Мақолалар

Бефойда сўзлар банданинг зарарига экани ҳақида

Чоп этилди Dekabr 14, 2019 Бефойда сўзлар банданинг зарарига экани ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Отам (розияллоҳу анҳу) Қутайба ибн Саид (розияллоҳу анҳу)дан, у Солиҳ ибн Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу)дан, у Наср ибн Али Жаҳзамий (розияллоҳу анҳу)дан, у Юсуф ибн Мусо Қаттон (розияллоҳу анҳу)дан, у Исмоил ибн Наср ибн Абу Майсара Маккий (розияллоҳу анҳу)дан, у Абдуссамад ибн Сулаймон (розияллоҳу анҳу)дан, у Муҳаммад ибн Айюб Самноний (розияллоҳу анҳу)дан, у Муҳаммад ибн Абдуллоҳ ибн Язид ибн Ҳубайш Маккий (розияллоҳу анҳу)дан шундай ривоят қилади: “Маккада Суфён Саврий (розияллоҳу анҳу) бетоб эди, биз у зотни зиёрат қилиш учун келдик. Саид ибн Ҳассон Қурайший (розияллоҳу анҳу) ҳам кириб келди. Суфён (розияллоҳу анҳу) унга: “Менга айтган ҳадисингни яна айтиб бер”, деди. У: “Хўп. Менга Абу Солиҳ (розияллоҳу анҳу) айтиб берди. У Сафия бинт Шайба (розияллоҳу анҳу)дан, у эса Умму Ҳабиба (розияллоҳу анҳо)дан шундай ривоят қилади: «Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтдилар: “Одам фарзандининг барча сўзлари унинг зараригадир. Фақат яхшиликка буюриш, ёмонликдан қайтариш ва Аллоҳни зикр қилишгина бундан мустаснодир”». Шубҳасиз, қалб таржимони (тил) қалбларга тил таъбири билан эшиттириш орқали илм олиб кириб, уни қулоқларга элтади ва қалбларга киритади. Агар (тил) яхши бўлса, (қалбга кирган илм ҳам) яхши бўлади. Агар ёмон бўлса, ёмон бўлади”. Шу боис Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай марҳамат қилганлар: “Қулоқлар (ҳар қандай гапни қабул қилаверадиган) карнайдир”.

Бу ҳақда Фазл ибн Муҳаммад (розияллоҳу анҳу) Ҳишом ибн Абдулмалик Ҳимсий (розияллоҳу анҳу)дан, у Бақия (розияллоҳу анҳу)дан, у Ибн Абу Ҳаким (розияллоҳу анҳу)дан, у Талҳа ибн Нофеъ (розияллоҳу анҳу)дан, у эса Каъб (розияллоҳу анҳу)дан шундай ривоят қилади: «Мен Ойша (розияллоҳу анҳу) ҳузурига бориб: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг инсонни сифатлаганларини эшитганмисиз? Қарангчи, менинг сифатлашим Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг сифатлашларига мувофиқ келармикан?”, дедим. Ойша (розияллоҳу анҳу): “Инсонни сифатла”, деди. Мен: “Инсоннинг кўзлари тўғри йўл кўрсатувчи, қулоқлари карнай, тили таржимон, оёқлари чопар, жигари раҳмат, дини нафас, қораталоғи кулгу, буйрак­лари макр, қалби эса подшоҳдир. Агар подшоҳ яхши бўлса, унинг қўшинлари ҳам яхши бўлади. Агар подшоҳ бузилса, қўшинлари ҳам бузилади”, дедим. Ойша (розияллоҳу анҳо): “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай (инсонни) шундай васф қилган­ларини эшитганман”, деди».

Бизга етиб келган хабарга кўра, Амр ибн Утба (розияллоҳу анҳо) ва бошқалар отаси билан бирга кетаётган эди. Орқада келаётган кимдир Амр (розияллоҳу анҳу)­га ортиқча ва кераксиз сўзларни айтди. Шунда Амр (розияллоҳу анҳу) менга юзланиб: “Ҳолингга вой бўлсин!”, деди. Амр (розияллоҳу анҳу) олдин менга сира бундай демаган эди. “Бу киши идишидаги (қалбидаги) энг ёмон нарсани қилишга жазм қилиб, уни сенинг идишингга бўшатди (Қулоғингни кераксиз гаплар билан тўлдирди). Тилингни уят сўзлардан тозалаганинг каби қулоғингни ҳам беҳаё сўзлардан тозалагин!”, деди Амр (розияллоҳу анҳу).

