Мақолалар

Умайр ибн Ваҳб

Чоп этилди Fevral 5, 2019 Умайр ибн Ваҳбda fikr bildirishni o'chirish

Умайр ибн Ваҳб қатъиятли инсон бўлгани сабабли маккаликлар томонидан мусулмонлар кучини чамалашга масъул қилинди. Яширинча мусулмонлар қароргоҳида бўлиб қайтган Умайр қабиладошларига: “Улар чамаси уч юз киши. Ортларида ҳеч қандай ёрдамчи йўқ. Бироқ ўлимга тик боқадиган инсонларни кўрдим… – дея урушни тўхтатишга ҳаракат қилди. Қурайш раисларининг бир нечтасига унинг сўзлари таъсир қилди, ортга қайтиб кетмоқчи бўлишди. Лекин Абу Жаҳл мушриклар қалбига адоват солиб, уруш оловини ёқди.  Бироқ бу ўзларининг зарарига бўлди, улар мағлуб бўлдилар.

Ушбу махорабада отаси ва акасидан айрилган Сафвон ибн Умайя қалбида мусулмонларга кек ва адоват борган сари кучайди.

Урва ибн Зубайр (розияллоҳу анҳу) икки дўст – Умайр билан Сафвоннинг суҳбатини қуйидагича баён қилади:

  • Аза тутишни бас қил энди, – деб дўстига таскин беришга уринди Умайр.
  • Аллоҳга қасам, яшашнинг ҳам қизиғи қолмади, – деди Сафвон куйиниб.
  • Агар қарзим бўлмаганда, оиламнинг қийналиб қолишидан қўрқмаганимда, Муҳаммаднинг олдига бориб, уни ўлдирардим. Мадинада ҳеч ким мендан шубҳаланмайди. Чунки қўлларида ўғлим асир турибди, – деди Умайр.
  • Айтганларингни бажарсанг, қарзингни мен тўлайман, оилангга ҳам ғамхўрлик қиламан. Қўлимдан келган яхшиликни аямайман. Ҳеч нарсага зориқмай яшашади, – деб таклиф билдирди Сафвон.
  • Ундай бўлса, гап орамизда қолсин, деб Умайр Мадинага равона бўлди.

 

***

Мадинада Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу)нинг назари белига қиличини боғлаб олган Умайрга тушди ва “Аллоҳга қасам, у ёмонлик учун келган. Орамизга низо солди, Бадрда қавмига саноғимизни етказди”, деди ўзига ўзи. Кейин Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига кириб: “Эй Аллоҳнинг расули, Умайр ибн Ваҳб келди. Белида – қилич”, деб хабар берди. Набий (алайҳиссалом) унинг киришига изн бердилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй Умайр, нима учун келдинг?” деб сўрадилар. Умайр: “Ўғлим қўлингизда асир”, деди. Набий (алайҳиссалом): “Қилич нима учун керак?” дея сўрадилар. Умайр бирор сўз айтолмай қолди. Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Эй Умайр, ростини айт, нега келдинг?!” дея қайта сўрадилар. Умайр яна индамай турди. Ниятини очиқ айтмагач, Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): «Сафвон ибн Умайя билан икковларинг Бадр қурбонларини эсладинглар. Сўнг сен: “Агар қарзим бўлмаганида, оилам қийналиб қолишидан қўрқмаганимда, бориб Муҳаммадни ўлдирардим”, дединг. Сафвон мени ўлдиришинг эвазига қарзингни ва аҳлингни ўз зиммасига олди. Аллоҳга қасам, асиринг сабабидан эмас, балки мени ўлдириш учун келгансан», дедилар.

Шунда Умайр ҳайрат билан: “Гувоҳлик бераман, Аллоҳдан ўзга илоҳ йўқ. Сиз Аллоҳнинг расулисиз… Бу иш устида мен ва Сафвондан бўлак ҳеч ким йўқ эди. Яратганга қасам, буни сизга фақат Парвардигор билдирган. Мени ҳидоят йўлига бошлатган Раббимга ҳамдлар бўлсин!” Набий (алайҳиссалом) саҳобаларга: “Биродарингизга динни ўргатинг, Қуръонни ўқитинг ва асирини қўйиб юборинг”, дедилар.

