Мақолалар

Нафсига қул бўлганлар ҳаммани алдашади

Чоп этилди Yanvar 3, 2020 Нафсига қул бўлганлар ҳаммани алдашадиda fikr bildirishni o'chirish

Фолбинлик, азайимхонлик ва сеҳр-жоду қилувчилар – нафсининг қулига айланган алдоқчи кимсалар бу қилмишлари билан диндан чиқадилар. Уларга ишониб эътиқод қилувчилар эса адашади, катта гуноҳга ботади. Зиммамизга аҳолига бидъатларга берилмасликни Ислом дини таълимотлари асосида тушунтириш вазифаси ҳам юкланган. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу борада огоҳлантириб: “Ким коҳин ёки аррофга борса, унинг айтганини тасдиқласа, батаҳқиқ, Муҳаммадга нозил қилинган нарсага куфр келтирибди”, деб огоҳлантирганлар (Имом Аҳмад ривояти).

Бошига синов келган, иши юришмаган ёки касали тез тузалмаган, тушкун кишиларга айримлар: “Фолбинга боринг, бирортаси амал қилиб қўйган бўлмасин”, деб маслаҳат беришади. Фолбин: “Амал қилишибди”, “Бундан қутулиш учун қора хўроз сўйиб, ­қонини пешонангизга суртасиз ёки остонангизга оқизасиз”, “Ис чиқариб чалпак қиласиз”, “Пичоқ (қамчи) билан елкангизни қоқиш керак”, “Фотиҳа олишингиз керак”, қабилида маслаҳат беради. Эътибор қил-сак, фолбинлар инсон бошига тушган ҳар қандай синовларни кетказишни нарсага, егуликка боғлиқ деб уқтиришади. Аслида, ҳар бир мусибат, ҳорғинлик, дард Аллоҳ таоло изни билан, шунинг учун ёлғиз Ўзидангина мадад сўралади.

…Ажралиш учун эри суд идорасига ариза берган ёш келин ёрдам сўраб келди. Суҳбатдан маълум бўлдики, унинг онаси оғир касалликдан анча дард чекиб, яқинда вафот этган экан. Келиннинг бемор онасини кўргани тез-тез бориб тургани қайнонага ёқмаган, куёв ҳам онасига қўшилиб уни уйдан ҳайдаган. Ёш болали аёлнинг қайнона, эрига илтимослари, ялинишлари самара бермаган. Ноилож отасиникида яшай бошлаган. Талаба синглисига курсдош бўлган, уйларига келиб-кетиб юрадиган, барча гап-сўзлардан хабардор қизнинг: “Сизни дуоибад қилишганга ўхшайди. Хоҳласангиз, бир танишим бор, муаммоларингизни ечиб беради”, деганига ишониб, келин у билан бирга фолбиннинг олдига боради. Фолбин ўзини гўё келин бошидан ўтганларни ғойибдан билгандек кўрсатади, муаммоларини ҳал қилиш учун катта миқдорда пул олиб келишини сўрайди. Келин отасидан, танишларидан қарз сўраб пул олиб боради. Бунинг эвазига фолбин унинг онаси қабрини бир неча марта айланиб, гўё “дуоибаднинг белгиларини топиб, даф қилади”. Кейин яна катта пул олиб, эвазига “эрини иситиб бериши”ни айтади. Аммо, ойлар ўтса-да, келиннинг ҳаёти ўзгармайди, эри бошқасига уйланиш ҳаракатида эканини эшитиб, бизнинг ол­димизга келган экан. Уни алдаб юрган фолбинни топишимиз осон бўлмади, чунки у одамлар билан ҳар гал бошқа-бошқа жойларда учрашаркан. Лекин топдик. Маълум бўлдики, оиласи юзини ерга қаратган, ота-онасини норози қилгани учун ўз уйига ҳам боролмай қолган, касбу корининг тайини йўқ ёшгина аёл фирибгарликни даромад манбаига айлантириб олган, мижоз топишда ёрдам берадиган ҳамтовоқлари (юқо-рида айтилган талаба қиз каби) ҳам бор экан. Келиннинг пулларини ундириб бердик. Товламачини ички ишлар ходимлари назоратига топширдик. Афсуски, бунақамисоллар кўп. Бунинг жиддий сабабларидан бири ўша фолбиннинг суҳбат чоғида: “Лақма одамлар ўзи келиб, ишониб тур­ганидан кейин, мен берганини олавераман-да”, деган жавобида ойдинлашади.