Ривоят қилинишича, Мусо (алайҳиссалом)га Аллоҳ таоло шундай деган: “Эй Мусо (алайҳиссалом)! Ҳавои нафсига берилганлар билан бирга ўтирманг. Улар қалбингизда бўлмаган нарсаларни пайдо қиладилар”. Одам фарзандининг сўзлари турлича бўлади. Баъзи сўзлар фақат охират учун бўлиб, соф бўлади. Бу мандуб ва яхшилик ваъда қилинган ишдир. Баъзилари эса фақат дунё учун бўлиб, охиратдан насибаси бўлмайди. Бу қайтарилган иш бўлиб, унга жазо ва уқубат ваъда қилингандир. Инсонлар маиший ҳаётларида керак бўладиган олди-берди ва ўз ҳолатларини тасарруф қилиш каби масалаларда ўзаро муомала учун керак бўлган сўзларга рухсат берилган. Бундан ортиқча сўзларда эса ҳисоб-китоб бўлади.

Инсонлар дин ишларида икки тоифага бўлинадилар. Биринчи тоифа инсонлар Аллоҳга вазифани бажарувчи инсон сифатида муомалада бўлиб, улар буюрилган вазифаларни ғаллакор деҳқонга ўхшаб бажарадилар. Улар ғаллани эгасига топшириб, ундан ортганини ўзларига оладилар ва шу тарзда орани очиқ қиладилар. Сўнг ўз ҳолатларини тасарруф қилиб, ўзларича тадбир қиладилар, яшаш учун курашадилар, солиқларини тўлаш учун қаттиқ меҳнат қиладилар, ўзлари ва оилаларини нафақа билан таъминлайдилар. Уларнинг қалблари ва баданлари дунё ишлари билан машғул бўлиб, бу йўлда хориб-чарчайдилар. Улар ишларини тадбир қилиш мақсадида ўзларига хос ишларни танлаб, унга амал қиладилар. Буларнинг барчаси қалбларига йиғилиб боради. Натижада бундай инсонлар ғаллани кўпайтириш, ғалла эгасига кўпроқ ҳосил топшириш ва шу орқали ҳаёт тарзлари ва оилавий муҳитини яхшилаб олишни ўйлайдилар. Шу тарзда Аллоҳга муомала қиладиганлар билан Аллоҳ аҳдлашган: яъни фарзларни бажариш, танасидаги етти аъзоси ва мол-давлати билан қайтариқ ва ҳаром ишлардан тийилиш эвазига жаннатни, зое қилиб бажармаганларга эса дўзахни ваъда қилган:

“…Аҳдимга вафо қилингиз, токи сизлар Менга берган аҳдингизга вафо қилай ва Мендангина қўрқингиз!” (Бақара, 40). “…Ва Мендангина қўрқингиз!” (Бақара, 41). Бу амалларни бажариш билан умр ўтказиши ўзи учун фойда бўлиб, охиратда, яъни Аллоҳнинг ҳузурига ҳисоб учун олиб келинганда савобга эришишни тақозо этади. Агар аҳдлашувдаги ҳуқуқлар тўлиқ бажарилган бўлса, Аллоҳ уни жаннатига киргазади ва дунёдаги ҳаракати ва меҳнати эвазига мукофот беради.