***

Бу пайтда Сафвон ибн Умайя Макка кўчаларида фахрланиб юрар эди. Одамлар отасининг жасади совимасдан туриб, бу қадар хурсандлигининг сирини сўраганларида кафтларини ишқалаб: “Бир неча кундан сўнг Бадр кунини эсингиздан чиқарадиган хабарни эшитасиз”, дерди.

Сафвон ҳар тонг карвонлардаги йўловчилардан: “Мадинада бирор иш содир бўлдими?” деб сўрарди.

Сафвон умидини сўндирмади, кутишда давом этди. Ниҳоят, бир куни Мадинадан келган йўловчи: “Ҳа, ажойиб бир воқеа содир бўлди”, деди. Сафвоннинг юзи ёришди, шошиб сўради: “Қандай воқеа?! Айтсанг-чи!” “Умайр ибн Ваҳб мусулмон бўлди, ҳозир динни ўрганяпти, Қуръондан таълим оляпти”, деб жавоб берди йўловчи.

Хабар Сафвоннинг бор умидини пучга чиқарди.

***

Умайр бир куни Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига келиб: “Ё Расулуллоҳ, авваллари мусулмонларга қаттиқ азоб етказишга тиришар эдим. Энди рухсат беринг, Маккага бориб. қавмимни Исломга чақирай. Шояд, Парвардигор уларни тўғри йўлга бошласа”, деди.

Умайр Маккага шижоат билан кириб борди.

Унинг тилидан ҳақ калималар янгради. Инсонларни кечаю кундуз адолатга, яхшиликка, гўзал ишларга, хайрга чақира бошлади.

***

Макка фатҳи куни Умайр ибн Вахб (раҳматуллоҳи алайҳ) собиқ дўсти Сафвон ибн Умайяни унутмади. Расулуллоҳ (алайҳиссалом)нинг ҳузурларига бориб: “Эй Аллоҳнинг расули, Сафвон ибн Умайя – қавмининг саййиди. Ўзини денгизга ташлаш учун сиздан қочиб кетди. Унга омонлик беринг”, деди. Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унга омонлик берилган”, дедилар. Умайр: “Эй Аллоҳнинг расули, омонлик берганингизни билдириб турадиган бирор белги беринг”, деди. У зот (алайҳиссалом) саллаларини бердилар.

Умайр (розияллоҳу анҳу) Сафвоннинг ортидан соҳилга борди ва деди: “Эй Сафвон, ўзингни ҳалок қилмоқчимисан?! Бу Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)нинг сенга берган омонликлари”, дея қўлидаги саллага ишора қилди. Сафвон: “Йўқол бу ердан!” – деб бақирди. Умайр (розияллоҳу анҳу): “Эй Сафвон! Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) инсонларнинг энг афзали, энг ҳалими ва энг яхшисидир. Унинг иззати – иззатинг, шарафи шарафингдир”, деб унга тушунтиришда давом этди. Ниҳоят Сафвон унинг сўзларини қабул қилди. Сўнг иккови Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг ёнларига қайтишди. Сафвон Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га: “Умайр менга омонлик берганингизни айтди”, деди. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “У рост айтибди”, дедилар. Сафвон: “Менга икки ой муҳлат беринг”, деганида Пайғамбаримиз (алайҳиссалом): “Сенга тўрт ой муҳлат”, дедилар. Ҳали бу муддат тугамай, Сафвон Исломни қабул қилди. Дўстининг мусулмон бўлганидан Умайр беҳад қувонди.

***

 

Манбалар асосида

Тошкент ислом институти ўқитувчиси

Ҳафиза БАХТИЁР қизи тайёрлади.

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 2-сонидан