Мақолалар

Ким намозни муҳофаза қилса…

Чоп этилди Yanvar 11, 2020 Ким намозни муҳофаза қилса…da fikr bildirishni o'chirish

Ҳикоя қилинишича, бир киши саҳрода юрар эди. Бир куни шайтон унга ҳамроҳ бўлди. У киши бомдод, пешин, аср, шом, хуфтон намозларини ўқимади. Ухлайдиган пайт бўлганида, ётишга ҳозирланди, шунда шайтон қоча бошлади. У шайтондан: “Нега мендан қочяпсан?” деб сўради. Шайтон: “Умрим давомида Аллоҳ таолога бир марта осийлик қилиб, малъун бўлдим. Сен эса, бир кунда беш марта осий бўляпсан. Аллоҳ таоло сенга азоб юборса, сенга қўшилиб мен ҳам азобга қолмай, деб қўрқиб қочяпман”, деди.

Ривоят қилишларича, кунларнинг бирида Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) намоз ҳақида гапириб: “Ким намозни муҳофаза қилса, қиёмат кунида намози унга нур, ҳужжат ва нажот бўлади. Ким намозни муҳофаза қилмаса, қиёматда унга нур ҳам, нажот ҳам, ҳужжат ҳам бўлмайди. Намозга бепарво бўлганлар, уни ўқимай зое қилганлар киёмат куни залолат ва қабоҳат аҳли билан бирга бўлади”, дедилар.

Яна Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан ривоят қилинади: “Ким намозни жамоат билан ўқишга аҳамият бермаса, Аллоҳ ундан ўн икки бало билан қасос олади. Учтаси дунёда, учтаси ўлим вақтида, учтаси қабрда, учтаси қиёматда. Дунёдаги учта қасос: Аллоҳ таоло унинг касби ва ризқидан баракани кўтаради; ундан солиҳларнинг нурини олиб ташлайди; у мўминлар қалбида ёмон кўрилиб қолади. Ўлим вақтидаги қасос: жони олинаётганда чанқаб, бутун дарёнинг сувини ичиб юборадиган даражада бўлади; жони қийинчилик билан чиқади; Аллоҳ сақласин, имонсиз кетиши ҳам мумкин. Қабридаги уч қасос: унга Мункар ва Накирнинг саволи қаттиқ бўлади; қабри қоп-қоронғи бўлади; қабри тораяди, ҳатто қовурғалари бир-бирига киришиб кетади. Қиёматдаги уч қасос: унга ҳисоб-китоб қаттиқ бўлади; Рабби унга ғазаб қилади; уни дўзах билан азоблайди”. Шунинг учун азонни эшитган кишига жамоатни тарк қилишга рухсат йўқ. Чунки жамоат билан ўқиш суннати муаккада, яъни таъкидланган суннатдир.

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг муборак васиятлари” китобидан (1-жилд)

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 30 000 сўм