Иккинчи тоифа инсонлар эса, Аллоҳга ибодатни бажараётган бандалар сифатида муомалада бўлиб, хизматкор қуллардек Аллоҳга итоат этадилар. Улар биринчи тоифадаги инсонларнинг ғафлат уйқусидан сергак тортиб, ўзлари учун тадбир қилишни катта айб деб биладилар. Чунки улар тадбир еру осмонлар яралишидан олдин Аллоҳ таоло томонидан амалга ошириб бўлинганини ва Лавҳул-маҳфузда битиб қўйилганни, Аллоҳ ҳар куни тадбир қилиб туришини, У доим тирик, асло ўлмаслигини, Унинг Қайюм экани, асло малолланмаслиги ва ожиз қолмаслигини биладилар. Шу боис улар ўзларининг ҳолатларидан хотиржам бўлиб, барча ишлари ва машғулотларини Аллоҳнинг улуғлиги, буюклиги ва карамига ҳавола қиладилар. Улар ўзлари ҳақида ўйлаб қайғурмайдилар, нафсларини ўйлаб тадбир қилиш, ризқ илинжида нафсни қийнаш ҳамда азизлик ёки хорлик, фақирлик ёки бойлик, соғлик ёки беморлик яхши кўриш ёки ёмон кўриш каби ҳолатларни танлашдан фориғ бўладилар. Улар қалблари билан Аллоҳнинг ҳузурида туриб, Унга назар соладилар, Унинг жамолига маҳлиё бўладилар, Унинг ваҳдонияти билан ёлғиз (мунфарид) қоладилар ва Унинг карамига боғланадилар. Улар Аллоҳнинг ризқини кутиб, тадбирини кузатадилар, У яхши кўрган ишларни афзал деб биладилар. Уларнинг қулоқлари Аллоҳнинг чақириқларини эшитиш учун ҳамиша тайёр туриб, Унга ижобат қилишга шай турадилар. Уларнинг сўзлари мандуб, яъни охират учун айтилганда ҳам, рухсат берилган, яъни ҳаётдаги зарурий ҳолатларда амал қилиш учун айтилганда ҳам бир хил бўлади. Зеро, уларнинг сўзлари ҳар қандай ҳолатда ҳам ўзлари учун фойдадир. Чунки улар доим Аллоҳнинг хизматида бўладилар. Сўзла­салар ҳам Аллоҳ учун сўзларлар, жим турсалар ҳам У учун сукут сақларлар. Гапирсалар ҳам Аллоҳ ҳақида сўзларлар, сукут сақласалар ҳам Аллоҳни зикр қилиб жим турарлар. Улар фақат Аллоҳ билан машғул бўлиб, У билан суҳбатлашганда ором оладилар. Бошқалар эса гапирсалар Аллоҳнинг изни ила сўзларлар. Улар охират учун бўлган нарсаларни Аллоҳ ваъда қилган савобга эришиш умидида бажарадилар, охират учун насибаси йўқ, фақат дунё учун бўлган нарсаларни эса Аллоҳ ваъид қилган азобдан қўрқиб қиларлар. Бандаларга изн берилган ишлар сирасидан бўлган яшаш ва ишларни тасарруф қилиш каби амалларни фойдани тезроқ жалб қилиш ва зарарни тезроқ даф қилиш учун бажарадилар. Бундай вазиятда Аллоҳдан ғафлатда қолсалар, бунинг учун ҳисоб берадилар. Улар сўзласалар, зикр қилганимиз каби сўзларлар. Агар жим турсалар, азоб ва тез келадиган зарар сабабли сукут сақларлар. Улар гапирсалар, ўз илм ва ақллари билан гапирарлар, жим турсалар, ўз ҳолатлари ҳақида тафаккур қилиб, Аллоҳнигина зикр қиларлар, дунёлари билан машғул бўларлар ва ўз ҳолат ва шаҳватларида роҳат топарлар. Инсонларнинг бу тури шундайки, улар фақат охират учун айтган сўзлари сабабли Аллоҳ ваъда қилган савобга эришадилар. Изн берилган ишлар сирасидан бўлган яшаш ва шу каби зарурий ишлари сабабли эса ҳисобга тортиладилар. Бу эса модомики ундан халос бўлмас эканлар, уларнинг фойдасига эмас, балки зараригадир. Агар изн берилган ва зарурий бўлган сўзни топса, лекин бундан ғафлатда қолса, одатий