Мақолалар

Виждон эркинлиги: кеча ва бугун

Чоп этилди Yanvar 14, 2020 Виждон эркинлиги: кеча ва бугунda fikr bildirishni o'chirish

Виждон эркинлигини тартибга солувчи дастлабки норматив ҳуқуқий ҳужжатлар 1929 йилда қабул қилинган “Диний бирлашмалар тўғрсида”ги қарор ҳамда собиқ иттифоқ Конституциясининг 52-моддаси эди.

Мазкур ҳужжатларда гўё фуқароларнинг виждон эркинлиги кафолатланиши, ҳар қандай динга эътиқод қилиш, диний маросимларни ўтка­зиш борасида чекланмаган ҳу­қуқлари эълон қилинган эди. Лекин буларнинг барчаси қо­ғоздаги гап бўлиб, “олий ҳуж­жатлар”даги ваъдалар билан реал воқелик орасида улкан жарлик бор эди. Масалан, илгариги конститу­циялар моддаларида фуқаролар­га “виждон эркинлиги, яъни хоҳ­лаган динга эътиқод қилиш ёки бирорта динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқи кафолатланиши” баробарида, “диний сиғинишни ёхуд атеистик тарғиботни амалга ошириш ҳуқуқи” ҳам берилган эди. Амалда эса одамларнинг “хоҳлаган динга эътиқод қилиши, диний сиғи­нишни амалга ошириши” син­гари ҳуқуқлари саробга айлантирилиб, билган ва билмаган­нинг “атеистик тарғиботни амалга ошириш ҳуқуқи” кенгайиб борган. Бошқача айтганда, диндорлар ҳуқуқлари энг кўп камситилган тоифа эди.

Мустақилликка қадар юр­тимизда диндорлар сифа­тида фақат пенсионерлар (ёши улуғ инсонлар) тан олинар, аҳолининг бошқа қатламларининг диний таш­килотларга бориши учун чеклов эди. Конституцияга кў­ра, диннинг давлатдан аж­ратилганини баҳона қилиб, диний таълим муассасаларининг моддий-техник таъминотига мутлақо эътибор қаратилмас, диний таълимга беписанд муносабатда бўлинарди.

Ҳаж сафарига бориш фақат 1945 йилдан эътиборан бошланган бўлиб, ҳар йили собиқ итти­фоқ бўйича 10–15 нафар, Ўз­бекис­тон­дан эса 3–4 нафар фу­қаро бу зиёратга боришга му­ваффақ бўларди.

Истиқлол арафасида Ўзбе­кистондаги динлар ва диндор­ларга муносабат тубдан ўз­гарди, яъни 1991 йил 14 июнь куни “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги қонуннинг қабул қилиниши динлар ва диндорлар ҳақ-ҳу­қуқларини таъминлашда тарихий аҳамият касб этди.

1992 йил 8 декабрь куни қа­­бул қилинган Ўзбекистон Рес­­публикаси Конституцияси бу борадаги давлат сиёсатининг, ўзаро муносабатларнинг ус­тувор йўналишини белгилаб берди. Конституциямизнинг 31-моддасида: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолат­ланади. Ҳар бир инсон хоҳ­лаган динга эътиқод қилиш ёки ҳеч қайси динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Ди­ний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмай­ди”, деб белгилаб қўйилган.

Ижтимоий муносабатларнинг ривожланиб бориши ҳар қандай қонунга ўзгартириш ёки қўшимчалар киритишни тақозо этади. Шундан келиб чиқиб, 1998 йил 1 май куни Ўзбекистон Республикаси­нинг “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғриси­да”ги қонуни янги таҳрирда қабул қилинди.

Бош Қомусимизда белги­ланган бу ҳуқуқий меъёр эр­кин ҳаётнинг, фуқаролар эътиқодий истак-хоҳишла­рининг мустаҳ­кам кафолати сифа­тида хизмат қилмоқда.Ўт­ган йиллар давомида юрти­миздаги диний ташкилотлар сони тобора ортиб борди. Агар мустақилликкача фақат 211 та диний ташкилот бўлган бўлса, ҳозир рес­публикамизда турли динлар, конфессияларга қарашли 2100 га яқин ташкилот фаолият олиб бормоқда.

Ҳозир виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар фаолиятини тартибга солувчи ўнга яқин қонун ҳужжатлари мавжуд. Бу эса мамлакатимизда виждон эркинлигини таъминлаш, миллатлараро тотувлик, диний бағрикенгликнинг муҳим ҳуқуқий асоси бўлиб хизмат қилмоқда.

Жаҳонгир ХАТАМОВ

Ўзбекистон мусулмонлари идораси ходими

“Ҳидоят” журналининг 2019 йил, 12-сонидан