Мақолалар

Фаросатнинг моҳияти ҳақида

Чоп этилди Yanvar 14, 2020 Фаросатнинг моҳияти ҳақидаda fikr bildirishni o'chirish

Абу Умома (розияллоҳу анҳу) Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)дан шундай ривоят қилади: “Мўминнинг фаросатидан сақланинглар! Чунки у Аллоҳнинг нури билан назар солади”.

Фаросат “фурусият” сўзидан олинган бўлиб, отга тана аъзолар билан миниб чопишни – чавандозликни англатади. Қалб кўзининг нури билан чопиш (ҳаракат қилиш) эса фаросатдир. Чавандозлик билан дунё масофаси кесиб ўтилса, Аллоҳнинг нури билан эса ғайб масофаси босиб ўтилади. Бунинг сабаби шундаки, нарсаларга ишора қиладиган далил ва белгилар мавжуд бўлиб, Аллоҳ ўзи яратган мавжудотларига буни белги қилиб қўйган. Аллоҳнинг нури банда билан бу белгиларни идрок қилади, ҳатто ҳали содир бўлмаган нарсаларни ҳам идрок қилади.

Ривоят қилишларича, Умар ибн Хаттоб (розияллоҳу анҳу) юксак фаросат соҳиби бўлган.

Бу ҳақда Абдуллоҳ ибн Салама (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: “Биз мазҳажлик бир гуруҳ одамлар билан бирга Умар (розияллоҳу анҳу) ҳузурига кирдик. Мен Умар (розияллоҳу анҳу)га яқинроқ ўтирган эдим. Умар (розияллоҳу анҳу) Аштар[1]га нигоҳини қадаб тикилиб қолди ва: “Бу сизларданми?”, деб сўради. Мен: “Ҳа, эй мўминлар амири, бу Молик ибн Ҳорис”, дедим. Умар (розияллоҳу анҳу): “Унга нима бўлган? Аллоҳ уни ҳалок қилсин! Аллоҳ Муҳаммад (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг умматини унинг ёмонлигидан асрасин! Аллоҳга қасамки, у сабабли мусулмонлар қийин кунларга дучор бўлади, деб ўйлайман”, деди”.

Ибн Умар (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: “Умар (розияллоҳу анҳу) бирор нарсадан ҳазар қилиб гапирса, шу нарса албатта содир бўлар эди”.

Анас (розияллоҳу анҳу) ривоят қилган ҳадисда Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) шундай де­ганлар: “Аллоҳнинг шундай бандалари борки, улар инсонларни бир қарашдаёқ таниб оладилар”.

Абу Саид (розияллоҳу анҳу) шундай ривоят қилади: “Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) қуйидаги оятни шарҳлаб: “Албатта, бу (ҳодиса)да фаросатли кишилар учун аломатлар бордир” (Ҳижр, 75) “Фаросатлилар учун”, деганлар”.

Тавассум (бир қарашда таниб олиш) араб тилидаги “симатун” (белги) сўзидан олинган бўлиб, бу сифатга эга инсонлар Аллоҳнинг ишлардаги белги ва аломатларини танийдилар. Фаросат эса – қалб Аллоҳнинг нури билан чопиб, ҳали содир бўлмаган ишларни идрок қилиши демакдир. Умар (розияллоҳу анҳу) ҳақидаги ривоят ҳам шунга мисолдир. Ҳасан Басрий (розияллоҳу анҳу) шундай деган: “Амр ибн Убайд (розияллоҳу анҳу) басралик йигитларнинг саййиди бўлади, агар бидъатга қўл урмаса”. Шунингдек, Ҳасан Басрий (розияллоҳу анҳу) Айюб (розияллоҳу анҳу) ҳақида: “У басралик йигитларнинг саййиди”, деб истисно қилмасдан гапирган. Шаъбий (розияллоҳу анҳу) Довуд Авдий билан баҳслашаётганда унга: “Сен бошинг куймасдан ўлмайсан”, деган экан. Шундай ҳам бўлган.

Ҳасан Басрий (розияллоҳу анҳу) Айюб (розияллоҳу анҳу) ҳақида: “У басралик йигитларнинг саййиди”, деб истисно қилмасдан гапирган. Агар банданинг қалби Аллоҳ нури билан тўлса, унинг қалб кўзлари нур билан боқади ва садри (кўкраги)да васф қилиб бўлмайдиган нарсаларни кўради. Фаросат Аллоҳ томонидан бандага берилган неъматдир.

[1] Молик ибн Ҳорис ибн Абдуяғус ибн Маслама ибн Рабиъа ибн Ҳорис ибн Ҳузайма ибн Молик ибн Нахаъ Нахаъий (розияллоҳу анҳу) саҳобийлардан бўлган. Ярмукда бир кўзидан жароҳат олади. Шунинг учун “Аштар” (кўзи ўйилган) лақабини олади. Заҳабийнинг таъкидлашича, Аштарнинг хулқи ёмон бўлган. У Усмон ибн Аффон (розияллоҳу анҳу)га қарши чиққан ва у зотни қамал қилишда қатнашган, лекин Усмон (розияллоҳу анҳу)га уюштирилган суиқасдда иштирок этмаган. Аштар (розияллоҳу анҳу) Али ибн Толиб (розияллоҳу анҳу) тарафдорларидан бўлиб, Сиффин ва Жамал жанг­ларида қатнашган. Кейинчалик Али (розияллоҳу анҳу) уни Мисрга волий қилиб жўнатади. Аммо Аштар (розияллоҳу анҳу) йўлда заҳарланиб вафот этади. Айтишларича, уни Усмон (розияллоҳу анҳу)нинг қули асалга заҳар қўшиб заҳарлаган. Умар (розияллоҳу анҳу) узоқни кўра олиш қобилиятига суяниб, Аштар (розияллоҳу анҳу)нинг келажакда Усмон (розияллоҳу анҳу)­га қарши курашган фитначиларга аралашиб қолишини башорат қилган эди.

 

 

Абу Абдуллоҳ Ҳаким ТЕРМИЗИЙнинг

“Орифлар тасаллиси” сайланмасидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.

Нашриётдан харид нархи 18000 сўм