Мақолалар

Қуръоний сир

Чоп этилди Fevral 7, 2019 Қуръоний сирda fikr bildirishni o'chirish

Собиқ совет тузумининг ситамлари авжига чиқиб дин кишилари, Қуръон қорилари ва илмли инсонларга зулм ва истибдод кучайган уламолардан ошкор баҳрамандлик батамом тақиқланган даврлар эди. У пайтлари бир корхонанинг катта юк машинасини ҳайдар эдим. Машинага юк ортиб узоқ сафарларга чиқардим. Бахтимки, ёшлигимдан ота-онам ва устозимнинг саъй-ҳаракатлари сабаб қалбим Қуръон нури ила мунаввар бўлганди. Аллоҳнинг каломига муҳаббатим шу қадар эдики, тинмай тиловат қилгим келарди. Вазият жуда қалтис бўлса ҳам, машинамда Қуръон олиб юрардим. Сафар мобайнида Қуръонни гоҳ ёддан ўқирдим, гоҳо китобга қараб тиловат қилардим.

Ана шундай кунларда менга ташкилот томонидан рус миллатига мансуб бир одамни ҳамроҳ қилиб қўйишди. У ҳамкасбим билан биринчи марта йўлга чиқадиган куним эди. Сафар олдидан Қуръон китобимни машинанинг бир четига беркитиб қўйдим. Йўлга тушдик. Боряпмиз-у, қалбим Қуръон тиловатига муштоқ, бор овозим билан қироат қилгим келарди. Аммо ҳолат ўзимга эшитилар-эшитилмас даражада тиловат қилишга мажбур этарди. Шеригимнинг зийрак нигоҳлари менга қадалганини пайқадим. У менга ажаблангандек боқарди. Бироз шу ҳолатда борганимиздан кейин, орадаги жимликни унинг кутилмаган саволи бузди: «Нима ўқияпсан?». «Китобимни ёддан ўқияпман». «Менга ҳам ўқиб бер, илтимос». Мен Қуръондан тиловат қила бошладим, аммо қалбимда ҳадик, ҳаётим хавфда қолиш эҳтимоли юқори эди. Тиловат асносида ҳамроҳимга кўз қиримни ташладим-у, ҳайратдан қотиб қолдим. Чунки у юзларини кафти билан беркитиб олиб йиғларди. Қироатдан тўхтадим. Шу заҳоти унинг титроқли овози қулоғим остида жаранглади: «Нега тўхтадинг, ўқи, ўқийвер! Бундай сўзларни ҳеч эшитмаганман!» Тиловатни давом эттирдим. Қанчалик ихлосу муҳаббат билан ўқисам, у шунчалик кўп, елкалари силкиниб-силкиниб йиғларди. Бу ҳолатдан севинчим ичимга сиғмасди. Ўша кун ҳар доимгидан ўзгача, ҳеч қачон унутилмайдиган бўлиб қолди!

Эртасига тонгда машинага минганимизда, ҳамроҳим яна Қуръон ўқиб беришимни сўради. Мен эса олам-олам қувонч билан тиловат қила бошладим. Кўз ёшларимиз шашқатор келарди! Шу ҳолат такрор-такрор содир бўлди. Сафарларимиз файзи, қувончи ҳам шунда эди! Бу ҳолат иккимизнинг орамизда сирга айланди. Ҳа, бу Қуръоний сир эди. Орамизда илиқликка Қуръон сабаб бўлганди.

 

Раҳмонқул АЛИҚУЛОВ

“Мир Араб” олий мадрасаси ўқитувчиси

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 2-сонидан