сўзни айтган бўлади ва савобга эриша олмайди. Чунки бу каби сўзлар Аллоҳнинг розилиги учун бўлмаган сўзлардандир. Агар бу сўздан халос бўлса, бу унинг фойдасига ҳам, зарарига ҳам эмасдир. Бундай сўзлардан халос бўлиш қандай ҳам яхши! Шу билан бирга қалбга оғриқ берувчи ва нафсга фожеа келтирувчи ҳасратдан қутила олмайди. Чунки аксарият умри бекор ва бесамар ўтганини кўради. Ғафлат аҳлининг қиёматдаги насибаси охират учун бўлган яхши амаллар учун сарфланган вақт ва соатлардир. Бошқалари эса бекордир. Чунки улар ейдилар, ичадилар, киядилар, ухлайдилар, касб қиладилар, яшаш учун ҳаракат қиладилар, инфоқ қиладилар, эҳтиёжларини қонди­радилар, эрта-ю кеч шаҳват ва ғафлатла кун кечирадилар, лекин ҳеч нарсани ният қилмайдилар ва Аллоҳдан савоб умид қилмайдилар. Бу амалларни Аллоҳнинг ҳузурига олиб келадилар, лекин Унинг ҳузурида савоб топа олмайдилар. Улар фақат яхши амалларигагина савоб оладилар, холос. Чунки улар бу амалларни охиратни эсга олиб бажарганлар, Аллоҳдан савоб умид қилиб амал қилганлар ва савоб ниятида бажарганлар. Маиший ишларини эса одатий тарзда шаҳват ва нафс эҳ­тиёжларини қондириш мақсадида бажарганлар. Бу ишларда улар охиратни эсга олмаганлар. Улар умрларини сарҳисоб қилиб кўрсалар, ҳаётларининг ўндан бири ҳам фойдали эмаслигини кўрадилар. Улар ўзларини экинзордан сувни олиб, саҳрога фойдасиз сарфлаган ва сувининг зое бўлганидан надомат чекиб ҳас­рат қилган, ташвишланган инсон каби ҳис қиладилар. Улар бирортасини шундай қилганини кўрсалар, унга қарши чиқиб, адоват қиладилар. Аслида эса уларнинг ўзлари умрлари бекорга сарф бўлаётгани ва Қиёматда умрларининг ўндан бири ёки ундан ҳам озидан фойда кўришларини биладилар, аммо бундан ташвишланмайдилар, бунга эътибор бермайдилар. Бундай киши намоз ўқиганда, Аллоҳнинг Китобини тиловат қилганда, жанозага қатнашганда ёки беморни зиёрат қилгандагина умридан унумли фойдаланган бўлади. Бу ишлардан фориғ бўлгач, шаҳват ва баднафсликка юз тутади ва ғофил ҳамда дангаса нафси учун амал қилади. Ҳасрат ва надомат куни эса у учун ғафлат пардаси очилади. Аллоҳ таоло бу ҳақда шундай марҳамат қилади: (Эй Муҳаммад!) Уларни барча иш битирилган ҳасрат куни – (Қиёмат)дан қўрқитинг! Улар (бугун) ғафлатдадирлар, (шу сабабдан) улар имон келтирмайдилар” (Марям, 39). (Эй Муҳаммад!) Уларга қўйиб беринг: есинлар, фойдалансинлар ва орзулар уларни машғул қилаверсин! Бас, яқинда (қилмиш­ларининг оқибатини) билиб олурлар” (Ҳижр, 3). «Одамларга ҳисобот (кун)лари (қиёмат) яқинлашиб қолди. Улар ҳануз ғафлатда, (имон ва амалдан) юз ўгирувчидирлар. Уларга Парвардигорлари (томони)дан бирор янги эслатма (оят) келса, уни, албатта, ўйнаб (масхаралаб) туриб тинг­лайдилар. Диллари эса ғофилдир. Золим (кофир)­лар: “Бу (Муҳаммад) ўзларингизга ўхшаган бир одам-ку! Кўриб ту­риб, сеҳрга (алданиш учун) келаверасизми?!” – (деб) ўзаро шивирлашди» (Анбиё, 1–3). Бу ғафлат аҳлининг сифати бўлиб, уларнинг аксарият умрлари бекор ва ўйин-кулгу билан ўтади, уларнинг дунёдаги амаллари ўткинчи нарсалардан фойдаланишдан иборат бўлади, орзулари эса ўлимни эслашдан