Мақолалар

Фиқҳда фойдали китоб

Чоп этилди Yanvar 14, 2020 Фиқҳда фойдали китобda fikr bildirishni o'chirish

Абулқосим Носируддин Муҳаммад ибн Юсуф Ҳасаний (баъзи манбаларда Ҳусайний) Самарқандий Ҳанафий (ваф. 556/1161) XI аср охири – XII аср ўрталарида Самарқандда яшаб ижод этган алломадир. Олим 1140–1148 йиллар мобайнида Макка, Мадина ва Бағдод каби шаҳарларга сафар қилиб, турли илм соҳаларини эгаллайди. Унинг фиқҳ илмига оид 9 та асари бўлиб, “Ал-фиқҳ ан-нофеъ” асари улардан бири саналади.

Шунингдек, аллома Қуръон илмлари, ақида, одоб-ахлоқ, тарих ва тил каби илм­ларда ҳам китоблар таълиф этган ва улар­нинг бир қанчаси бизгача етиб келган. Олимнинг ҳаёти ва илмий фаолияти ҳа­ли тўлиқ ўрганилмаган. Бу асар “Фуруъ ал-фиқҳ” илмига оид мумтоз манбалардан бў­либ, тахминан, XII аср ўрталарида ёзилган. Ҳожи Халифа асарнинг ёзилиш тарихи ҳақида бундай дейди: “Ан-нофеъ фий шарҳи Мух­тасари Қудурий”, “Ан-нофеъ фил фуруъ” аса­ри муаллифи Шайх Имом Носируддин Абулқосим Муҳаммад ибн Юсуф 555/1160 йилда мухтасар китоб таълиф қилади. Асар фиқҳ илмига оид бўлиб: “Мендан инсонлар фиқҳ илмига оид фойдали китоб ёзишимни сўрадилар. Аллоҳ таолодан ёрдам сўраган ҳолда, саҳиҳ ривоятлар асосида фиқҳ илмининг назарий асосини китобда жамладим. Уни “Ал-фиқҳун нофеъ” деб номладим”, де­ган жумлалар билан якунланади.

Демак, бу асар XII аср ўрталарида, яъни муаллиф ҳаётининг сўнгги йилларида ёзилган. Асар ҳанафий фиқҳи назарияси бўйича асосий китоб сифатида бир неча асрлар мобайнида толиби илмларга ўқитилган.

Унинг аҳамияти борасида аллома Аб­дулҳай Лакнавий: «Ан-нофеъ” асари мух­тасар бўлишига қарамасдан, Аллоҳ таоло уни кўпчиликка манфаатли қилган», деб таъриф беради.

Бугунги кунда асарнинг дунё бўйлаб тар­қалган ўттиздан ортиқ қўлёзма нусха­лари маълум. Бу қўлёзмалар дунёнинг энг йирик кутубхоналарида, жумладан, Ирландия, Туркия, Сурия, Саудия Арабистони кутубхоналарида сақланяпти.5 Асарнинг номи унинг қўлёзма нусхаларида “Китабун нофеъ” ёки “Китабун нофеъ фил фиқҳ” ё “Ан-нофеъ” деб ёзилган. Аммо унинг “Ал-фиқҳун нофеъ” деган номи кенг тарқалган.

Асарнинг умумий тузилиши 64 та китоб (бўлим), 53 та боб ва катта-кичик 146 та фаслдан иборат. Асар “Китабут таҳорат” (Таҳорат бўлими)дан бошланиб, “Китабул хунаса” (Ху­насалар ҳақидаги бўлим) билан якунланган. Айрим қўлёзмаларда асар “Китабул фароиз” (Мерос бўлими) ёки “Китабул васоя” (Васиятлар бўлими) билан тамомланган. Шунингдек, “Ал-фиқҳун нофеъ” асарига кейинги аср олимлари кўплаб шарҳлар ёзишган. Аллома Абул Баракот Насафий бу асарга “Ал-Мустасфо” деб номланган шарҳ ёзгани ҳам унинг қанчалик қимматли манба эканидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, Носируддин Са­марқандийнинг “Ал-фиқҳ ан-нофеъ” асарини тадқиқ этиш ҳанафий фиқҳининг XI–XII асрдаги ҳолатини ўрганишда, диний-ижтимоий муносабатларда юзага келадиган масалаларни ҳал этишда муҳим аҳамият касб этади. Шунингдек, аллома Самарқандийнинг ибратли ҳаёти ва одоб-ахлоққа оид асарлари ёш авлодни комил инсон қилиб тарбиялашда дастуриламал бўлиб хизмат қилади.

Бекзодбек МУХТАРОВ

Ўзбекистон халқаро ислом академияси таянч докторанти

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан