Оила

Оила ҳақида мақоллар

Чоп этилди Dekabr 25, 2019 Оила ҳақида мақолларda fikr bildirishni o'chirish

Аёлнинг сариштаси —
Рўзғорнинг фариштаси.

Бир қизга етти қўшни — ота-она.

Биянинг югуриги яхши,
Хотиннинг — эпчили.

Бой амр этмаса,
Бовча хамир этмас.

Болали уй — жаннат,
Боласиз уй — миннат.

Болали уй — хандон,
Боласиз уй — зиндон.

Болали уйда гап ётмас.

Болали уйда жанжал бўлса ҳам,
Ғурбат бўлмас.

Болали уйда ўғрилик йўқ.

Болали уйда ғийбат йўқ.

Болали уйда ғурбат йўқ.

Бош икков бўлмай,
Мол икков бўлмас.

Бошим икки — молим икки.

Бўз яктак қичитар,
Яхши хотин тинчитар.

Бўлдирадиган ҳам хотин,
Ўлдирадиган ҳам хотин.

Дўстинг ҳам — эринг,
Душманинг ҳам — эринг.

Эр — қуёш йўлдоши,
Хотин — умр йўлдоши.

Ёмон хотин олганнинг ёви уйида,
Икки хотин олганнинг дови уйида.

Ёмон хотин эрига дўзах қилар.

Ёмон хотин ўлса, кенг тўшак қолар,
Яхши хотин ўлса, меҳнат-ғам қолар.

Ёмон хотин ҳайитда эридан чиқар.

Ёғмас булут элни алдар,
Ёмон хотин — эрни.

Жон куйдирмасанг, жонона қайда,
Хотин олмасанг, қайнона қайда.

Иноқ оилада бешик бўшамас.

Итнинг ёви — девона,
Келиннинг ёви — қайнона.

Йигитнинг кўнгли қолса — ўлгунча,
Хотиннинг кўнгли қолса — туққунча.

Катта — келин уйда,
Кичик келин — тўйда.

Келин бўлдим — қайнонамга ёқмадим,
Қайнона бўлдим — келинимга ёқмадим.

Келин келағон бўлди,
Овул кезағон бўлди.

Келин кирган уйга нур кирар.

Келининг қаерлик бўлса,
Меҳмонинг шу ерлик.

Кундошнинг оти қурсин,
Саксовулнинг ўти қурсин.

Кўча севгиси уйни барбод этар.

Оила тинч — юрт тинч.

Оила — қўш устунли айвон.

Олис йўл отни синар,
Оғир кун — хотинни.

Оналик уйнинг ори бор,
Оталик уйнинг — зари.

Ота — ақл, она — идрок.

Ота — билак, она — юрак.

Рўзғор зийнати — ўтин,
Уй зийнати — хотин.

Рўзғор тушди бошга,
Қўл тегмади ошга.

Рўзғор ўлчов билан,
Бойлик тежов билан.

Сариштали уй — фариштали уй.

Уйинг тор бўлса,
Дунёнинг кенглиги билинмас.

Уйланган — ўғил-қизига қувонган.

Уйни уй қилган эрнинг топиши-ю
Хотиннинг — кўрпа иши.

Улуғ уйга не керак,
Кичик уйга шу керак.

Умр савдоси — қийин савдо.

Хотин — бўйин, эр — бош.

Хотин — уй безакчиси,
Эр — уй кўмакчиси.

Хотининг яхши бўлса, ёқанг оқарар,
Хотининг ёмон бўлса, соқолинг оқарар.

Хотининг яхши бўлса, тўйга бормоқ не ҳожат,
Хотининг ёмон бўлса, азага бормоқ не ҳожат.

Хотинли рўзғор гулдир,
Хотинсиз рўзғор чўлдир.

Хотиннинг ёмони — умрнинг эгови.

Хотиннинг ёмони — эрнинг заволи,
Хотиннинг яхшиси — эрнинг камоли.

Хотиннинг зўри — эрнинг шўри.

Хотиннинг яхши-ёмони меҳмон келганда билинар.

Хотиннинг қақилдоғи — тегирмоннинг шақилдоғи.

Хотинсиз уйни кўр — қаро ерни кўр.

Чолимнинг топганини яйраб ейман.

Ўғлимнинг топганини инграб ейман.

Эр-хотиннинг уриши — дока рўмолнинг қуриши.

Эр-хотиннинг уриши — ёз кунининг ёғиши.

Эр қаерда бўлса, хотин ҳам шу ерда.

Эрдан — садоқат, хотиндан — итоат.

Эринг суйди — элинг суйди.

Эрингга ёқдинг — элингга ёқдинг.

Югурук отга ёл битмас,
Тоқ йигитга мол битмас.

Янгамнинг шўрвасини ширин қилган
Акамнинг масаллиғи.

Яхши кўрсанг боласин,
Иззат қилгин онасин.

Яхши хотин арпа унни кабоб қилар,
Ёмон хотин буғдой унни хароб қилар.

Яхши хотин — умр боли,
Ёмон хотин — жон заволи.

Яхши хотин юзида ой кўринар,
Ёмон хотин қовоғидан қор ёғилар.

Яхши хотин — ярим ризқ.

Яхши хотин — ҳамиша баҳор.

Яхши қўшни — ота-она,
Ёмон қўшни — бошга бало.

Ўрта йўлда отинг ўлмасин,
Ўрта ёшда — хотининг.

Ўғлимнинг илик ошидан
Эримнинг урган тоши яхши.

Ўғлинг аҳмоқ бўлса ҳам,
Келининг доно бўлсин.

Қизгинамнинг боласи —
Қандак ўрик донаси.
Ўғилгинамнинг боласи —
Ҳай-ҳай унинг онаси.

Қизинг бўй етса, қизи яхши билан қўшни бўл,
Ўғлинг эр етса, ўғли яхши билан қўшни бўл.