Мақолалар

Сайлов миллат танламайди

Чоп этилди Dekabr 17, 2019 Сайлов миллат танламайдиda fikr bildirishni o'chirish

Мамлакатимизда бағрикенглик ва инсонпарварлик маданиятини юксалтириш, миллатлараро тотувликни таъминлаш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан биридир.
Фуқароларнинг ирқи, миллати, тили, эътиқоди, шахси ва ижтимоий келиб чиқишидан қатъи назар, қонун олдида тенглиги ҳамда турли миллат ва элатлар вакилларининг тили, урф-одатлари ва анъаналарини ҳурмат қилиш, уларни ривожлантириш учун зарур шароитларни яратиш қонун билан белгилаб қўйилган.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг 2018 йил 28 декабрдаги Олий Мажлисга Мурожаатномасида бу борада шундай дейилади: “Ўзбекистон миллатлараро тотувлик ва диний бағрикенглик соҳасида ўз анъаналарига доимо содиқ бўлиб, бу йўлдан ҳеч қачон оғишмасдан илгари боради. Мамлакатимизда турли миллат ва диний конфессиялар вакиллари ўртасида ўзаро ҳурмат, дўстлик ва аҳиллик муҳитини мустаҳкамлашга биринчи даражали эътибор қаратилади. Бу – бизнинг энг катта бойлигимиз ва уни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш барчамизнинг бурчимиздир”.
Бугун Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари бир оила бўлиб яшамоқда. 138 миллий маданий марказ, Ўзбекистон хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқалар жамиятлари кенгаши, шунингдек, 34 та дўстлик жамияти фаолияти Ўзбекистондаги барча миллатлар ва элатларнинг миллатлараро муносабатларни уйғунлаштириш, жамият ва давлатни барқарор ривожлантиришда муҳим ўрин тутади.
Сўнгги йилларда Ўзбекистонда фуқароликка қабул қилишда ҳам қонунийлик, инсонпарварлик ва ижтимоий бағрикенглик тамойилларига асосланган ҳолда инсон манфаатларига риоя қилинишини таъминлаш чора-тадбирлари тизимли равишда амалга оширилмоқда. Шу билан бирга, Ўзбекистон Республикаси демократик қадриятлар ва халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган тамойилларига содиқлигини намоён этиб, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ғоялари асносида ҳар бир инсоннинг фуқароликка бўлган ҳуқуқлари амалга оширилишини кафолатлайди.
Хусусан, сўнгги йилларда Ўзбекистон Республикаси Президентининг мамлакат фуқаролигига қабул қилиш тўғрисидаги фармонлари орқали Ўзбекистоннинг турли ҳудудларида истиқомат қилувчи 2,5 минг дан зиёд шахсларга фуқаролик берилди. Бу эса уларнинг ўз фуқаролик ҳуқуқларини тўла амалга ошириш ва мамлакат ҳаётида бевосита ва билвосита иштирок этиш имконини бермоқда.
Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси ва маҳаллий Кенгашларига сайловларни “ Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” шиори остида юқори савияда, ошкоралик тамойиллари асосида ўтказиш борасида кенг кўламли тадбирлар амалга оширилмоқда. Бўлиб ўтадиган сайловларнинг натижалари мамлакатимизда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, давлат қурилиши, суд-ҳуқуқ ҳамда маънавий соҳалардаги ислоҳотлар ривожланишининг кейинги истиқболларини белгилаб беради. Сайловларнинг демократик, очиқ, ошкоралик, қонун устуворлиги каби тамойиллар асосида ўтиши кўп жиҳатдан мамлакатдаги ижтимоий-иқтисодий, сиёсий, маънавий вазият ҳамда мукаммал сайлов ҳуқуқи асосларининг мавжудлигига боғлиқ бўлади.
Мамлакатимизда давлат ҳокимияти органлари ва институтларини сайловлар йўли билан ташкил этиш борасида халқаро нормалар ва андозаларга тўла мос келадиган тажриба шакллантирилди. Энг муҳими, сайловларни ўтказишнинг ҳуқуқий асослари, яъни қабул қилинган Сайлов кодекси халқаро стандартлар ва андозалар талабларига мос равишда яратилган.
Мамлакатимизда инсон ҳуқуқлари ва унинг манфаатларини таъминлаш мақсадида амалга оширилаётган кенг қамровли ўзгаришлар Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан қабул қилинган Ҳаракатлар стратегияси доирасида амалга оширилаётган ислоҳотлар билан боғлиқ.
Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси, Фуқаролик ва сиёсий ҳуқуқлар бўйича халқаро пакт Ўзбекистон Республикаси томонидан тан олинган ҳамда мазкур ҳуқуқий ҳужжатлардаги нормалар миллий қонунчилик тизимига киритилган.
Халқаро ҳуқуқ нормаларига кўра, миллий озчилик ўз манфаатларини давлат ва жамият ишларида ҳамда вакиллик органларига сайловларда иштирок этиш орқали амалга оширишга тенг ҳуқуқли ҳисобланади. Бу сайлаш ва сайланиш ҳуқуқи, сиёсий партиялар тузиш
ҳуқуқи кабиларда намоён бўлади. Мамлакатимизда барча фуқаролар миллатидан қатъи назар тенг сайлов ҳуқуқига эга. Конституцияда Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил этиши, улар жамият ва давлат ишларини бошқаришда иштирок этиш, сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани белгилаб қўйилган.
Жумладан, Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодексининг 4-моддасига мувофиқ, фуқаролар жинси, ирқий ва миллий мансублиги, тили, динга муносабати, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеи, маълумоти, машғулотининг тури ва хусусиятидан қатъи назар, тенг сайлов ҳуқуқига эга.
Қайд этиш керак, Ўзбекистонда сайлов бюллетенлари ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилиши мустаҳкамланган. Амалда, кам сонли миллатларнинг сайловда иштирок этиши учун барча шароитлар яратилган.
Сайловолди ташвиқоти сайлов кампанияси даврида сайловчиларни номзодни ёки сиёсий партияни ёқлаб овоз беришга ундашда муҳим ўрин тутади. Турли миллатлар манфаатларини инобатга олган ҳолда, сайловолди ташвиқот материаллари уч тилда, яъни ўзбек, рус ва қорақалпоқ тилларида чоп этилади, номзодлар ҳам шу тилда ташвиқот олиб бориш имкониятига эга. Ташвиқот олиб борилаётганда давлат оммавий ахборот воситаларидан фойдаланишда ҳажмига кўра бир хил бўлган эфир вақтини ва нашр майдонини бепул бериш йўли билан тенг имконият таъминланади.
Сиёсий партиялар ўз газеталарини ўзбек ва рус тилларида, Қорақалпоғистон Республикасида қорақалпоқ тилида чоп этади. Республика миқёсидаги газеталар томонидан номзодларга ўзбек, рус, тожик ва қозоқ тилларида ташвиқот учун бепул нашр майдони яратиб берилган. Масалан, “Народное слово”, “Овози тожик” ва “Нурлы жол” газеталарида турли тилларда маълумотлар нашр этилади.
Бўлиб ўтадиган сайловлар ҳар бир фуқаронинг манфаатларини ифода этишга ва ҳуқуқларини рўёбга чиқаришга, халқнинг муаммоларини ўрганиб чиққан ҳолда энг долзарб масалаларни кўтариш, жамиятда юзага келиши мумкин бўлган ижтимоий зиддиятларнинг олдини олиш учун миллий озчилик манфаатларини ва қонунчилик ташаббуслари сайловчиларнинг реал эҳтиёжларидан келиб чиқишини таъминлашга қаратилган.
Ушбу муҳим сиёсий жараён бўйича хорижий оммавий ахборот воситаларида қатор хабар ва янгиликлар бериб борилмоқда. Хусусан, Туркиянинг “Anadolu” ахборот агентлиги мухбирларининг фикрича, мазкур сайловлар Ҳаракатлар стратегиясида белгиланган демократик ғоя ва тамойилларнинг амалдаги ёрқин ифодаси бўлишига ишонч билдирилади. Замонавий Ўзбекистон сиёсий ҳаётида, “Anadolu” ёзганидек, кўппартиявийлик, сиёсий плюрализм, фикрлар хилма-хиллиги, очиқлик ва ошкоралик, бағрикенглик тамойиллари тобора мустаҳкам ва кенг ўрин олмоқда.
АҚШнинг “Menafn” агентлиги томонидан берилган материалда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бўйича бюроси Ўзбекистонда сайловолди муҳити ва уларга тайёргарлик жараёнини, мамлакатда эркин ва демократик сайловлар ўтказилишини таъминлаш бўйича амалга оширилган чора-тадбирларни ижобий баҳолаб, парламент сайловларига тўлақонли кузатув миссиясини юбориш ниятини билдиргани хабар қилинганди.
Хулоса ўрнида айтганда, мамлакатимизда сўнгги йилларда барча соҳаларда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотлар фуқароларнинг сиёсий ва ҳуқуқий онгини ўзгартирди. Фуқаролар, шу жумладан кам сонли миллатлар вакиллари ҳам тенг равишда Конституция ва қонунларга мувофиқ мавжуд ҳуқуқлардан тўлиқ фойдаланишлари кафолатини янада мустаҳкамлади. Жамият ва давлат ҳаётидаги муҳим сиёсий жараён ҳисобланган сайловлар эса уларнинг ҳуқуқлари ва манфаатларини таъминлашнинг асосига айланди.
З.МАҲМУДОВ,
Адлия вазирлиги Бошқарма бошлиғи,
Х.ТУРДИЕВ,
Тошкент давлат юридик университети ўқитувчиси