Мақолалар

Исо алайҳиссаломнинг дастурхони

Чоп этилди Yanvar 13, 2020 Исо алайҳиссаломнинг дастурхониda fikr bildirishni o'chirish

Усмон ибн Наҳдий Салмон Форсий розиял­лоҳу анҳудан ривоят қилади: «Ҳаворийлар дастурхон сўрашганида, Исо алайҳиссалом қаттиқ ранжиди ва: “Аллоҳ таоло сизга ерда ризқ қилиб берган нарсалар билан қаноат­ланинг. Осмондан дастурхон тушишини талаб этманг. Чунки бу сизга Парвардигордан оят-мўъжизага айланади. Самуд қавмини Пайғамбаридан мўъжиза сўрашлари ҳалок этган”, деб ҳаворийларни огоҳ­лантирди.

Лекин улар талабларидан воз кечишмади. Балки: “Биз ундан (зиёфатдан) еб, кўнглимиз хотиржам бў­лишини ва сенинг ростгўй­лигингни билиб, (сўнгра) унга (дастурхонга) гувоҳлик беришни истаймиз” (Моида сураси, 113-оят), дейишди».

Исо алайҳиссаломнинг ҳа­­ворийлар учун дастурхон сўрашдан ўзга чораси қол­магач, таҳорат олиб, масжид­га кирди ва намоз ўқиди. Ибодатини тугатиб, ўрнидан турди ва қиблага юзланди. Қадамини текислади. Тўпиқ­ларини бирлаштирди. Кўк­сининг устига аввал чап, ке­йин ўнг қўлини қўйди. Кў­зи­ни юмди. Бошини хушу би­лан эгди. Кўзёшлари со­қолини, ҳатто ерни ҳам ҳўл қилиб юборди. Сўнгра Аллоҳ таолога: «Эй Раббимиз – Аллоҳ! Бизга осмондан (бир) дас­турхон туширгинки, у аввалу охиримиз учун байрам ҳамда Сендан (бизга) мўъжиза бўлсин. Бизни (ундан) ризқлантир! Сен ризқлантирувчиларнинг яхшисидирсан» (Моида сураси, 114-оят), дея дуо қилди.

Парвардигор уларга икки булут орасида, яъни бир булут тепасида, иккинчиси эса тагида бўлган қизил дастурхон туширди. Барчалари осмондан дастурхонни кузатиб туришди. Исо алайҳиссалом Парвардигорнинг ҳаворий­ларга қўйган шартидан қат­тиқ хавотирда эди. Чунки мўъжиза тушгандан сўнг улардан бирон киши куфр келтирса, Парвардигор оламда ҳали бирон кимсани жазоламаган жазо билан азоблашини айтган эди. Шу боис у турган жойида Раббига дуо қилди: “Ё Аллоҳ, уни бизга раҳмат қил. Илоҳим, дастурхонни азоб қилма. Қанчадан-қанча ажойиботларни Сендан сўрадим, барини бердинг. Илоҳим, бизни Ўзингга шукр қилувчилардан этгин. Ё Аллоҳ, дастурхонни бизга омонлик ва офият айла”.

Исо алайҳиссалом ушбу дуони тугатиши билан дас­турхон унинг олдига келиб тўхтади. Ҳаворийлар атрофида эди. Тўпланганлар шун­дай бир ширин ифорни ту­йишдики, илгари бу каби муаттар исни ҳидлашмаганди. Ўзлари ўйламаган тарафдан ризқлантиргани учун Исо ва ҳаворийлар шу заҳоти Аллоҳ таолога шукр саждасини қи­лишди. Ажойиботлар ҳамда ибратларга тўла мўъжизанинг гувоҳига айланишди. Бани Исроил бу ажойиботларни кўрди. Уларни мотам, ғам ўраб олди. Сўнгра ғазаб билан тарқалиб кетишди.

Исо алайҳиссалом ва ҳа­ворийлар дастурхон атрофига ўтиришди. Дастурхон ўртасида тугилган рўмолча турарди. Исо алайҳиссалом:

– Орамизда ушбу рўмол­чани очишга журъати етадиган, ўзига ишонган, Рабби ҳузуридаги балога чидамли киши борми? Агар топилса, мана шу оят-мўъжизани очиб кўрсин. Биз эса Раббимизга ҳамд айтиб зикр қиламиз, неъматидан ризқланамиз, – деди.

– Эй Аллоҳнинг пайғамба­ри ва калимаси. Буни очишга фақат сиз лойиқ ва ҳақлисиз, – де­йишди ҳаворийлар.

Исо алайҳиссалом ўрнидан турди. Таҳоратини янгилади. Масжидга кириб, икки ракат намоз ўқиди. Раббидан уни очишга рухсат сўради. Қавмига барака ва ризқ бўлишини сўраб дуо қилди. Қайтиб бориб дастурхон атрофига ўтирди ва рўмолчага қўл узатаркан: “Раззоқларнинг энг олийси Аллоҳ исми билан бошлайман” деб, уни очди. Кўрсалар, унда қовурилган катта балиқ турибди. Усти сип-силлиқ. Қовурилган балиқларда бўладиган пуфакчалар унда кўринмасди. Қилтаноғи ҳам йўқ. Ёғи оқиб ётарди. Ёнида кўк пиёздан бошқа барча кўкатлар бор. Бошида сирка, думида эса туз турарди. Кўкатлар атрофида бешта нон. Бирининг устида зайтун, бошқасида мевалар ва энг охиргисида беш дона анор.

Ҳаворийларнинг раҳбари Шамъун сўради:

– Эй Аллоҳнинг пайғамба­ри ва калимаси, бу дунё таомлариданми ёки жаннатникими?

