Мақолалар

Жоҳилликнинг давоси – билим

Чоп этилди Fevral 7, 2019 Жоҳилликнинг давоси – билимda fikr bildirishni o'chirish

Динимизни яқиндан билмаган айрим юртдошларимиз Ислом ва уни сохталаштириб кўрсатаётган оқимларни фарқлолмай, баъзи ҳолларда “дин” сўзи қўшилган истилоҳларга, динга боғлиқ тушунчаларга шубҳа, ҳадик аралаш қарайди. Бир мисол: танишлардан бири шаҳарга борган ўғлига жой қидирди. Бир ибодатли яқинимизнинг уйини тавсия қилдим. Ҳарна ижара пулига ёрдам… Аммо танишим намоз ўқийдиганларни хавфли деб биларкан. Шунинг учун ўғлини бошқа, ўз тили билан айтганда “замонавий” яшайдиган одамникига жойлаштирибди. Орадан бироз вақт ўтиб, муҳит таъсирида ўғли спиртли ичимлик ичишга ўрганиб қолибди. Уни бу иллатдан қутқаролмай ҳалиям қийналади…

Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан миллий қадриятлар ва муқаддас динимизга бўлган эътибор янги босқичга кўтарилди. Ёшларимиз ҳар томонлама мукаммал билим олиши учун барча шароит яратилган. Айниқса, уларни ҳар хил мафкуравий хуружлардан ҳимоя қилиш масаласи давомли равишда таъкидлаб келинмоқда. Чунки маънавиятимизга қарши қаратилган тажовузлардан огоҳ бўлиш давр талабидир.

Кези келганда, Ислом дини, диний ташкилотлар ҳақида янглиш тушунчада юрган кишиларга баъзи бир эслатмаларни бериб ўтсак. Аввало, тушунчаларни тўғри шакллантириш зарур. Ислом энциклопедиясида диний ташкилотлар бундай таърифланган: “…диний эҳтиёжларни биргаликда қондириш ёки қондиришга кўмаклашиш мақсадида тузиладиган ва диний маросимларни адо этиш асносида иш кўрадиган ихтиёрий, тенг ҳуқуқли ва ўз-ўзини бошқарувчи уюшма. Айни вақтда фуқароларнинг виждон эркинлигини кафолатловчи тузилмалардан бири ҳисобланади…

…Ўзбекистон Республикасининг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонунида таъкидланганидек, Ўзбекистон фуқароларининг динга эътиқод қилиш, ибодат, расм-русум ва маросимларни биргаликда адо этиш мақсадида тузилган кўнгилли бирлашмалар (диний жамият, диний ўқув юрти, масжид ва бошқалар) диний ташкилотлар деб эътироф этилади”.

Бундан ташқари, диний уюшмалар Адлия вазирлигида рўйхатга олинади ва уларга юридик шахс мақоми берилади. Уларнинг мулкий ҳуқуқи қонун томонидан ҳимояланган. Давлат, жамият ишонч билдирган бундай ташкилотлар ўз фаолиятини қонун доирасида олиб боради. Диний ташкилотлар ва радикал оқимлар бир-биридан мутлақо йироқ тушунчалардир. Ислом дини кишиларни ҳамиша эзгуликка чорлайди, юксак инсоний фазилатлар шаклланишида муҳим омил бўлиб хизмат қилади. Динимиз туфайли халқимиз минг йиллар оша бой маънавиятимиз ва ўзлигимизни сақлаб келади. Шундай экан, Ислом динига ҳадик ёки гумон билан қараш соғлом ақлга тўғри келмайдиган ҳолатдир.

Бугун дунёда содир бўлаётган жараёнлар доимий огоҳ бўлиш, динимиз ва диний қадриятларимизни сохта, ғаразли талқинлардан фарқлашга ундайди. Бунинг калити эса ўқиш, ўрганиш, билиш, фикрлашдир.

 

Абдулазиз АБДУЛЛАЕВ,

Қамаши туманидаги “Чим” жоме масжиди имом-хатиби

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 1-сонидан