Мақолалар

Бемор кишининг намози

Чоп этилди Dekabr 15, 2019 Бемор кишининг намозиda fikr bildirishni o'chirish

Бемор бироз вақт тик туришга қуввати етса, кучи етгунича туриб намоз ўқишни бошлайди ва намоз асносида толиқиб қолса, намозни ўтириб давом эттиради.

Киши руку ва сажда қилолмаса, ўтириб руку ва саждани боши билан имо қилиб, намоз ўқийди. Бу ҳолда бошини рукуга эггандан кўра кўпроқ сажда учун эгади. Акс ҳолда намози дуруст бўлмайди. У сажда қилиши учун бирор нарса баланд қилиб қўйилмайди.

Бемор киши ўтира олмаса, чалқанча ёки ўнг ёнига ёнбошлаб ётиб руку ва саждани боши билан имо қилиб намоз ўқийди. Чалқанча ётиб намоз ўқиш ёнбошлаб ётиб намоз ўқишдан яхшидир. Чалқанча ётиб намоз ўқийдиган беморнинг юзи қиблага қараши учун боши тагига ёстиқ қўйилади. Бемор оёқларини қиблага узатмаслиги учун тиззаларини кўтариб олиши лозим.

Бемор киши руку ва саждани боши билан имо қилиб ҳам намоз ўқишга қуввати етмаса, аммо унга айтиладиган гапларни тушунса, намозини кечиктиради (қодир бўлгач, қазосини ўқийди). “Ҳидоя” соҳиби шуни саҳиҳ деганлар. “Ҳидоя” соҳиби “Тажнис” ва “Мазид” китобида руку ва саждани имо қилиб намоз ўқишга ожиз бўлган бемор ожизлиги беш вақт намоздан ортиқ давом этса, ана шу муддатда ўқиёлмаган намозлари қазоси ундан соқит бўлади, деганлар. “Қозихон” ва “Муҳит” муаллифи шуни саҳиҳ деган. Шайхул Ислом Хоҳарзода ва Фахрул Ислом Сарахсий шуни мухтор дейишган. “Зоҳирия”да фатво шунга берилган ва шу зоҳир ривоядир, дейилган. “Хулоса” соҳиби ҳам мазкур ҳукмни ихтиёр қилган, “Янобиъ”, “Бадоиъ” ва “Валвалажия” асарларининг соҳиблари ҳам шуни саҳиҳ деганлар.

Руку ва саждани боши билан имо қилиб намоз ўқишга қодир бўлмаган бемор руку ва саждани кўзи, қоши ёки қалби билан имо қилиб, намоз ўқимайди.

Туришга қодир, аммо руку ва сажда қилишга қодир бўлмаган киши ўтириб, руку ва саждани боши билан имо қилиб, намоз ўқийди.

Соғлом киши намоз ўқиётганида тоби қочиб қолса, ўтириб, қодир бўлганича, ҳатто руку ва саждани боши билан имо қилиб бўлса ҳам, намозини тамомлайди. Шу саҳиҳдир.

Ўтириб руку ва сажда қилиб намоз ўқи­ётган бемор киши намоз ўқиши асносида тузалиб қолса, намозининг қолган ракатларини туриб ўқийди. Саждани боши билан имо қилиб намоз ўқиётган киши (намоз ўқиётганида тузалиб қолса) намозни қайта бошидан ўқиши керак.

Киши ақлидан озса ё ҳушидан кетса ва шу ҳолати беш намоз вақтида давом этиб сўнг ўзига келса, у вақт намозларининг қазосини ўқийди. Агар беҳушлиги ва ақлдан озиши олтинчи намоз вақти ўтса ҳам давом этса, у вақт намозларининг қазосини ўқимайди.

Муҳаммад Шариф ЖУМАН тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 11-сонидан