– Сизларга оят-мўъжизадан ибратланиб, савол беришдан тўхташ вақти келмадими? – деди Исо алайҳиссалом.

– Исроилнинг Илоҳи ҳақи, эй Сиддиқанинг ўғли Исо, мен саволни назарда тутмадим, – дея ўзини оқлашга уринди Шамъун. Исо алайҳиссалом:

– Ушбу оят-мўъжиза сабабидан уқубатга учрашингиз мумкинлиги мени хавотирга солмоқда. Бу жаннатнинг ҳам, дунёнинг ҳам таоми эмас. Балки у Парвардигор олий қудрат билан пайдо этган нарсадир. Аллоҳ таоло унга: “Бўл” деди ва у кўз очиб юмгунча пайдо бўлди. Сўраган нарсангизни Аллоҳнинг исми билан енг. Парвардигорга ҳамд айтинг. Уни сизга давомли ва кўпайтириб берсин. Албатта, Аллоҳ йўқдан бор қилувчи, Қодир ва Шокирдир.

Ҳаворийлар:

– Эй Аллоҳнинг пайғамба­­ри ва калимаси. Биз яна мўъ­жиза кўришни истаймиз, – де­йиш­ди. Исо алайҳиссалом:

– Субҳаналлоҳ! Ушбу мўъ­жиза билан қаноатлан­май, ­кейингисини сўрамоқдами­сиз?! – деб балиққа қаради ва: – Эй балиқ, Ал­лоҳнинг изни билан тирил, – деди.

Парвардигорининг изни ила балиқ тирилди. Сув ичди, кўзларидан нур порлади. Қавм бирданига даҳшатга тушиб, ўзларини четга олишди. Исо алайҳиссалом уларнинг бу ҳолларини кўриб:

– Нима учун мўъжиза сўрай­сиз-у, Раббингиз уни кўрсатга­нида эса, ёқтирмайсиз? Қила­ётган ишингиз сабабли азобга гирифтор бўлишин­гиздан қўр­қаман! Эй балиқ, Аллоҳ тао­лонинг изни билан олдинги ҳолингга қайт, – деди.

Балиқ қовурилган ҳолига қайтди. Шунда ҳаворийлар Исо алайҳиссаломга:

– Эй Аллоҳнинг пайғамба­ри, ба­лиқдан ейишни ўзингиз бош­лаб беринг, – дейишди.

– Дастурхон сўраганлар биринчи бошлайди, – деди Исо алайҳиссалом.

Ҳаворийлар Пайғамба­ри­нинг балиқдан татиб кўр­ма­ганини баҳона қилиб, шунингдек унинг сабабидан ке­ладиган жазодан қўрқиб ўз­ларини четга олишди. Улар­нинг бу ҳолларини кузатиб турган Исо алайҳиссалом фа­қир ва беморларни чақир­ди. Уларга: “Раббингиз ризқи­дан еб, Аллоҳ таолога ҳамд айтинг. Уқубат бошқаларга бў­лади. “Бисмиллаҳ”ни айтиб еяверинг. Ҳамд айтиш билан якунланг”, деб тушунтирди.

Балиқдан уч юз минг эр­как ва аёл еди. Исо алайҳис­салом ва ҳаворийлар ба­лиқнинг осмондан тушган аввалги ҳолидек, ҳеч камаймаганини кўришди. Кейин дастурхон осмонга кўтарилиб кетди. Қолганлар кузатиб қолишди.

Балиқдан еган ҳар бир фа­қир бойиди, касаллар ту­залди. Ҳаворийлар балиқ­ни еб кўрмаганларидан афсусланишди. Сўлаклари оқ­ди. Вафот этгунларига қадар ҳасрат билан яшашди.

Сўнг Аллоҳ таоло Исо алай­­ҳиссаломга: “Ушбу дас­тур­хон­ни етим, фақир ва касал­ларга ризқ қилдим. Бойлар­га эмас”, деб ваҳий туширди. Шунда бойлар шубҳаланди, бошқаларни ҳам шубҳалантиришди. Дас­турхон тўғрисида ёмон гап­ларни тарқатишди. Шайтон шубҳаланганлар қалбига васваса солди. Ҳатто улар Исо алайҳиссаломга: “Дас­турхоннинг осмондан тушгани ростми? Кўпчилик гумон­да”, дейишди. Исо алайҳиссалом: “Масиҳнинг Илоҳига қасам­ки, ҳалок бўлдингиз. Пайғамба­рингиздан Раббингиз дастурхон туширишини талаб этдингиз. Сизга раҳмат ва ризқ этиб, мўъжиза ва ибратни кўрсатгандан кейин ҳам уни ёлғонга чиқардингиз, шубҳа қилдингиз. Агар Аллоҳ раҳм этмаса, сизларга аниқ азоб тушади”, деб айтди.

Аллоҳ таоло Исо алайҳис­саломга: “Мен (оят-мўъжи­зам­ни) ёлғонга чиқарган­ларни ўз шартим билан азоблайман. Дастурхон тушгандан кейин кофир бўлганларни мисли кўрил­маган азоб билан жазолайман”, деб ваҳий қилди.

Кеч тушгач, шубҳа қилувчи­лар ўринларига хотиржам кириб ётишди. Туннинг охири­да Аллоҳ таоло уларни чўч­қаларга айлантирди. Сўнг улар чи­қиндихоналарда ахлат ти­­тадиган бўлишди» (Имом Термизий, Имом Қуртубий ривояти).

Ибн Касир тафсири асосида

Юлдуз КОМИЛОВА тайёрлади.

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан