Мақолалар

Тиканига эмас, гулига боқ!

Чоп этилди Fevral 4, 2019 Тиканига эмас, гулига боқ!da fikr bildirishni o'chirish

Одамлардан айб қидирмаслик, уларнинг нуқсонларини ҳам яшириш ҳар бир мўмин эътибор қилиши керак бўлган жиҳатдир. Чунки Аллоҳ таоло: “…(Ўзгалар айбини қидириб) жосуслик қилманг…” (Ҳужурот сураси, 12-оят) деб буюради. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бундай марҳамат қиладилар: “Ким бир мўмин биродарининг айб ва камчиликларини яширса, Аллоҳ таоло ҳам унинг айб ва камчиликларини яширади” (Муттафақун алайҳ). Яна бундай огоҳлантирадилар: “Ким мусулмон биродари айбини яширса, Аллоҳ унинг айбини қиёмат куни
яширади. Ким мусулмон биродари айбини очса, Аллоҳ унинг айбини очади, ҳатто уни ўз уйида ҳам шарманда қилади” (Ибн Можа ривояти).

Инсонларнинг шахсий, оилавий ва бошқа яширин сирларини ошкор қилиш уларнинг руҳий, ахлоқий бузилишларига, ҳатто маънавий ҳалокатига сабаб бўлиши мумкин. Негаки, сирлари ошкор қилинаверган, қусурларини ҳамма билишини тушуниб етган одамда бора-бора андиша туйғулари
йўқолади. Ҳаёсиз киши эса ҳеч нарсадан тап тортмайди.

Бу ўринда қусур бир кишига тегишлими ёки бутун жамиятга – аниқлаб олиш керак. Зеро, жамиятга зарар берадиган айб ошкор этилиб, олди олиниши шарт. Бир кишининг нуқсони юзасидан эса ундан зиён кўриши мумкин бўлган шахс ёки бирор муносиб одам тушунтиргани маъқул.
Пайғамбаримиз (алайҳиссалом) бир жамоадаги айбдорни билсалар ҳам, кўнглини оғритмаслик учун бу гуноҳдан барчани қайтарардилар. Бир кишининг хатосига гувоҳ бўлсалар: “Менга нима бўлдики, сизларни бундай кўряпман!” деган жумла билан нотўғри амални “янглиш кўрдим” деган маънода ўзларига нисбат берганлар. Шунингдек, ёмон нарса ҳақида эшитсалар: “Фалончи нега бундай гапларни айтди?” демасдилар. “Одамларга нима бўлдики, бундай гапиришяпти”, деб айтардилар.

Ҳар ким ўз камчиликларини билиб, уларни тузатиш ҳаракатида бўлиши керак. Зеро, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Бошқалар айбини ахтармай, ўз қусурлари билан машғул бўлган кишига жаннат бўлсин!” деб хушхабар берганлар (Имом Табароний ривояти).
Оқил банда гуноҳлари кечирилиши ва айблар изтиробидан қутулиб, тўғри йўлга тушиб олишни хоҳлайди. Ўзи шундай ҳислар ичра яшаётганида бошқа биров унинг айбларини қидириши айни инсофсизликдир.
Ҳазрат Умар (розияллоҳу анҳу) айтади: “Бировнинг айбини кечирмаган одам кечирилмайди.

Иброҳим Адҳамнинг дўсти бир куни:

– Неча йиллардан буён дўстмиз. Сенга ёқмаган иллатларим ҳақида айтиб берсанг, – деб қолди.

Иброҳим Адҳамнинг жавоби ўзига хос бўлди:
– Сендан ҳеч қачон иллат қидирмаганман!
Шайх Саъдий ёзади: “Эй ақл эгаси! Гул тикани билан ўсади. Сенинг тикан билан ишинг бўлмасин! Гулдан гулдаста яса! Агар табиатингда қусурларни қидириш бўлса, товуснинг ёқимсиз овозию хунук оёғини кўрасан, холос”.

 


Атира РАҲМОНОВА,
Андижон вилояти,
ўқитувчи