Мақолалар

Йигит орияти уйғоқ бўлсин

Чоп этилди Fevral 5, 2019 Йигит орияти уйғоқ бўлсинda fikr bildirishni o'chirish

Ёши анча улғайиб қолган ота муҳарририятимизга келиб шундай мурожаат қилди:

  • Аёлим билан турмуш қурганимизга қирқ йилдан ошди. Учта ўғил, битта қизимиз бор. Қизимизни турмушга узатганимизга уч йил бўлди, лекин ҳали фарзанд кўришмади. Овсинлари буни юзига солгандек қилишаркан. Шунинг учун куёви билан вақтинча онамиздан қолган икки хонали уйимизда яшаб туришсин, дедим. Лекин хотиним уларга ўзимиз яшаётган уч хонали уйни берамиз, биз – эру хотин икки хоналисига ўтамиз, дейди. Қизим ҳам шунга талабгор. Мана шу масалада бир умр аҳил яшаган аёлим билан “сан-ман”га бориб, орага совуқчилик тушди. Мен хотинимнинг фикри нотўғрилигини ҳеч тушунтиролмаяпман, унга тўғри йўлни англатишимга ёрдам берсангиз…

 

Ислом дини таълимотига кўра, турмушга чиққан қизнинг моддий таъминоти тўлиғича эрининг зиммасидадир. Аллоҳ таоло шундай марҳамат қилади:

“У(она)ларни маъруф ила едириб, кийинтириш отанинг зиммасидадир” (Бақара сураси, 233‑оят).

“У (аёл)ларга ўзингиз яшаб турган жойдан имконингиз борича жой беринг” (Талоқ сураси, 6‑оят).

Жобир (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) видолашув ҳажида дедилар: “…Бас, аёллар ҳаққида Аллоҳдан қўрқинглар! Чунки сиз уларни Аллоҳнинг омонати ила олгансизлар…  Улар учун сизнинг зиммангизда маъруф йўл билан ризқлари ва кийимларининг мажбурияти бор…» (Имом Муслим ривояти).

Хуллас, барча уламолар аёлларнинг нафақаси эрларига вожиб бўлишига иттифоқ қилганлар. Аёл эрининг хизматларини қилиб, унинг измида бўлганидан кейин, шубҳасиз, унинг нафақаси эрга вожиб бўлади. Лекин афсуски, кейинги пайтда оилаларда ўз масъулиятини қисман ёки бутунлай аёлининг елкасига юклаб қўяётган эркаклар кўпайиб қолди. Бундай вазият келиб чиқишининг қатор сабаблари бўлиб, улардан бири – (газак олиб бораётган ҳолат) келиннинг ота-оналари куёв ва унинг оиласига кўрсатаётган ҳаддан зиёд мурувват-марҳаматлардир. Келин сарупога ёш оиланинг эҳтиёжидан бир неча баробар ортиқ берилган буюм-анжомлар, тўйдан кейинги тоғора-тоғора йўқлов билан кийим-кечаклар, ҳар хил тадбирлар баҳонасида юбориладиган совға-саломлар… На шариатда, на ота-боболаримиз турмушида бўлмаган бу янги удумни айрим ота-оналар узатилган қизларига нисбатан меҳрибонлик, қизнинг янги хонадонда севимли, ҳурматли бўлиши учун восита деб биладилар. Лекин ҳар қандай келин асл ҳурмат-эътиборни чиройли тарбияси, меҳнати билан қозониши – асрлар оша синалган ҳақиқат. Оиласи, ўзининг шаънини юксак тутган ота-она ва ўғил ҳеч қачон қуданикидан совға-салом, таом кутмайди. Шундай воқеани сўзлашди:

  • Тўйнинг эртасига куёвникига келинникидан юборилган таомни қайнона миннатдорчилик билан олиб қолибди. Икки кундан кейин яна шундай ҳолат такрорланган экан, куёвнинг онаси: “Нима, қизларингизни бизга ишонмаяпсизларми? Оч қолади, деб ўйлаяпсизларми?” деб келган дастурхонни шундоғича қайтариб юборибди.

Шукрки, масжидларда, турли тадбирларда қилинаётган амру маъруфлар, олиб борилаётган ташвиқот-тушунтиришлар натижасида келин келишидан олдин уйини энг керакли буюмлар билан жиҳозлаб қўядиган, куёвлик сарпосини фақат ўз пулига сотиб оладиган, тўйдан кейин аёли ва фарзандларининг моддий таъминотини тўлиқ зиммасига олган йигитлар кўпайиб бормоқда. Лекин… афсус, келиннинг ота-онасидан ҳорижда ишлаб чиқарилган кийимлардан тортиб қимматбаҳо ҳадяларгача кутадиган, бунақа “олди-олди”ларга ўрганиб қолган, хотини касал бўлганда даволаниб келиши учун онасиникига юборадиганлар ҳам оз эмас. Маҳалла фаолларидан бўлган бир аёл: “Қизимга бир йигит қайта-қайта совчи қўйди. Суриштирдик, маъқул бўлди. Сўнгра йигит билан гаплашиб, тўйдан кейин қизимни кийинтириш, едириб-ичириш, касал бўлиб қолса даволатишга ваъдасини олганимдан кейин унаштиришга рози бўлдим”, деган эди. Бу – узоқни кўзлаб тутилган иш. Чунки қизига ҳақиқий оилавий бахт насиб этишини истаганлар рўзғорга ҳар жиҳатдан устун бўладиган, унинг оғир юкини кўтарадиган, хотину фарзандлари, ўзини бировнинг қўлига қараб қолишидан ор қиладиган йигитларга узатишни истайдилар. Яна бир жиҳатдан, ота-онани фарзандларга боғлаб берган эмас. Шунинг учун улар ҳаётлик пайтларида ёшларни тайёрига айёрликка эмас, ғайрат билан ҳалол меҳнат қилиб ўз аравасини ўзлари тортишига ўргатишгани – нур устига аъло нур. Зеро, бу ишлари билан ёш отани хотин ва болалари олдидаги ҳақини адо этиб, савобларга муяссар бўлиши учун хайрли амалларга бошлаган бўладилар.

Абу Ҳурайра (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) дедилар: “Бир динорни Аллоҳнинг йўлида нафақа қилдинг. Бир динорни қул озод қилишга нафақа қилдинг. Бир динорни мискинга нафақа қилдинг. Бир динорни аҳлингга нафақа қилдинг. Энг ажри улуғи аҳлингга нафақа қилганингдир” (Имом Муслим ривояти).

.

Муҳтарама УЛУҒОВА  

“Ислом нури”газетасининг 2019 йил, 1-сонидан