовчилар қариндошликни узмаганидан”, дедилар (Имом Табароний ва Имом Ҳоким ривояти).

Абу Ҳурайрадан розияллоҳу анҳу ривоят қилади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимда уч нарса топилса, Аллоҳ унинг хисоб-китобини енгил қилади ва Ўз раҳмати ила жаннатга киргизади”, дедилар. Шунда: “Ота-онам сизга фидо бўлсин, ё Аллоҳнинг расули, улар нималар?” деб сўрашди. Набий (алайҳиссалом): “Йўқсил қишига ҳадя беришинг, узилган қариндошлар билан боғланишинг, жаҳл қилганни кечиришинг, агар шуларни қилсанг, Аллоҳ сени жаннатга киргизади”, дедилар (Имом Баззоз, Имом Та­ба­роний, Имом Ҳоким ривояти).

Динимизнинг гўзал кўрсатмаларига амал қилиб, қон-қариндошлик ипларини боғловчи, уларнинг ҳақларини адо этувчи, хурсандчилик ва маҳзун дамларда уларга шерик бўлувчи кишиларга Аллоҳ таолонинг раҳмати тобора яқин бўлаверар экан. Яратган Роҳман эгамиз бизни ана шундай инсонлар қаторида бўлишни насиб айласин.

Манбалар асосида Амударё тумани  “Нўғой эшон” жоме масжиди имом-хатиби

Ўктам ҚУРБАНИЯЗОВ тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 22-сонидан