Мақолалар

Намозни зое қиладиганлар

Чоп этилди Yanvar 6, 2020 Намозни зое қиладиганларda fikr bildirishni o'chirish

Пайғамбаримиз (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) беш вақт намозга қаттиқ эътибор берганлар ва ҳаётларининг охирги лаҳзаларида ҳам ўз яқинларига ва мусулмон умматига намозга қаттиқ риоя этишни васият қилганлар. Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг қаттиқ нафратига дучор бўладиган амаллардан ичкиликбозлик, зино, судхўрлик кабилар ҳам оғир гуноҳлардандир. Мусулмонлар орасида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) вафотларидан сўнг пайдо бўлган, агар ҳаёт бўлганларида, шубҳасиз, у зот (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) тарафидан рад этилиши муқаррар бўлган, янги пайдо қилинган, хурофий, бидъат амалларга қаттиқ берилиб, канда қилмай, риоя этаётган кишилар ҳам бор. Лекин бу кишилар бошқалардан ҳам кўпроқ Пайғамбар (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)ни яхши кўришларини даъво қилишаётганига гувоҳ бўласиз.

“Тафсири Насафий”да Муъминун сурасининг 2–11-оятлари бундай тафсир қилинган: “Намозларини хушу билан ўқийдиганлар – титроқ қалб ва сокин аъзолар билан адо этувчилардир. Хушу – бор куч-ғайратини ишга солиб, бошқа барча нарсалардан юз ўгирган ҳолда намоз ўқиш, кўзини жойнамоздан узмасдан, ўнгу сўлга бурилмасдан ибодатни адо этиш”, дегани.

Аллоҳ таоло айтади:

«Сўнгра уларнинг ортидан намозни зое қилган ва шаҳватларга эргашган кимсалар ўрин олдилар. Энди улар, албатта, ёмонликка (ёмон жазога) йўлиқурлар. Илло, тавба билан имон келтириб, эзгу ишларни қилган зотларгина (бундан мустаснодир). Бас, улар жаннатга кирурлар ва уларга бирор нарсада ноҳақлик қилинмас» (Марям, 59–60).

Оятдаги “намозни зое қиладиган кимсалар”нинг маъноси, унинг фарзлигига эътиқод қилмайдиган, деганидир. Баъзилар, масжид ва намозгоҳларга бормай, уларга эътибор бермай, хароб қилувчилар, деган. Баъзилар эса, намозни, ибодатни адо этгандан сўнг ғийбат ва риё билан зое қилиб юборувчилар, деган бўлса, бошқалари намоз ўқиётганда унинг шарт ва арконларини тарк этувчилар, деган. Баъзилар эса, бундай кишилар ғафлат билан намозни тарк қилиб, қазосини ўқимайдиганлар, дейди.

Таржимадаги “ёмонлик” оятда “ғойй” деб келган.

Ваҳб ибн Мунаббиҳ: “Ғойй – жаҳаннамдаги бир дарё бўлиб, унинг қаъри чуқур, ҳарорати иссиқ, таъми эса аччиқдир. Унинг бир томчиси бу дунёга тушгудек бўлса, дунё аҳлининг ҳаммаси ҳалок бўлади”, деган.

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳу) эса: “Ғойй жаҳаннамдаги водийдир. Жаҳаннамнинг бошқа водийлари Аллоҳ таолодан бу водийнинг ёмонлигидан паноҳ сўраб, ҳар куни минг марта илтижо қилади. Ғойй водийси намозни ва жамоатни тарк қилувчилар учун ҳозирлаб қўйилгандир”, деган.

Заҳҳок: “Ғойй ҳалокат ва ҳасратдир”, деган.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 3000 сўм