Мақолалар

Бугун – имкониятингиз борида…

Чоп этилди Fevral 7, 2019 Бугун – имкониятингиз борида…da fikr bildirishni o'chirish

Мўътабар қариялар энг аввало ўз фарзандлари, набираларига таянади.  Мен кексаларга ва атрофдагиларнинг уларга муносабатларига зимдан разм солиб юраман. Кузатганларимдан хулоса сифатида хонадонида пири бадавлат нуроний отахонлари, онахонлари бўлганларга, умуман, ҳаммага баъзи таклифларимни айтмоқчиман.

Кексаларнинг сўзларини эътиборсиз қолдирманг. Қарияларга берган ваъдангизни сидқидилдан, очиқчирой билан адо этинг; хизматларини, истакларини қанча тез бажарсангиз, уларни “Ишқилиб, малол келмасмикин?” деган хижолатлик, хавотирга қўймайсиз.

Нуронийларнинг нафақат кўнглию табиати, балки жисми, саломатлиги ҳам нозик бўлиб қолади.  Шунинг учун қўлларини, юзларини ювмоқчи бўлганида, сувни илитиб, иситиб беришни одат қилинг. Улар билан муносабатда “илтимос”, “марҳамат”, “кечирасиз”, “мумкинми?” каби чиройли сўзларни самимият билан қўллаб, ҳурматларини оширинг. Либоси, оилавий аҳволи, мартабаси қандай бўлишидан қатъи назар, давраларда тўрга ўтқазинг. Агар қийналсалар, ёрдамлашинг.

Олдиларидан шарт-шурт босиб ўтманг, гаплари тугамасидан бетоқатлик билан туриб кетманг.  Тўғри, уларнинг қадамига ёки гапларига қараб, режалаган ишингизга улгурмай қолишингиз, фурсатни бой бериб қўйишингиз мумкин. Шундай пайтда вазиятни одоб билан тушунтириб, аста ёнларидан ўтиб кетинг ёки даврани тарк этинг. Ёши улуғ инсонлар ёш болага ўхшаб атрофдагилардан ширин муомала, кўмак кутадилар. Ишончларини чиппакка чиқарманг. Улар қийналиб қолганида, бошларига ғам-ташвиш тушганда, дарддан хастаҳол бўлганида, ширин сўзингизни аяманг, имконингиз етганича моддий-маънавий ёрдамингиз билан йўқлашга, кўнгилларини кўтаришга кечикманг. Айниқса, ўзи ёлғиз қолган чол ёки кампирларнинг ёнларида бир муддат ўтиришга, гапларини эшитишга фурсат ажратинг (истаган имкон топади!), ёлғизланиб қолмасинлар.

Бу ишларни Аллоҳ розилиги йўлида ихлос билан чин дилдан адо этишни одат қилиб олсангиз, иншоаллоҳ, икки дунёда кам бўлмайсиз. Зеро, бандасининг ҳар бир яхши амалини бир неча баробар ортиғи билан мукофотлашга, ажру савоблар беришга Яратганнинг ваъдаси бор.

 

Собиржон ХАЛИЛОВ

Фарғона вилояти Риштон тумани