Диндан хабардор бўлмай туриб халқ орасида тайини йўқ фатволар бераётган норасмий сохта отинлар ҳам йўқ эмас. Чунки айрим жойларда бидъатга гувоҳ бўлганимизда одамлар ўз хатти-ҳаракатларини: “Фалончи отин шундай қилса тўғри бўлади, деди”, деб изоҳлашади.

Таъзияларда баъзи аёллар жудоликка учраган кишиларни дод солиб йиғлашга ун­дашади. Аслида, азада аёллар маййитнинг орқасидан ўзини ташлаб йиғлаши, сочла­рини юлиб, юзларини тимдалаши ва қирқ кунгача аза кўйлагини ювмаслиги, ҳатто йиртилса, тикмаслиги, йили чиққунча янги кўйлак киймаслиги каби нохуш ишлар бидъат ва гуноҳдан бошқа нарса эмас.

Тўғри, яқин инсонидан жудо бўлиш оғир, аммо Аллоҳ таоло сабрлиларни, тақдирига рози бўлганларни севади. Яратганнинг иродасига норозилик, сабрсизлик гуноҳдир. Шунингдек, вафот этган маййитни остонада уч марта қўйиб олиш ёки эрталабгача хонадондаги ҳамма чироқлар ёқилиб туриши каби динда кўрсатилмаган амалларни бажариш бидъати саййиа (ёмон) дейилади.

…Четга ишлаш учун кетган йигитнинг то­бути келди. Учта ёш боласи билан қолган келиннинг ота-онаси ҳам, яқин қариндошлари ҳам йўқ экан. Шароити оғир эди. Азада қатнашганларга бу хонадонда уч кунгача қозон осилмаслигини, қўни-қўшни, маҳалладошлар имкон қадар оилага ёрдам бериши лозимлигини тушунтирдик. Орадан бир ҳафта ўтганди, ҳомийлик қилиш ниятида бўлган тадбиркор эҳтиёжманд оилаларни сўраб қолди. Мен уни ўша хонадонга бош­лаб бордим. Пайшанба куни эди. Бошига мусибат тушган уйда аза маросимида ҳам-ма гапни эшитган тўрт хотин ош еб ўтирибди. Ҳайрон бўлдим, келинни чақириб, “Бу нима қилганинг?” деб сўрасам, у кўзига ёш олиб: “Мени қўшнилар ўртага олишди. Эринг ҳеч нима кўрмай ўтиб кетди, бугун арвоҳи келиб, чирқиллаб кетадими? Ис чи­қариб, тўрт одамга бўлса ҳам дастурхон ёз, дейишди. Маҳалламиздаги дўкондан қарзга масаллиғлар олиб, ош қилдим”, деди. Жуда ноқулай бўлса-да, ичкарида ўтирган аёлларга қаттиқ гапирдим. Пайғамбаримиз алайҳиссаломнинг етим ризқини ейиш ҳаром экани ҳақидаги ҳадисларини яна бир карра айтиб бердим. Улар чиқиб кетишди.

Халқимиз орасида урф-одат саналиб қолган бидъат – ирим кўринишидаги одатлар бор. Иримларни бидъатга ўхшатишимиз сабаби, илмсизлик оқибатида баъзилар уларни динга алоқадор, дейди. Ваҳоланки, шомдан кейин сут-қатиқ берилса, сигирнинг сути камаяди; дастурхонга тоқ нон қўйилмайди, аза бўлган хонадонда нарсалар тоқ қўйилади; пиёладаги чой устига чой қуйилса, эри ёки хотини ташлаб кетади; аччиқ нарса қўлдан қўлга берилса, уйда уруш бўлади; чой устидаги пуфакчалар бошга сурилса, бойлик келтиради; қозоннинг та­гини ялаган ёки қирмочини еган қизнинг тўйида ёмғир ёғади; мусибат (аза) бўлган хонадондаги эркаклар қирқ кунгача соч-­соқолларини олдиришмайди; кечаси уй супурилмайди; эрталаб пул сўраб келганга пул бериш кун бўйи чиқимга сабаб… (ва ҳоказолар) каби иримлар динимизга мутлақо зиддир.

Хосият ҚОСИМОВА

Ўзбекистон мусулмонлари идораси Сурхондарё вилояти вакилининг

хотин-қизлар масалалари бўйича ёрдамчиси

“Мўминалар” журналининг 2019 йил, 4-сонидан