тўсиб, ўлимни унутадилар. Агар ўлимни эслаганларида эди, ўзларини ҳисоб-китоб қилиб, сергак тортар ва ўзлари учун энг керакли нарсалар билан шуғулланар эдилар. Одамлар орасида яхши амаллар, адолат, солиҳлик ва илм билан машҳур ва таниқли бўлган бундай ғафлат аҳлини зикр қилсак, улар фоний дунёда нафсларининг эҳтиёжига эришиб, Аллоҳдан ўз насибаларини олганларига рози бўладилар ва бу диний амалларига ҳам рози бўлиб, омма олдида мақтов қозониш учун бу амаллар ортига яширинадилар. Уларнинг асл сифатини кўриб турган мулк соҳиби Аллоҳни қалблари мулоҳаза қилмайди ва натижада улар Аллоҳдан ҳаё қилмайдилар. Улар бу ҳолатдан тез орада маҳрум бўлишлари ва дунёдан ҳеч вақосиз чиқишлари, эртага Аллоҳнинг раҳматидан йироқ бўлиб, ваҳшат ичра туришларини ҳамда азоб хатари ва Аллоҳнинг ғазабига учрашларини инкор қилмайдилар, лекин нафснинг алдов ва пуч орзуларини қабул қиладилар. Нафс уларга: “Аллоҳнинг раҳмати кенг, Аллоҳ оз амалга ҳам кўп савоб беради”, деган алдовларни айтади, улар эса унинг ёлғонларига учиб, алдовларини қабул қиладилар. Ҳатто жаннат ва дўзах ўртасидаги ингичка Сиротда узун ҳисоб, кўп гуноҳ ва беҳисоб машаққатлар ила қолиб кетади ва: “Ҳолимга вой бўлсин! Ўзимга нима қилиб қўйдим?!”, деб надомат чекади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) айтадилар: “Одам фарзандининг барча сўзи унинг зараригадир, фойдасига эмас. Фақат ушбу учта хислат бундан мустасно”. Бу омма инсонлар учундир.
Аллоҳнинг дўстлари (авлиёлар) ва хос бандалари эса, Аллоҳнинг ишончли бандалари ва хизматкорлари бўлиб, уларнинг амаллари ва хатти-ҳаракатларининг барчаси ўзлари учун фойда келтиради, уларга зарар бермайди. Буни Ойша (розияллоҳу анҳо) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган қуйидаги ҳадис ҳам қўллаб-қувватлайди: «Жаброил (алайҳиссалом) Аллоҳ таолодан шундай ривоят қилади: “Агар бандамни яхши кўрсам, Мен унинг қулоғи ва кўзи бўламан. У Мен билан эшитади, Мен билан кўради, Мен билан сўзлайди ва Мен билан ақл иш­латади”». Агар банда сўзлаганда Аллоҳ билан сўзлайдиганлар сирасидан бўлса, қандай қилиб унинг сўзлари ўзига зарар бўлиши мумкин. Аксинча унинг барча хатти-ҳаракати ва ишларни тасарруф қилиши охират ишига айланади. Ғафлат ва ботил аҳлининг ишлари турлича бўлиб, баъзилари охират иши бўлса, айримлари дунё учун бўлади. Шунинг учун улар барча ишларни охират ишига айлантириш учун ниятга муҳтождирлар. Агар шундай қилсалар, аксарият умрлари бекорга сарфланиб, амаллари ҳам самарасиз бўлади, фақат нафс учун насиба бўлмаган ва охират учун қилган айрим ишларигина фойда беради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай ривоят қиладилар: “Албатта, Аллоҳ таоло ҳар бир сўзловчининг тили олдидадир. Киши Аллоҳга тақво қилсин ва айтадиган сўзини билсин”.

Бу ҳадисни Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) Расулул-лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилган.

Зарр (розияллоҳу анҳу) ҳам Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шунга ўхшаш ҳадисни ривоят қилган.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм