Мақолалар

Яхши хулқларнинг ҳикмати ҳақида

Чоп этилди Dekabr 31, 2019 Яхши хулқларнинг ҳикмати ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Урвадан ривоят қилинади: Мен Ойша (розияллоҳу анҳу)нинг шундай деганларини эшитдим: Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Макоримул ахлоқ – энг яхши хулқлар ўнтадир. У отада бўлади ўғлида бўлмайди, ўғилда бўлади отасида бўлмайди, қулда бўлади хожасида бўлмайди. Аллоҳ таоло бу хулқларни бахт-саодатли бўлишини ирода қилган бандасига беради. Улар: ростгўйлик, қийинчиликда ҳам содиқ бўлиш, муҳтожларга эҳсон қилиш, берилган ҳадя эвазига ҳадя қайтариш, омонатдорлик, қариндошлик ришталарини боғлаш, қўшни ва дўст ҳақига риоя этиш, меҳмондўст бўлишдир. Буларнинг бошида хаёли бўлиш туради”, дедилар.

Худди юқоридаги каби ҳадис Ойша (розияллоҳу анҳу)дан ҳам ривоят қилинган лекин унинг санади Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)гача етиб бормаган. Демак, ушбу ахлоқлардан ҳар бири кимга берилса, у учун яхшилик бўлади. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг шундай деганлари кел­тири­лади: “Яхши ахлоқлар Аллоҳнинг ҳузуридаги хазина бўлиб, Аллоҳ қай бир бандага яхшиликни хоҳласа ундан бир хулқни ўша бандага ато этади”.

Булар Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан келиб чиққан ахлоқлардир. Хулқ ва одат бир маънога эгадир. Одамзоддаги оддий феъл-атворлар эса, унга берилган табиий хулқлардир. Сўнгра Аллоҳ хоҳлаган бандаларига Ўз фазлу марҳаматидан ҳузуридаги ахлоқ хазиналаридан бир, икки, уч ва ундан ортиқ яхши ахлоқларни ато этади.

“Ахлоқ хазиналари” дейилганда Аллоҳнинг ҳузу­ридаги хазиналар назарда тутилиб, ундан Ўзи яхши кўрган бандасига беради. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: У зот: “Албатта мен гўзал ахлоқларни камолига етказиш учун юборилдим”, дедилар. У зотнинг ушбу сўзлари шунга далолат қиладики олдин ўтган пайғамбарлар ҳам бу ахлоқларга эга бўлганлар ва улардан кейин бу ахлоқларни комил қилиш вазифаси қолган эди, Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) ушбу гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдилар.

Яна У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Аллоҳнинг бир юз ўн етти хулқи бўлиб, ким Унинг ҳузурига ўша хулқлардан бири билан келса жаннатга ки­ради”, дедилар.

Яна бир ривоятда: “Аллоҳ олий ахлоқларни яхши кўради ва бандаларидан кимни яхши кўрса, унга ўша ахлоқлардан ато этиб, унга нажот беради, дедилар.

У зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинган бошқа ҳадисда: “Аллоҳ сизларнинг ризқларингизни ўрталарингизда қандай тақсимлаган бўлса, ахлоқларингизни ҳам шундай тақсимлаган”, деганлар. Ризқлар ўртасида узоқ-яқинлик бўлгани каби ахлоқларда ҳам шундай бўлади. Аллоҳ Ўзининг ахлоқлари билан У учун хулқланган бандани яхши кўради. Агар банда бу хулқлар билан дунё учун хулқланса, ушбу улуғ ахлоқлар сабабидан ўша бандага яхшиликлар ато этади. Агар у банда золим бўлса, Аллоҳга астойдил тавба қилувчига айланади. Агар у тавба қилмай вафот этса, ўша яхши хулқнинг ҳурматидан унга раҳм қилиниб, гуноҳлари кечирилади. Агар у банда кофир бўлса, унга бериладиган азоб енгиллаштирилади. Ҳусни хулқ ҳақида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Умму Ҳабибага: «Гўзал хулқни дунё ва охират яхшилиги билан беза!», деганлар. Бошқа бир ривоятда: «Мусулмон киши гўзал хулқ билан кундузлари рўзадор, кечалари ибодатда бедор киши даражасига етади», дедилар.

Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) бир туш кўрганлари ҳақидаги ҳадисда: “Мен тушимда умматимдан бир киши тиз чўккан ҳолида турганини кўрдим. Аллоҳ ва унинг ўртасида парда бор эди. Шунда унинг гўзал хулқи олдига келиб, Аллоҳнинг ҳузурига олиб кирди”, дедилар. Бизнинг наздимизда ушбу тушнинг шарҳи шундай: Ёмон хулқ қалбни Аллоҳдан тўсувчи бир парда (доғ) бўлиб, у сабабли қалбдаги Раб­бисига бўлган ҳақиқий ишонч (эътиқод) мустаҳкам ўрнашмайди. Чунки у қалб тубан хулқлар билан тўлиб, қорайиб кетган ва бандани Аллоҳдан тўсиб қўйган. Ҳусни хулқ эса мусаффолик бўлиб, қалбни Аллоҳга етказади.

Абдуллоҳ (розияллоҳу анҳу) айтади: “Сен қўпол бир кишини кўрдинг, уни синаб кўрсанг қалбида имон бор экан. Энди бунинг акси ўлароқ бир хушбичим кишини кўрдинг ҳамда уни имтиҳон қилиб кўрганингда имондан бирор нарсани топа олмадинг. Аллоҳ кимга хоҳ­ласа диндан ва ҳусни хулқдан насиба беради”.

Али ибн Абу Толиб (розияллоҳу анҳу) ривоят қилиб айтадилар: Субҳаналлоҳ одамлар яхшилик қилишга бунчалар бахил бўлмасалар! Бир кишининг олдига унинг мусулмон биродари ёрдам сўраб келса, унга ёрдам бермай, яхшилик қилгиси келмаган инсонга ҳайронман. Гарчи биз жаннат ва савобни умид қилмасак ҳам, дўзах ва азобдан қўрқмасак ҳам гўзал ахлоқларни Аллоҳдан сўрашимиз зарурдир. Зеро улар тавфиқ-нажот йўлига олиб боради. Шунда бир киши ўрнидан туриб: Ота-онам сизга фидо бўлсин эй мўминлар амири! Мен буни Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан эшитганман У зот: Ҳа, ундан – ҳусни хулқдан яхши нарса йўқ, дедилар, деб айтди. Ўша киши яна сўзида давом этиб, бир воқеани шундай ҳикоя қилади: Бизга Тойй қабиласи асирлари олиб келинди менга бир жория (аёл) тушди. У қора танли, кўзлари чиройли, лабининг усти қора ичи қизил, бўйни узун, икки юзи силлиқ, кенг пешонали, туташ қошли, кичик қулоқли, қирра бурун, бошини тик тутувчи, кенг тўпиқли, ёнбоши ва оёқлари семиз, бели хипча, икки биқини, икки елка­сидан икки ёнбошигача гўштдор эди. Мен уни кўришим билан ёқтириб қолдим ва ўзимга-ўзим: Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шу жорияни менга ўлжа қилиб беришларини сўрайман, дедим. Мен у билан гаплашганимда унинг чиройли сўзлашига маҳлиё бўлиб, чиройини унутиб қўйдим. Аёл Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)га шундай деди: «Эй Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам), “Хўп” десангиз, арабларга мени изза қилмай, ўз йўлимга қўйиб юборсангиз. Чунки мен қавм бошли­ғининг қизиман. Отам қийналганларга ёрдам берар, бечораларни ҳимоясига олар эди, меҳмондўст бўлиб, очларни тўйдирар, мусийбатзадаларга кўмак берар, мискинларга таом улашар, ўзаро салом беришни канда қилмас ва ҳеч бир ёрдам сўраб келган ҳожатманд кишининг қўлини қуруқ қайтармас эди. Мен мана шу сифатларга эга бўлган Ҳотам Тоййнинг қизиман».
Шунда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Эй қизгина! Бу ҳақиқий мўминнинг сифатларидир. Отанг мусулмон бўлганида эди, биз унга раҳмат сўраган бўлар эдик. Уни қўйиб юборинглар. Унинг отаси гўзал ахлоқларни яхши кўрар эди. Аллоҳ таоло ҳам гўзал ахлоқларни яхши кўради”, дедилар.
Шунда Абу Бурда ўрнидан туриб: “Ё Расулуллоҳ, Аллоҳ гўзал хулқларни яхши кўрадими?”  деб сўради. У зот: “Эй Абу Бурда, Жаннатга фақатгина ҳусни хулқ­лиларгина киради”, дедилар.

