Мақолалар

Бу иш сизга қийин эмас

Чоп этилди Fevral 6, 2019 Бу иш сизга қийин эмасda fikr bildirishni o'chirish

Қиш келиб, ҳаво совий бошлаши билан хонадонларни иситиш масаласи ўртага чиқади. Ҳамманинг фикри-ёди қишдан эсон-омон чиқиб олиш, шамолламаслик бўлиб қолади. Айниқса, кексалари, чақалоқлари бор хонадонларда бу масала ўта муҳим.

Балки ён қўшнингизнинг уйида гази йўқдир. Печкасига эса ўтин керак. Олишга моддий имконияти етмайди. Унинг устига ёш боласи ҳам бор. Совуқ уйда қийналиб ўтиришибди. Сизнинг эса бир машина ёки бир арава ўтин олиб беришга маблағингиз бор. Энди бунга хоҳиш, ҳиммат бўлса бас.

Агар ёрдам берсангиз, қўшнингиз иссиқ уйда ўтиради. Чақалоғи шамолламайди. Болалари хурсанд бўлади. Хонадон аҳли ҳақингизга дуо қилади. Иссиқ уйда ўйнаб ўтирган болакайнинг юзидаги табассуми, миннатдорлиги, кўзларидаги қувончи кўп ажру савоб олишингизга боис бўлади, иншоаллоҳ. Ҳадиси шарифлардан бирида: “Фарз амаллардан кейин Аллоҳ таолога энг маҳбуб амал мусулмоннинг қалбига хурсандчилик киритишдир”, дейилган (Имом Табароний ривояти).

Тасаввур қиляпсизми, сиз фарз амаллардан кейинги ўринда турувчи улуғ ишни, Аллоҳ таолога ёқадиган амални бажарган бўласиз. Аллоҳ таоло мўмин бандасининг қалбини шодликка тўлдирган кишини қуруқ қўймайди.

Яна бир ҳадисда: “Биродарига ёрдам бериш ҳаракатида юрган кишига Аллоҳ таоло ҳам ёрдам беради”, дейилган (Имом Муслим ривояти).

Ҳа, Аллоҳ таоло сизга ёрдам беради. Чунки сиз қўшнингизнинг оғирини енгил қилишга, уйини иссиқлик ва нурга тўлдиришга уриняпсиз.

Бир ҳолатни тасаввур қилиб кўринг: сиз иссиқ уйингизда ўтирибсиз, аммо ён қўшнингиз совуқ уйда қалтираб ўтирибди, бечора чарчаган бўлса ҳам, совуқдан ухлолмаяпти. Шундай вазиятда сизнинг кўзингизга уйқу келадими?! Келмайди, тўғрими? Ахир, сиз Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг: “Ён қўшниси очлигини била туриб, қорни тўқ ҳолда тунаган киши менга имон келтирмабди” (Имом Табароний ривояти), деган ҳадисларидан хабардорсиз. Шу сабаб қўшнингиз очлигида ўзингиз тўқ, уйи совуқлигида иссиқ уйда бемалол ухлолмайсиз. Бунга виждонингиз йўл қўймайди.

Ўтмишда ўтган солиҳ инсонлар қўшниларидан хабар олиб, уларнинг ҳожатларини раво қилишга шошардилар.

Қадрдоним! Биз бир диндош биродаримиз, қўшнимизнинг кўнглини кўтара оламиз, бу иш қўлимиздан келади. Қиш кунларида шу ишларни имкон қадар бажариб, улкан савобларни қўлга киритиш пайида бўлайлик!

Аллоҳ таоло барчамизни қўшнисига яхшилик қиладиганлардан айласин!

 

Нозимжон ИМИНЖОНОВ,

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 1-сонидан