Мақолалар

“Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”

Чоп этилди Fevral 6, 2019 “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир”da fikr bildirishni o'chirish

Умар розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Албатта, амаллар ниятга боғлиқдир. Албатта, ҳар бир кишига ният қилган нарсаси бўлади…” дедилар.

Ушбу ҳадис ислом динининг асоси бўлиб, кўпгина ҳикматларни қамраб олган. Уламолар ҳадиснинг бир қанча ҳикматларини санаб ўтганлар. Абу Довуд раҳматуллоҳи алайҳ: “ Бу ҳадис исломнинг ярмидир. Чунки диннинг ташқи кўриниши амал, ботини эса ниятдир”, деган. Имом Аҳмад раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Бу ҳадисга илмнинг учдан бири киради. Бунинг сабаби шуки, банданинг амали қалби, тили ва аъзолари билан бўлади. Ният эса, шу уч қисмдан бири бўлган қалб билан бўлади”.

Олимлар асарларини ушбу ҳадис билан бошлашни маъқул кўрадилар. Имом Бухорий раҳматуллоҳи алайҳ ушбу ҳадисни “Саҳиҳ”ларида биринчиси ҳадис сифатида келтирган. Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ ҳам “Риёзус Солиҳийн”, “Ал-азкор” ва “Арбаъийн” асарларини “амаллар ниятга боғлиқдир”, деб бошлаганлар.

Асарлар ниятнинг ҳикматини очиб берувчи ҳадис билан бошланишининг асосий сабаби, ҳар бир инсон нимаики иш бошламасин ниятни Аллоҳ таоло учун холис қилиш лозимлигини шу ҳадис орқали билиб олади.Абу Убайд раҳматуллоҳи алайҳ “ҳадисларнинг бундан-да жамловчироғи, маъноси кенгроғи ва фойдаси кўпроғи йўқдир”, деганлар.

Уламолар ҳар бир ишда ва ибодатда ниятнинг шарт эканлигини таъкидлаганлар ва бажарилган амаллар ниятсиз шаръан эътиборли бўлмаслигига ҳамда савоб берилмаслигига иттифоқ қилганлар. Намоз, рўза ва ҳаж каби фарз қилинган ибодатлар ниятсиз дуруст бўлмайди. Аммо ҳанафий мазҳабида ғусл, таҳорат каби амаллар тўлиқ бўлиши ва савоб ҳосил бўлиши учун ният шартдир. Шофеий ва бошқалар эса ниятсиз бу амаллар тўғри бўлмайди, деганлар.

Ниятнинг вақти ибодатнинг аввалидир. Ҳудди намоздаги такбири таҳрима, ҳаждаги эҳром каби. Аммо рўзада бомдод вақтининг киришини кузатиш машаққатли бўлгани учун ниятни эртароқ қилиш кифоя қилади.

Ниятнинг ўрни қалбдир. Уни талаффуз қилиш шарт эмас. Лекин тилнинг ҳам иштироки яхшидир.

Агар солиҳ амални ният қилган одамни вафот, касаллик ёки шунга ўхшаш нарса амални бажаришдан тўсса, банда шу нияти учун савоб олади. Байзавий айтадилар: “Амаллар ниятсиз тўлиқ бўлмайда.Чунки амалсиз ниятга савоб берилади, ниятсиз амал эса зоедир. Амалдаги ният ҳудди жасаддаги руҳ кабидир. Жасадга руҳсиз ҳаёт йўқ, руҳга эса жасадга боғланмасдан бу дунёда зоҳир бўлиш йўқ”.

Ҳар бир фойдали ва хайрли амал ният, ихлос ҳамда Аллоҳнинг розилигини исташ билан ибодатга айланади.

Пўлатхон КАТТАЕВ,

Тошкент ислом институти ўқитувчиси