Мақолалар

Хурмо

Чоп этилди Fevral 5, 2019 Хурмоda fikr bildirishni o'chirish

Аллоҳ таоло бундай марҳамат қилади: “Хурмодан эса, унинг шохидаги (мева) бошлари (ерга) яқини (ва яқин бўлмаганлари) бор” (Анъом сураси, 99-оят). “У иккисида (мазкур боғда) мева, хурмо ва анорлар бордир” (Раҳмон сураси, 68-оят).

Муборак ҳадисларда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) хурмони бошқа меваларга қараганда кўпроқ яхши кўриб истеъмол қилганликлари баён қилинган.

Каъб ибн Молик ва ибн Умар (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: «Расулуллоҳ (алайҳиссалом): “Дарахтларнинг ичида шундайи борки, барглари тушмайди, у мусулмон кабидир, у қандай дарахтлигини биласизларми”, – деб сўрадилар. Кишилар чўлда ўсадиган дарахтларни айта бошладилар. Абдуллоҳ ибн Умар (розияллоҳу анҳу) дейди: “Мен ичимда бу хурмо дарахти, деб ўйлаб турдиму, лекин айтишга уялдим”. Сўнг кишилар: “Ё Расулуллоҳ (алайҳиссалом), ўзингиз айтинг”, дейишди. У зот (алайҳиссалом): “Хурмо дарахти”, дедилар. Мен отам Умар (розияллоҳу анҳу)га бу эшитганимни айтиб берганимда, менга унинг хурмо дарахти бўлгани бошқасидан яхшироқдир”, деди» (Муттафақун алайҳ).

Саъд ибн Абу Ваққос (розияллоҳу анҳу)дан келтирилган ривоятда «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Кимки эрталаб учта ажва хурмосидан тановул қилса, унга ўша кун заҳар ҳам, сеҳр ҳам таъсир қилмайди, дедилар» (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).

Ойша (розияллоҳу анҳо): «Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): Олиянинг (Мадинадан 5–14 километр масофадаги жой) хурмоси шифодир. Эрталаб ейилса, тарёк (заҳарни кесадиган маъжун, дори)дек шифодир”» (Имом Муслим ривояти).

Саъд (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинади: “Бир кун касал бўлиб қолганимда Пайғамбар (алайҳиссалом) мени кўргани келдилар. Қўлларини кўкрагим устига қўйганларида, қалбимга ўзгача салқинлик етиб келди. Сўнг у зот (алайҳиссалом): “Юрагингда оғриқ бор, Ҳорис ибн Калдани чақиртир, у сенга еттита ажва хурмосидан олиб данаклари билан аралаштириб, оғзингга солиб, даволасин”, дедилар (Имом Абу Довуд ривояти).

Хурмонинг фойдалари

Хурмо А витаминига бой. У болаларнинг ўсиши ва суяклари мустаҳкам бўлишига ижобий таъсир кўрсатади, кўриш қуввати, эшитиш қобилиятини оширади, асаб тизими фаолиятини яхшилайди, қон томирларини юмшатади. Шунингдек, ичак яллиғланиши, қувватсизлик, заифлик ва ошқозон ярасига шифо бўлади. Жигар хасталикларига фойдали, лаб ёрилиши, тери қуриши каби касалликларнинг олдини олишда ёрдам беради. Шунингдек, ақлий меҳнат, спорт билан мунтазам шуғулланувчилар учун кони фойда.

Хурмо бошқа меваларга қараганда фосфорга бой. Юз грамм хурмо мевасида қирқ грамм фосфор бор. Бу эса суяк ва тишнинг бақувват бўлишини таъминлайди. Ундаги магнизий саратон касаллигини даволашга ёрдам беради.

Рўзадор кишининг ифторлик ва саҳарликда хурмо тановул қилиши кун бўйи толиқмаслигига кўмак беради. Шунингдек, хурмо темир, кальций, қанд моддалари ва Б1 ва Б2 витаминларига тўйинган.

Олимларнинг таъкидлашича, бир килограмм хурмо меваси уч минг калория қувватга эга. Бу бир кишининг 24 соатлик қувватига тенгдир. Уни бошқа маҳсулотлар билан таққосласак: 1 кг хурмо 1 кг гўштнинг калориясига тенг, балиқ гўштидан уч баробар кўп қувватга эга ҳисобланади.

 

Собиржон АРЗИҚУЛОВ,

ЎМИ мутахассиси

“Ислом нури” газетасининг 2019 йил, 2-сонидан