Ушбу ҳадис ривоятидаги Қора аёл – араб. жория ҳаммоъ деганда қора сўзи эркак кишиларга нисбатан ҳам қўлланилиб, рожул аҳамм – қора киши дейилади ва бунда унинг лаби қора экани тушунилади. Ҳаво ва лаъсо яъни кўз ва лабни тасвирлаганда ҳам шу қора ёки қизил, ранги тўқ экани назарда тутилади. Лекин тим қора – ҳаммо деганда оддий қора рангдан тўқ­лиги, қип-қизил лабли – лаъсо деганда, лабнинг усти қорага яқин ва ичи қизил экани, лаби қора – ламёъ яъни, унинг усти қора ичи эса, лабларнинг ранги каби қизиллиги ва икки лабида намлик борлиги тушунилади. Айтоъ: узун бўйинли дегани бўлиб, бўйни узун кишига нисбатан – рожул аъёт, узун бўйли аёлга нисбатан – имроатун айтоъ. Худди ажяд – жайдоъ – яхши , аънақ ва анқоъ – узун бўйинли, дегани каби. Бу сўзларнинг барчаси бўйни узунларга нисбатан ишлатилади. Айт сўзи айланасимон, ташқи кўриниши яхши нарсанинг узунлигини ифодалайди. Унуқ – бўйин сўзидан фақат узунлик назарда тутилади.

Силлиқ юзли деганда икки яноғи текислиги, гўшти бир жойда бўртиб чиққан ялпоқ эмаслиги тушунилади. Шунингдек у аёлнинг юзи худди бир қаторга тизилган тишлардек яъни, икки юзи ва яноғи бир текис, гўзал эди. Баъзида: бу киши силлиқ юзли, яъни икки юзи бир хил деб тасвирланади. Юзнинг юқориси, кўзнинг остида жойлашган қисмини яноқ, унинг остини юз-бет дейилади. Юз гўштли бўлмаса, юзи ва яноғи силлиқ ва бир текис дейилади. Юз гўштли бўлса, ялпоқ юзли киши, ялпоқ юзли аёл дейилади. Юзнинг гўштли бўртиб чиққан қисмини яноқ дейилади. Агар юз гўштли бўлмаса, яноқ эмас шунчаки юз дейилади.

Сулатат ал-жабин – кенг пешонали дегандаги “султ” сўзи – кенг, бир текис деган маънони англатади. “Жабин” – пешонанинг икки чаккасидир. “Жабҳа” – пешона эса, саждага тегадиган жойдир. “Жабин” эса, пешонанинг ўнг ва чап томонларидир.

Мақрунат ал-ҳажибайн – туташ қошли, яъни бир-­бирига уланиб кетган.

Шамаъ ал-анф – қирра бурун яъни, нозик ва юқори. Рожул ашамм – Қирра бурун киши ва имроа шамаъ – қирра бурун аёл дейилади.

Мақбузат ал-ҳамма – бошини тик тутувчи, яъни боши тебраниб ёки чайқалиб турмайди балки, қимирламай барқарор ҳолда туради.

Дирмаъ ал-каъбайн – тўпиқлари йўғон. “Дирм” сўзи – тор ва яқин деган маънони билдиради. У аёлнинг болдири билан қадами бирлашиб кетган.

Хадлажат ас-сақайн – ёнбоши кенг деганда, худди думалоқ қилиб ўралган қоғоздек гўштли, усти ҳам бир текис думалоқ деган маънони тушунилади.

Лафаъ ал-фахзайн – сонлари семиз, гўштдорлигидан бир-бирига яқин.

Хамисат ал-хасрайн – бели хипча, яъни биқини озғин. “Хаср” сўзи – биқин деган маънони англатиб, бел билан қовурғалар оралиғига айтилади. “Хаср” ва “Хосира” – иккиси “биқин” маъносидадир. “Ҳажза” сўзи – қориннинг орқаси ёнбош (думба)нинг юқори қисми. “Ҳарқафа” – думбанинг белга яқин жойи, “макима” (қўлёзма) “ҳарқафа”нинг ўртаси ва “ҳажба” биқинга яқин жой. “Ажз” думба – икки ҳажба ва икки ҳажзанинг ораси. Варк – сон, ёнбош: соннинг бир тараф суяги сон билан думба қўшилган жой. Ажиза: ёнбошнинг чети ёпинчиқ изи тушган жойи. Хасрни юқорида айтиб ўтдик. Хамс: қорин очлигидан белнинг ичига кириб қолиши. Шунинг учун бундай одамларга: рожул аҳяфу – хипча бел киши, имроа ҳайфаъ – хипча бел аёл дейилади. Бу аввал айтиб ўтганимиздек белнинг икки тарафи қорнни ушлаб турувчи устун каби бўлиб қолади. Шунингдек, Расулуллоҳнинг сифатлари баён қилинганида: “Қадамларининг ўрта қисми баланд (хумсон) ерга тегмайдиган”, дейилган. “Рожул хумсон” қорни оч киши ва “имроа хумсона” қорни оч аёл деганда, бели нозик, қовурғалари этига ёпишган, кўкрак қафаси ҳам кичик, умуртқаси ингичка одамлар назарда тутилади.

Мамкурат ал-кашҳайн – “мамкура”: гўштдор, гўштли. “Кашҳ”: белнинг икки ёни қўлтиққача бўлган жой.

Масқулат ал-маснайн – умуртқасининг икки тарафи силлиқ. Умуртқанинг ўртаси ҳамда ўнг ва чап томонлари. Улар тиниқ ва майинлигидан ялтираб турарди. Улар елкадан ёнбошгача умуртқани беркитиб қўйгандек эди.

Бинт сурра қавмий – қавмим бошлиғининг қизиман, бу ибора луғатда: мана бу қавмининг бошлиғи, яъни суянчиғи ва ишончли оқсоқоли, дейилади.

Яфуккул аний – қийналганларга ёрдам берарди дегандаги қийналганлардан асирлар назарда тутилган. Яҳмий аз-зимар – бечораларни ҳимоя қиларди яъни, ундан бошпана сўраб келганларга бошпана берар эди.

Юқоридаги биринчи келган ҳадисда Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) Макоримул ахлоқ – энг яхши хулқлардан ўнтасини санадилар. Улардан: ростгўйлик. Рост сўзлаш имондандир. Ёлғон эса, кишини имондан узоқлаштиради. Зеро, бир киши ёлғон гапираётганда: бу шундай бўлган эди, дейди. Бордию у айтгандек бўлмаган бўлса, Аллоҳга нисбатан ёлғон тўқиган бўлади. Чунки бирор киши бирор нарсани Аллоҳ бўлдирди деб ўйласаю, у бўлмаган бўлса, Аллоҳга нисбатан туҳмат қилган бўлади. Бу борада Абу Бакр Сиддиқ (розияллоҳу анҳу) айтадилар: Ёлғон имондан четлатувчидир. Ростгўйлик эса, имондандир.

Берилган ҳадя эвазига ҳадя қайтариш шукрона­ликдир.

Муҳтожларга эҳсон қилиш Аллоҳнинг раҳматидир.

Ҳалол меҳнат билан кун кўриш шукрдир.

Омонатни сақлаш ваъдага вафодандир.

Қариндошлик ришталарини боғлаш меҳр-оқибатдир.

Қўшни ва дўст ҳақига риоя этиш нафс поклигидандир.

Меҳмондўст бўлиш нафснинг саховатидандир.

Ҳаёли бўлиш руҳнинг офиятидандир.

Мана шу ахлоқларнинг ҳар бири гўзал ва буюк бўлиб, ўз эгасини бахт-саодатга етаклайди. Агар бир кишида уларнинг барчаси жам бўлсачи? Ҳусни хулқлар кўп бўлиб, барчаси бандани Аллоҳга яқинлаштиради. Улар бандага бу дунёда шараф ва фазилат, охиратда эса юксак мақом ва Аллоҳнинг жамолига етказади.

 

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30000 сўм