Мақолалар

Етимга раҳм-шафқат қилиш

Чоп этилди Dekabr 15, 2019 Етимга раҳм-шафқат қилишda fikr bildirishni o'chirish

Муқаддас динимиз Ислом таълимотига кўра, жамиятнинг ҳар бир аъзоси­га алоҳида эътибор билан муносабатда бўлинади. Хоҳ кичик, хоҳ катта бўлсин, ҳар бир инсон ҳурмат-эҳтиромга лойиқдир.

Маълумки, ҳар қандай жамиятда турли табақа вакиллари мавжуд. Улар ичида ўзгалар эътибори, меҳр-мурувватига муҳтож тоифалардан бири етимлардир.

Афсуски, орамизда ота-онаси вафот этиб кетган ҳақиқий етимлар билан бир қаторда тирик етимлар ҳам етарлича то­пилади. Уларнинг ота-онаси маълум сабабларга кўра ўз фарзандларини ташлаб кетади. Бироқ унутмаслик керакки, улар охиратда бунинг жавобини беради, фарзандларидан нима сабабдан тонгани, унга меҳр-мурувват кўрсатмагани учун сў­роққа тутилади.

Динимизда етим-есирларга алоҳида ғамхўрлик қилиш, уларнинг бошини силаш, етимнинг ҳақини емаслик кераклиги бот-бот таъкидлаб келинади. Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади:

“То вояга етгунича етимнинг молига яқин­лашманг, магар чиройли йўл билан (яқин­ла­шишингиз мумкин)…” (Анъом, 152).

Ушбу оятда етимга васий бўлган кишиларга қарата: “Етим­нинг молини зое қилманглар, уни яхшилик йўли билан тасар­руф қилинглар, унинг молини кўпайтириб, етим­нинг тарби­яси, таълими ва таом-либоси учун сарфланглар!” деб таъкид­ланмоқда.

Етимнинг молидан эҳтиёт бўлиш ҳақида бошқа оятда бундай дейилган:

“Етимнинг молига то у вояга етгунича, яқин­лашманг­лар, илло, чиройли йўсинда бўлса, майли…” (Исро, 34).

Етимнинг молини ейиш қанчалик оғир гуноҳ экани қу­йидаги оятда таъсирчан услубда ифодаланган. Аллоҳ таоло айтади:

“Етимларнинг мол-мулкини зулм йўли билан ейди­ган ким­салар, албатта, қоринларига оловни еган бўлурлар ва албатта, дўзахда куйгайлар” (Нисо, 10).

Ушбу оят икки хил таъвил қилинади:

  1. Улар қиёмат куни жаҳаннамга тушишларига сабаб бў­лади­ган нарсани еган саналади.
  2. Етимнинг молини егани боис дўзахда қорин­лари олов билан тўлдирилади.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилади: “Тўрт тоифани жаннатга киргиз­маслик ва унинг неъматларидан баҳраманд қилмаслик Аллоҳ зиммасидаги ҳақдир. Булар: хамр ичишга муккасидан кетган, рибохўр, етимнинг молини адолатсизлик билан еган ва ота-онасига оқ бўлганлардир” (Имом Байҳақий “Шуъабул имон”да ривоят қилган).

Ота-онаси ҳам, яқин қариндошлари ҳам бўлма­ган бечора етимлар молини ўзлаштиришдан кўп одамлар тийилиши мумкин. Аммо отаси вафот этиб, онаси ҳаёт, уч-тўрт ёки олти-етти ёшли бола­лари қийин аҳволда бўлишига қарамай, ўзгалар қистови билан ўтказиладиган “эҳсон”ларга бориб, у ерда етимга тегишли молдан, таомдан истеъмол қилишдан ҳар қандай одам ҳам сақла­на олмайди. Балки кўпчилик буни билмас ёки эътибор бермас. Лекин атрофимизда бундай ҳо­лат­лар кўп кузатилади. Биз бу нар­сага аҳамиятли бўлиб, бечо­ра­ҳол етимлар таомидан ейиш ўрнига уларга ёрдам бериш­га ҳара­кат қилишимиз керак. Ушбу маросимни етимнинг ама­ки­си ёки тоғаси ўтказиб бераётган бўлиши мумкин. Бироқ ўша маросимни қилиш ўр­нига пулни етимнинг таълими, уст-­бо­ши ва бош­қа зарур эҳтиёжлари учун ишлатиш кераклиги кўп­чилигимизнинг хаёлимизга келмайди.

Аллоҳ таоло ҳаётда бўладиган синовларга сабр этмай, шош­қа­лоқликка йўл қўядиган кимсаларга қарата бундай хитоб қилади:

“Йўқ! Аксинча, сизлар етимни (ҳолидан хабар олиб) ик­ром қилмайсиз. Мискин (бечорага) таом беришга ҳам бир-­би­рингизни тарғиб этмайсиз. Меросни эса (ўз улу­шин­гиз­га ўзгаларникини) қўшиб еяверасиз” (Фажр, 17–19).

