Мақолалар

Ёшлар ва дин

Чоп этилди Fevral 5, 2019 Ёшлар ва динda fikr bildirishni o'chirish

Тарихчи Геродот ўзининг Шарққа қилган сафарлари чоғида Миср эҳромларидаги бир битик уни ажаблантирган: “Ёшларнинг тарбияси бузилиб кетяпти. Нима қилмоқ керак?!”

Муаррих бу ёзувни ўқиганига ҳам икки минг йилдан ошиб кетди. Ёзувнинг битилганига эса ким билсин қанча вақт бўлган?

Ёшлар муммоси ҳеч қачон долзарблигини йўқотмаган.

“Муаммо ҳам долзарб бўлиши мумкинми?” деган ҳақли савол туғилиши табиий. Ҳа, муаммо долзарб бўлади, айниқса, у ёшларга оид бўлса.

 

Ёшларни бой бериб қўйяпмиз(..ми?)

Мамлакатимиз аҳолисининг 64 фоизини ёшлар ташкил этади. Фарзандларимизнинг илмли, ахлоқли бўлиб камолга етишларига уйда ота-оналар, ўқув юртларида эса муаллим ва устозлар астойдил жон куйдиришлари керак. Ўғил-қизларимизни илм-маърифатга ошно қилишдан ҳеч ким четда турмаслиги лозим.

Улуғ маърифатпарвар аллома Маҳмудхўжа Беҳбудий ёшларга мурожаатномасида бундай ёзади: “…Ушбу тараққий этган замонда илмсиз, маърифатсиз, қуруқ таассуб билан яшаб бўлмайди. Ҳозирги замонавий тараққиёт ва ривожланиш шундай кучли бўлмоқдаки, озгина фурсат ўтар-ўтмас қуруқ ва чириган таассубларимизни илдизи билан қўпориб ташлайди. Шунинг учун барча ёшларимиз бу борада бир нарсага таянишлари мумкин. Бу нарса илму маърифатдир” (“Ойна” журнали, 1914 йил, 41-сон).

Бошқа бир аллома эса: “Фарзанд тарбиясига лоқайд қараган миллат инқирозга маҳкумдир. Уларни бегона қўллар ва бегона маданиятга таслим этганлар ўзини йўқотишга маҳкумдир. Бугунги кунда тузумнинг юзи қоралари ҳисобланган золимлар, ароқхўрлар, бузуқлар, бангилар, исёнкорлар кечаги кунда тарбиясига бепарво қаралган болалардир”, деган. Бу сатрлар бугун учун айтилгандек, гўё.

Ҳозир ёшларнинг айримлари билан суҳбатлашсангиз, улардан келажакда ким бўлишини сўрасангиз, навқирон авлод вакиллари чет эллик аллақайси санъаткорга, актёрга, пулдору амалдорга ўхшагиси келади. Уларга ўхшаб кийинади, уларга тақлид қилади, ҳатто ўзини ўшалардай тутади. Беруний ким, Ибн Сино-чи, Алишер Навоий ижодидан бирор мисра айтиб бер, десангиз: “Нима қиламан уларни, менга ош-нон бермаса…” дейишади.

Қўлида тамаки тутатганча, кимларгадир ақл бўлаётган режиссиёрга ўхшашни, ярим-ялонғоч кийиниб, пешанасига кўзойнагини қўндирганча соллана-соллана кетаётган қўшиқчидек бўлишни орзу қилаётган ёшлари сафи, афсуски, кенгайиб боряпти.

Хўш, бунга ким айбдор: ота-онами, ўқитувчими, маҳалла фаолими ёки миллий маънавиятимизга зид матаҳларни эфир орқали узатаёган телеканаларми, миш-мишни, ғийбату бўҳтонни тиқиштираётган босма даврий нашрларми ёхуд “пиар” ортидан қуваётган ижтимоий тармоқлару веб-сайтларми?

Шуларни ўйлаб баъзан ёшларни аллакимларга бой бериб қўмаяпмизми, деган саволлар ғужғон хаёлимда айланади.

 

Ўзбек ўзлиги билан ўзбекдир

Ёшларимиз, ўзимизнинг бой маънавиятимиз, маданиятимиз, муқаддас динимиз бўла туриб, бировларга тақлид тақлид қилишаётган экан, уларни айблашга шошилмаслигимиз керак. Бу жараёнда сизу биз – катталар айбдор. Нега? Чунки ёшлар онгу шуурига муқаддас динимизнинг соф ақидалари сингдира олмаяпмиз. Фарзандларимизга маънавиятимизни, маданиятимизни том маънода етказа олмаяпмиз. Етказаётган бўлсак-да, бу фақат сўзда бажариляпти, холос. Амалга келганда оқсаб қоляпмиз, ўзимиз ўрнак бўла олмаяпмиз.

Ҳеч эътибор берганмисиз. Нега айнан пойтахтимизнинг эски шаҳар қисмида кўпроқ миллийлигимизга хос ва мос турмуш кечираётган оилалар кўзга ташланади? Ёки қишлоқларда ҳам шундай ҳолат кузатилади. Бундай масканларда яшайдиган аҳолининг ори – осмон, ғурури – уммон. Чунки уларнинг вужуди асрлар синовидан безавол ўтган қадриятларимиз билан суғорилган.

Чет элдан юртимизга ташриф буюрган сайёҳга ажнабийларга ўхшаган ўзбеклар ёқмайди. Улар учун ҳақиқий ўзбеклигини, ўзлигини асраб қолган ва шунга монанд яшаётган юртдошларимиз қизиқ. Самарқандга, Бухорога, Хивага йўлингиз тушса, қадимий пахса деворларни оралаб юрган сайёҳларни учратасиз. Улар кўзлари ёниб, неча минг йиллик иморатларга, иншооту обидаларга тикилиб лолу ҳайрон бўлишади.

 

Икки ривоят

Имом Бухорий ҳадис ровийларини излаб денгиз сафарига чиқди. Ҳамёнида минг динор пул бор эди. Йўловчилардан бири олим ёнига келиб, “иззат-икроми, ҳурматини” билдирди, ўзини яқин тутди. Имом Бухорий ҳам илтифот кўрсатиб, унга самимий муомала қилди, суҳбатлашди. Бир гал шериги қувлик билан Имом Бухорийнинг ростгўйлигидан фойдаланиб, олимда минг динор пул борлигини билиб олди.

Эртаси куни ҳалиги одам уйғонгач, ҳўнграб йиғлашга тушди. Бақирганича ёқасини йиртиб, юз-бошларига уриб, дод-вой солди. Одамлар унинг фарёдидан ҳайратга тушишди. Кема масъуллари сабабини сўраб, уни саволга тутишди. Ўзини жабрдийда кўрсатиб: “Минг динорим бор эди, йўқолиб қолди”, деб зорланди у. Шунда тафтишчилар кемадаги барча йўловчиларнинг чўнтакларини бирма-бир текшира бошлашди. Имом Бухорий ҳамёнидаги пулни денгизга улоқтирди. Тафтишчилар ҳаммани текширишди, ҳеч қандай пул топишмади. Шундан сўнг улар пул йўқотдим деб туҳмат қилгани, ёлғон гапиргани учун ҳалиги одамнинг таъзирини беришди.

Кема манзилга етгач, ёлғончи кимса Имом Бухорийнинг ёнига келиб, минг динорини қаерга, қандай яшириб қўйгани ҳақида сўради. “Денгизга ташлаб юбордим”, деди Имом Бухорий хотиржам. “Шунча пулни-я. Қандай кўзинг қийди?” деб сўради у яна. Имом Бухорий: “Эй жоҳил, ҳаётимни илмга, Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ҳадисларини тўплашга сарф қилганимни билмайсан, шекилли? Ҳамма менинг ҳалол, тўғри одамлигимни билади. Нега энди ҳурматимни, қадримни ёлғончи ўғрининг туҳматига бой беришим керак? Қандайдир динорларни деб умр бўйи мисқоллаб топганим ишонч ва адолатдек баҳосиз дурни йўқотишим тўғрими, ахир?” дея жавоб қайтарди.

*  *  *

Абдулқодир Жийлоний болалигида онаси илм олсин дея Бағдодга жўнатаётиб, йўл харажатлари учун қирқ динор пулни чопонининг қатига маҳкам қилиб тикиб қўйди. Сўнг унга: “Ҳеч қачон, ҳар қандай ҳолатда ҳам ёлғон гапирма”, деб тайинлади.

Карвон Ҳамадон ҳудудига етганида, унга қароқчилар ҳужум қилишди. Йўлтўсарлар карвондагиларнинг ҳамма нарсасини тортиб олишди. Навбат ёш Абдулқодирга етганида ундан: “Ниманг бор?” деб сўрашди. У: “Чопоним қатида 40 динор олтиним бор”, деди.

Биринчи қароқчи ҳазиллашяпти, ёш болада олтин нима қилади, деб нари кетади. Иккинчи қароқчи ҳам Абдулқодирдан саволига яна ўша жавобни олди. Шунда уни тўда бошлиғининг олдига олиб боришди. Бошлиқ унинг чопони қатини сўтиб, у ерда Абдулқодир айтганидек 40 динор олтин борлигини кўрди ва: “Сени рост гапиришга нима мажбур қилди?” деб сўради. Абдулқодир: “Мен онамга ҳеч қачон ёлғон гапирмасликка сўз берганман”, деди.

Шунда қароқчилар бошлиғи саросимага тушиб, пешонасига урганча: “Сен онангга берган ваъдангни бузишдан қўрқиб, олтинларнинг жойини айтдинг. Мен эса шунча йилдан бери Аллоҳга берган ваъдамни бузиб юрибман”, деб қаттиқ пушаймон бўлди.

Сўнг тўда бошлиғи қароқчиларга карвон аҳлидан тортиб олинган барча нарсаларни эгаларига қайтаришни буюрди. Ҳаммалари тавба қилиб, тўғри йўлга киришди.

 

Хулоса

Халқимизда: “Бир болага етти маҳалла – ота-она”, деган нақл бор. Хўш, фарзанд тарбиясида қандай йўл тутган маъқул?

Аввало, болага таълим-тарбияни мажбурлаб ўргатиб бўлмайди. Тарбия – жуда нозик масала. Унга жуда эҳтиёткорона ёндашиш лозим. Янги-янги услуб ва усуллардан фойдаланиш зарур.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): «Ҳеч бир ота-она фарзандига гўзал тарбиядан кўра қимматроқ мерос қолидра олмайди» (Имом Термизий ривояти), дея марҳамат қилганлар. Динимиз ахлоқий тарбияни инсон камолотининг ажралмас қисми, деб ҳисоблайди.

Лекин ҳамма ҳам фарзанд тарбиясида тўғри йўл тутяптими? Афсуски, «Ҳа», дея олмаймиз. Хонадонимизни чироқ доимо ёритиб туриши учун узлуксиз электр энергияси зарур. Ота-она ва фарзанд муносабати ҳам доимий қувват билан таъминланиши керак. Болага меҳр беришдан, уни яхши кўришдан қўрқмаслик лозим. Қанча кўп меҳр улашилса, ортиғи билан қайтади.

 

Толибжон НИЗОМОВ