Мақолалар

Зоҳид Кавсарий: “Китобини Расулуллоҳ маъқуллаган бухоролик фақиҳ”

Чоп этилди Fevral 6, 2019 Зоҳид Кавсарий: “Китобини Расулуллоҳ маъқуллаган бухоролик фақиҳ”da fikr bildirishni o'chirish

ХIХ асрда яшаб ижод қилган йирик ҳанафий олим Муҳаммад Зоҳид Кавсарий асарларида мовароуннаҳрлик, хусусан, бухоролик фақиҳлар ҳаёти ва китобларига доир қимматли маълумотларни келтирган. Олимнинг Мовароуннаҳрга фиқҳ илмини олиб келган ва Бухорода илк фиқҳ мадрасасини ташкил қилган Абу Ҳафс Кабир (767–832) ва унинг ўғли Абу Ҳафс Сағир (ваф. 875 й.) ҳақидаги мулоҳазалари, айниқса, эътиборга молик.

Кавсарий “Ҳуснут тақозий фий сийрати Имом Абу Юсуф” асрида бундай ёзади: “Абу Ҳафс Кабир ва Абу Сулаймон Жузжоний Имом Муҳаммаднинг асарлари бизгача етиб келишида катта  ҳисса қўшган”[1]. Тарихчи Имом Заҳабий ҳам шунга яқин маълумот беради: “Абу Ҳафс Кабир Имом Муҳаммаддан фиқҳни ўрганди ҳамда Вакиъ ибн Жарроҳ, Абу Усома, Ҳушайм ибн Башир, Жарир ибн Абдулҳамид каби муҳаддислардан ҳадис эшитди. Билингларки, Абу Ҳафсдан келган ривоятлар ишончли ҳисобланади”[2]. Бундан кўринадики, Имом Муҳаммаднинг асарлари кейинги авлодга ушбу икки шогирд орқали етган. Абу Ҳафс Кабир Бухорий Имом Муҳаммаднинг илмий мероси ва ҳанафий мазҳабининг асосий манбаи – “Зоҳирур ривоя” китобларининг ровийси ҳамдир. Ушбу асарнинг олтинчи китоби “Китаб ас-сияр ал-кабир” Абу Ҳафс Кабир она юртига қайтганидан сўнг ёзилган. Шу боис олим уни ривоят қилмаган[3].

“Ҳуснут тақозий”да бухоролик муҳаддис, Имом Бухорийнинг устози Муҳаммад ибн Салом Пойкандийдан қизиқ бир ривоят келтирилган. Нақл қилинишича, у тушида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг Бухорога ҳадисларда сифатланган машҳур туяларини миниб, бошларига оқ кулоҳ (дўппи) кийиб  келганларини кўради. Одамлар бу муборак ташрифдан бағоят хурсанд эдилар. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Абу Ҳафс Кабирнинг уйига келиб тушадилар. Сўнг Абу Ҳафс Кабир Расул (алайҳиссалом)га китобини ўқиб беради, у зот эса Абу Ҳафс Кабирнинг мутолаасига қулоқ солиб, маъқуллайдилар.

Кавсарий ушбу асарда яна келтирилишича, бир куни Имомнинг зиёратига Бухоро амири Муҳаммад ибн Толут келиб, салобатларидан тили айланмай қолади ва зиёрат сўнггигача бир оғиз гапиришга ботина олмайди. Қайтишда ҳамроҳи бўлган вазирига дейди: “Мен халифа ва жуда кўп улуғлар ҳузурига кирганман. Лекин ҳеч кимда бунчалик ҳайбат кўрмаган эдим”.

Абу Ҳафс Кабир Бухорий  ҳар куни Қуръони каримнинг тенг ярмини хатм қилишга одатланганлари ва бу умрларининг охиригача давомли  бўлгани манбаларда зикр қилинади.

Муҳаммад ибн Жаъфар Наршахий “Бухоро  тарихи” китобида ёзишича, “Абу Ҳафс Кабирнинг шуҳрати Ислом оламига тарқалди, ҳатто араб диёри олимлари бирон-бир мушкул масаланинг жавобини билмай қолишса, Бухорога қатнайдиган карвонга ўз вакилларини қўшиб, масаланинг жавобини билиб келиш учун жўнатишар эди”.

Абу Ҳафс Кабир ишлайдиган мадраса ҳозирги “Пойи Калон” мавзейида бўлган. Аллома уйдан мадрасага бозор орқали ўтганида ҳайбатидан бозорчиларнинг шовқин-сурони тўхтаб қолар экан.

Кавсарий буюк муҳаддис  Имом Бухорий ҳам ёшлигида Абу Ҳафс Кабирдан таълим олганини, шу боис у кишининг шогирди ҳисобланишини айтади.

Кавсарий Абу Ҳафс Кабирнинг фарзанди Абу Ҳафс Сағир ҳам улуғ фақиҳ бўлгани, Бухоро шайхи даражасига етишгани ва араб юртларига Имом Бухорий билан бирга илмий сафарлар қилгани ҳақида ҳам тўхталган.

Абу Ҳафс Кабир ўзлари берган фатволарни жамлаб “Фатовойи Абу Ҳафс” китобини ёзган. Алломанинг фатволари Ислом оламида кенг тарқалган бўлиб, унинг фатволари ва асарларидан кейинги давр уламолари ўз китобларида кенг фойдаланишган. “Баҳрур роиқ шарҳу Канзуд дақоиқ”, “Фатовойи Оламгирия”, “Тахриж мин фатовойи Абу Ҳафс Кабир Бухорий”, “Дуррул мухтор”, “Иноя шарҳул ҳидоя”, “Мабсутус Сарахсий”, “Бадоиъус саноиъ” каби машҳур асарлар шулар жумласидандир. Абу Ҳафс Кабир “Китобут тахриж” ва “Наводир” номли асарлар муаллифи ҳамдир.

Абу Ҳафс Кабир 216 ҳижрий (832 милодий) йили вафот этди. Бухоронинг Дарвозайи Нав мавзеидаги тепаликка дафн қилинди. Шундан кейин одамлар бу дарвозани “Ҳазрати Имом дарвозаси” деб атай бошлашди.

Муҳаммад Зоҳид Кавсарий ўз асарларида мовароуннаҳрлик  алломалар асарлари ва ҳаёти ҳақида кўпгина нодир ва қимматли маълумотларни келтирган. Олимнинг асарларини ўрганиш, таҳлил қилиш орқали тарих қатларида қолган кўпгина ҳақиқатлар очилади.

 

Сайқалиддин АҲМЕДОВ,

Халқаро ислом академияси магистранти

[1]Муҳаммад Зоҳид Кавсарий. Ҳуснут тақозий фий сийрати Имам Абу Юсуф. Миср, “Мактабтул-азҳарийя” (йили кўрсатилмаган), 72-б.

[2]Имом Заҳабий. Сияру аъламин нубала. Миср, “Мактаба ат-тавфиқия” (йили кўрсатилмаган), 10-жилд, 159-б.

[3]Доктор Али Аҳмад ан-Надавий. Имом Муҳаммад ибн Ҳасан аш-Шайбоний нобиғоут фиқҳил ислами.   Дамашқ, “Дорул қалам”, 1314/1994. 54-б.