Болалар

Болани банд қилиб қўйиш йўллари

Чоп этилди Fevral 5, 2019 Болани банд қилиб қўйиш йўллариda fikr bildirishni o'chirish

Онада айрим ҳолларда болани банд қилиб қўйиш эҳтиёжи бўлади. Масалан, муҳим телефон суҳбати, уй ишлари ёки шунчаки бир оз дам олиб олиш. Албатта болани 2 соатга банд қилиб қўйишнинг иложи йўқ, лекин 20-30 дақиқага уни бир нарса билан қизиқтириб қўйиш мумкин.

  1. 1. Фарзандингизга хонасидан кўк машина, сариқ кубик, яшил коптокни олиб келишини буюринг. Бу ранги турлича бўлган ўйинчоқларни қидириб топиш учун бола хонасида бир неча дақиқа қолиб кетади, сизда эса шу вақт мобайнида ишларингизни бажариб олишга имконият бўлади. Ундан ташқари бола сиз айтган ўйинчоқларни қидириш жараёнида бошқа қизиқарли нарсалар билан алақсиб янада узоқроқ хонасида қолиб кетиши мумкин.
  2. 2. Болага ўйин шаклида масалалар беринг. Масалан, қўғирчоқни ухлатиб қўйиш, ўйинчоқ ҳайвонларни овқатлантириб чиқиш, столдаги қошиқларни йиғиб ошхонага олиб бориш ва ҳоказо.
  3. 3. Сеҳрли қоп. Ҳар бир онада фарзандига мўлжалланган ўз сеҳрли қопи бўлмоғи лозим. У қопнинг ичида керакмас хавфсиз буюмлар, эски ўйинчоқлар, пластик идишлари бўлиши мумкин. Бундай қоп фарзандингизни ярим соатга банд қилиб қўйиши аниқ. Фақат қоп доим унинг кўз олдида бўлмасдан, балки вақти-вақти билан пайдо бўлиши лозим.
  4. 4. Бўш бўлганингизда ишлатилмайдиган коробка, пластик бутилка, упаковкалардан турлича расмларни кесиб олиб қўйинг. Фарзандингизни банд қиламан десангиз, ўша расмларни унга бериб қўйинг, сизга ҳалақит бермай уларни мазза қилиб ўйнайди.

Болани банд қилиш усули сифатида мультфильм кўрдириш яхши восита эмас. Бола бунга ўрганиб қолиб, кейин уни телевизор олдидан кетказиш йўлларини топа олмай қолиш мумкин.

  1. 5. Эски керакмас расмли қалин журналларни болангизга бериб қўйинг. Журнал билан хоҳлаган нарса қилиши мумкин эканлигини айтишни унутманг. Қарабсиз-ки, камида ярим соат бола журнал варақларини йиртиб, унга чизиб, бир нарса ясаш билан овора бўлади.
  2. 6. Фарзандингизни ёрдамга чақиринг. Чанг артиб чиқиш, хонасидаги ўйинчоқларни бир қаторга териб қўйиш каби талабларингиз болани ёрдамчи бўлишга қизиқтиради, сизга эса 15-20 дақиқа бўш вақт таъминланади.
  3. «Ойнадан қара, ёмғир ёғяптими?», «Хонангда чироқни ўчириб қўй» ёки «Чой қайнадими, қараб кел» каби буйруқларингиз сизга 1-2 дақиқа ёлғиз қолишингизни таъминлаб беради.
  4. Фарзандингизни сиз қилаётган ишни бирга қилишга жалб қилинг. Агар ўқиётган бўлсангиз, у ҳам ўз китобларини кўриб ўтирсин, телефонда суҳбатлашаётган бўлсангиз, у ҳам ўйинчоқ телефонида суҳбатлашсин ва ҳоказо.
  5. Ўйинчоқлардан бирини беркитиб қўйиб, озгина вақт ўтгандан кейин беринг. Бола учун бундай ўйинчоқ янгидек қизиқ туюлади.
  6. 10. Эски коробка ёки пластик идишларни ташлаб юборманг. Фарзандингиз зерикканда бериб қўйсангиз, улардан уй қуриши ва бузуши, устма-уст тахлаши ва бошқа нарсалар қилиб банд бўлиши мумкин бўлади.

 

Манба: uzbaby.uz