Қуйидаги оятда етимларни кимлар хорлаши очиқ-ой­дин баён қилинган:

“Динни (охират жазосини) инкор этадиган ким­сани кўр­ганмисиз?! Бас, у етимни жеркийдиган ва (кишиларни) мис­кин-бечорага таом беришга тарғиб қилмайдиган ким­садир” (Моъун, 1–3).

Демак, Аллоҳ ва охират кунига ишонган банда етимни ҳурмат қилади, унга меҳр кўрсатади. Имони йўқ, Аллоҳга ишонмайдиган кимсагина етимни хўр­лайди, унга зулм қилади, қў­пол муносабат­да бўлади.

Аллоҳ таоло Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га бер­ган неъматларини зикр қилиб, у зотга бундай амр қилган:

“Бас, энди Сиз (ҳам) етимга қаҳр қилманг!” (Зуҳо, 9).

Муҳаммад мустафо (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) она қорни­да эканларидаёқ оталаридан етим қолдилар, ҳали балоғатга етмай туриб, оналаридан ҳам айрилдилар. Агар Аллоҳ марҳамат қилмаганида у зот шунча неъматларга эришмаган бўлардилар.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: «Ра­сулул­лоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳ учун уйларнинг энг яхшиси иззат-икром қилинадиган етим бор уйдир”, де­ганлар» (Имом Байҳа­қий, Табароний, Абу Нуайм ва Қузоъий).

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу) ривоят қилади: Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Му­сул­монларнинг энг яхши уйи унда етим яхшилик кўрадиган уйдир. Му­сул­мон­лар­­нинг энг ёмон уйи унда етимга ёмонлик қили­на­диган уйдир. Мен ва етимни кафилига олган киши жаннатда мана шун­дай бўлади”, деб икки бармоқларини бир-бирига жипслаштириб, ишора қилдилар (Имом Бухорий ривояти).

Ўзбек халқида етимлар ҳеч қачон кўчада қол­маган. Қаер­да етим бўлса, уни боқувчи, тарбиясига олувчи ҳимматли инсонлар бўлган. Ҳозир ҳам бу эзгу анъана давом эттирил­моқ­да. Жумладан, ҳукуматимиз томонидан етим болаларга алоҳида ғамхўрлик қилинмоқда, уларнинг турар жойлари таъмир­ланиб, уст-бош ва озиқ-овқат билан бекаму кўст таъминлан­моқда. Бу келажак авлод тарбиясида муҳим ўрин тутади. Сабаби, етим болалар вақтида тарбия қилинмаса, улардан ноқо­бил кўча болалари етишиб чиқиши мумкин. Ҳукуматимиз бу со­ҳага алоҳида эътибор бераётгани бежиз эмас.

Муҳаммад ибн Восеъдан ривоят қилинади: Абу Дардо Салмонга ёзган мактубида айтилишича, бир киши Расулул­лоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳузурларига қалбининг қаттиқлигидан шикоят қилиб келганида, Расулуллоҳ (сол­лаллоҳу алайҳи ва саллам): “Агар қалбинг юмшашини хоҳ­ласанг, етимнинг бошини сила ва унга таом бер”, деганлар (Имом Аҳмад ва Байҳақий ривояти).

Юқорида келтирилганлардан шундай хулоса қи­лиш мумкин: ким етимга раҳм-шафқатли бўлса, имконини топиб, уни тарбия­сига олса, Аллоҳ розилигига эришади ва жаннатда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) билан бирга бўла­ди. Етимни хўр­лаш, унга зулм қилиш, унинг молини ноҳақ йўл­лар билан ейиш мўмин­га ёт сифат бўлиб, бу ишни Аллоҳ ва охират кунидан умиди бўл­ма­ган кимсаларгина қилади. Охиратда Аллоҳнинг розилигига эришаман, жаннатга кираман деган банда борки, етимга ғамхўр­лик кўрсатади, унга зулм етказишдан сақланади. Агар етимга яхшилик қилиш қўлимиздан келмаса, жуда бўлмаганда унга зулм қилишдан, азият етказиш­дан эҳтиёт бўлишимиз керак.

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай мар­ҳа­мат қилдилар: “Етим, тул аёл ва мискинлар ҳожати йўлида ҳаракат қилувчи киши Аллоҳ йўлида жон фидо этувчи, кундузлари рўзадор, кечалари уйқусиз тоатда бўлувчи киши кабидир”. Етимларга шафқат кўрсатиш инсонга кўп раҳмат эшик­лари очилишига сабаб бўлади.

Етим-есир, бева-бечорага мурувват кўрсатиш фа­қат олижаноб кишилар қўлидан келади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бундай дедилар: “Икки заиф: тул хотин ва етим гўдак борасида Аллоҳдан қўрқинглар”.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (2-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм