Оила

ҚАЙНОНА-КЕЛИН МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ХОРАЗМЧА «ДЕМОКРАТИЯСИ»

Чоп этилди Dekabr 30, 2019 ҚАЙНОНА-КЕЛИН МУНОСАБАТЛАРИНИНГ ХОРАЗМЧА «ДЕМОКРАТИЯСИ»da fikr bildirishni o'chirish

Бугунги кунда қайнона-келин муносабатлари жуда катта ижтимоий муаммога айлангандек гўё. Буни телесериаллар ва телекўрсатувларнинг кундалик мавзуси бўлиб қолаётганидан ҳам англаш мумкин. Айрим телелавҳалар кўп жойларда келинларга хизматкор сифатида қаралаётганини яққол кўрсатиб қўймоқда. Келинларнинг эри, қайнота ва қайнонасига тавозе билан чой қуйиб узатиши, қўлларига сув қуйиши каби одатлар миллатимизга шу қадар сингиб кетганки, бунинг туб негизида «зулм» борлигини, афсуски кўпчилик англаб етмайди.

Юртимизда қайнона-келин муносабатларида мўътадиллик мавжуд ҳудуд бу Хоразм воҳаси бўлса керак, деб ўйлайман. Чунки бу Қуйи ­Амударё минтақасида келинлар дастурхон атрофидагиларга чой қуйиб узатиш одати йўқ. Бу ерда дастурхон атрофида тўпланганлар сонига қараб бир-иккита чойнакда чой дамланади. Қайнота ва қайнона учун алоҳида, қолганлар учун алоҳида чойнакка дамланган чойни ким шопириб, қайтаришидан қатъи назар ҳар ким ўзига керакли миқдордагисини пиёласига қуйиб ичаверади. Бу эса инсон вужудининг етарли даражада суюқлик билан таъминланишини кафолатлайди. Биров қуйиб узатган чой билан ҳеч қачон одамнинг чанқоғи етарли даражада қонмайди. Етарли даражада суюқлик ичмаган одамнинг турли хасталиклар: биринчи навбатда қон қуюқлашиш ва тромблар ҳосил бўлиши каби иллатларга чалиниш хавфи пайдо бўлиши тиббиёт ходимлари томонидан жуда кўп бора таъкидланмоқда.
Хоразмда дастурхон атрофида нон ҳам синдирилиб увол қилинмайди, ким қанча хоҳласа, шунча миқдордагисини олиб еяверади. Бу эса исрофнинг олдини олишда айни муддао.
Эътиборлиси шундаки, бошқа вилоятлардаги каби ош ёки бошқа қуюқ овқатлар катта лаганга сузилмайди. Воҳада «иккивора» деган тушунча мавжуд бўлиб, бу икки кишига бир лаганда таом тортиш деганидир.

Қайнота ва қайнона бир лаганда, келин билан куёв бир лаганда таом ейишади. Бу эса янги келинчакларнинг тортиниб, ­тўйиб овқатлана олмаслигининг олдини олади.

Албатта, Хоразмда овқатни ким пиширишидан қатъи назар келин дастурхонга тортади. Бундан олдин оиланинг кенжа фарзанди ишга яраган бўлса, селобча ва обдаста билан ёши улуғларнинг қўлларини ювдиради. Ахир пайғамбаримиз Муҳаммад алайҳиссаломнинг «Таомдан аввал ва кейин қўлларингизни ювинг» деган ҳадиси шарифлари бежиз эмас.
Хоразмликларнинг бошқалар ўрганиши зарур бўлган яна бир эзгу фазилати мавжуд. Қайнота-қайнона ҳеч қачон ўзининг ички кийимларини келинларига, жумладан ўз қизларига ҳам ювдиришмайди. Ички кийимларни келини ёки қизига ювдириш – сурбетлик саналади. Инсон то қўлида қуввати бор экан, бундай кийимларини ўзи ювади. Эрнинг ички кийимини ўз жуфти ҳалоли ювади. Жуфти ҳалоли бўлмаган тақдирда ўғли ювиб беришга мажбур. Аёл ички кийимини ўзи ювишга кучи етмаса, қизи, синглиси ювиб бериши жоиз. Келин­га бундай кийимларни ювдириш – сурбетлик ёки уни менсимаслик саналади.
Айрим элдошларимиз ёши қирққа бориб-бормай қайнота ва қайнона бўлишади. Қирқ ёш – инсоннинг энг кучга тўлган, қирчиллама палласи. Бу ёшда хоҳ аёл бўлсин, хоҳ эркак, барча уй юмушларини биргина келиннинг зиммасига юклаб, ўзлари оёқ узатиб ўтиришининг ўзи қип-қизил инсофсизликдир. Келин қачон чой дамлар экан, қачон менга қуйиб узатаркан, деб синаб ўтириш – ярашмайдиган иддаолар назаримда. Кўпгина оилаларда ким эрта уйғонса, ўша чой дамлаб қўйиш одати бор. Бу жуда яхши одат. Бу одатда меҳр-оқибат ўз аксини топади.
Дарҳақиқат, келин – сулола давомчисини дунёга келтирувчи шахс. Унга хизматкорлардек эмас, балки соғлом наслни дунёга келтирувчи табаррук сиймо сифатида қараш зарур.

Эрпўлат БАХТ

oila davrasida