Дунё янгиликлари

Юртдошимиз Магнитогорскда чинакам қаҳрамонлик кўрсатди

Чоп этилди Fevral 7, 2019 Юртдошимиз Магнитогорскда чинакам қаҳрамонлик кўрсатдиda fikr bildirishni o'chirish

Шу йилнинг 6 февраль куни Россия Федерациясининг Челябинск вилояти губернатори Борис Дубровский ва ҳудуднинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Маргарита Павлова Ўзбекистон фуқароси Оламафруз Абдуллаевга “Яхшилик қилишга шошилинг” (“Спешите делать добро”) медалини тантанали равишда топширди.
Маросим вилоят губернаторининг қароргоҳида бўлиб ўтди.

Фахрий ёрлиқда ёзилганидек, ватандошимиз “Россия Федерациясининг Конституцияси, Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларацияси ва Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги Европа Конвенцияси билан мустаҳкамлаб қўйилган инсон ва фуқаро ҳуқуқ ҳамда эркинликларини ҳимоя қилиш ишига қўшган улкан ҳиссаси учун” медаль билан тақдирланди.

Мазкур медаль Челябинск вилоятидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан таъсис этилган бўлиб, ҳар йили жамият учун муҳим ишларни амалга оширган ва оғир турмуш шароитларига тушиб қолганларга кўмаклашган шахсларга топширилади.

Хўш, юртдошимиз қайси хизмати учун бундай эътирофга муносиб кўрилди? Гап шундаки, 2018 йилнинг 31 декабрь куни Магнитогорск шаҳридаги тураржой биносида юз берган портлаш оқибатида жароҳатланганларга зудлик билан ёрдам кўрсатиш керак эди ва унда айнан ватандошимиз қаҳрамонлик кўрсатди. Оламафруз Фавқулодда вазиятлар вазирлигининг қутқарувчилари етиб келгунига қадар саккиз нафар кишининг вайроналар остидан чиқишига ёрдамлашди.

Ўзбекистоннинг Екатеринбург шаҳридаги Бош консулхонаси (Урал федерал округи) маълумотларига кўра, ўзининг мардонавор иши учун Оламафруз Абдуллаев Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири номидан ҳам қимматбаҳо совға ва Бош консулхонанинг фахрий ёрлиғини қабул қилиб олди.

 

О. ЛУТФУЛЛАЕВ (“Халқ сўзи”) тайёрлади.