Мақолалар

Кибр билан келдинг, тавозе билан кет…

Чоп этилди Fevral 6, 2019 Кибр билан келдинг, тавозе билан кет…da fikr bildirishni o'chirish

Султон Маҳмуд Ғазнавий йўлда борар экан, мўрисидан тутун чиқиб турган бир кулбани кўриб ичкарига кирди. У ерда Абул Ҳасан Ҳарканий ҳазратлари яшарди. У зот ўз ишлари билан оввора бўлиб, султонга эътибор қаратмади.

Бу ҳолдан Султон Маҳмуд қаттиқ ҳафа бўлади, лекин буни сездирмай деди:

– Устоз!

– Нима гап?!

– Устозингиз Боязид Бистомий ҳазратлари қандай инсон эди?

Абул Ҳасан Ҳарканий ҳазратлари устозининг исмини эшитгач тўлқинланиб:

–Устозим шундай одам эдики, мусулмон бўлмаган инсоннинг юзига боқса, уни имон нури билан шарафлантирарди.

– Бу қанақа гап бўлди? Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни Абу Жаҳл ва бошқа мушриклар кўрдилар. Улар имон келтиришмади. Сенинг устозинг пайғамбардан ҳам буюкми?!

Абул Ҳасан Ҳарканий шундай жавоб беради:

– Абу Жаҳл ва бошқалар Пайғамбаримиз (алайҳиссалом)га Абу Толибнинг етими деб қарашди, пайғамбар сифатида кўра олмадилар. Устозимнинг юзига бирор киши Боязид Бистомий деб қараса, имон билан шарафлантиради.

Султон ундан мамнун бўлиб, кулбадан чиқди. Абул Ҳасан ҳазратлари султонни ташқаригача кузатиб қўйди. Маҳдум Ғазнавий бу ҳолдан ҳайратланиб сўради.

– Келганда юзимизга ҳам боқмаган эдингиз. Энди нега ташқаригача кузатиб чиқаяпсиз?

– Келганда кибр билан ичкарига кирдингиз. Чиқаётганингизда эса тавозе билан чиқмоқдасиз. Энди юзингиз гўзаллашди.

 

Қобилжон СОТВОЛДИЕВ,

ўқитувчи

Андижон вилояти

«Ислом нури»  газетасининг 2019 йил, 2-сонидан