Мақолалар

Ҳеч қачон тўймагин

Чоп этилди Yanvar 14, 2020 Ҳеч қачон тўймагинda fikr bildirishni o'chirish

Ибн Аббос (розияллоҳу анҳумо)дан ривоят қилинади:

Мен ёш болалар билан ўйнаб юрган эдим. Тўсатдан Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) келиб қолдилар. Мен у кишидан беркиндим. У зот менинг олдимга келиб, бир-икки шапалоқ ургандай бўлдилар ва ўз заруратлари сабабли мени Муовияни чақириб келишга жўнатдилар. Мен Муовиянинг ҳузурига борганимда у овқат еяётган эди. Мен: “Бориб келдим, овқатланаётган экан”, дедим. Иккинчи марта жўнатдилар. Муовия ҳали ҳам овқат еяётган экан. Келиб: “Бордим, овқатланаётган экан”, дедим. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам): “Унинг (Муовиянинг) қорнини Аллоҳ ҳеч қачон тўйғизмасин”, дедилар. Шундан сўнг у ҳеч қачон тўймади[1].

Ибн Касир деди: «Муовия (розияллоҳу анҳу) шундан кейин ҳеч қачон тўймаган. Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг бу дуолари, айниқса, Муовиянинг амирлик вақтига мувофиқ келади. Айтишларича, Муовия (розияллоҳу анҳу) бир кунда етти мартагача гўштли таом еса ҳам “Аллоҳга қасам, тўймадим”, дер экан.

Бу иш Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам)нинг дуолари мустажоблигига биноан ва Аллоҳ таолодан синов учун фақат Муовияга хосдир. Бу дуо Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) томонидан Муовия (розияллоҳу анҳу)­дан аччиқланиш ёки ғазабланишга биноан бўлган эмас.

[1] Имом Байҳақий. “ад-Далоил”.

 

 

Усмонхон АЛИМОВнинг

“Расулуллоҳ (соллаллоҳу алайҳи ва саллам) мўъжизалари” китобидан

Асар “Мовароуннаҳр” нашриётида чоп этилган.